Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва қонун устуворлигини мустаҳкамлаш

  • 28.08.2025
  • 42 марта ўқилди

Сўнгги йилларда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг қонунчилик ва ташкилий-ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш билан бирга, бу соҳадаги миллий қонунчилигимиз инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро-ҳуқуқий стандартларга етарлича мувофиқлаштирилди.

Ҳозирга қадар давлатимиз инсон ҳуқуқлари бўйича 80 дан ортиқ халқаро ҳужжатларга, жумладан Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 6 та асосий шартномаси ва 4 та факультатив протоколига қўшилган бўлиб, уларнинг амалга оширилиши юзасидан БМТнинг тегишли идораларига миллий маърузаларни тақдим этиб келмоқда.

Шунингдек, Ўзбекистон халқаро нормаларга мувофиқ, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари таълими соҳасидаги Бутунжаҳон дастурида фаол иштирок этмоқда.

Бундан ташқари, “Жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш концепцияси” ва БМТнинг “Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбия тўғрисида”ги декларацияси қоидаларини амалга ошириш бўйича “Миллий ҳаракат” дастурининг ижроси юзасидан комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Давлат органлари ва ташкилотлари, фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари, таълим муассасалари билан ўзаро ҳамкорликда аҳоли ўртасида умуминсоний қадриятлар, инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш ва бунга риоя қилиш тамойилларини оммалаштиришга, шунингдек, фуқароларнинг ҳуқуқий ахборотдан фойдаланишини амалда таъминлаш жараёнига кенг жалб этилган.

Мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари бўйича қонунчиликнинг такомиллаштирилиши, бу борада олиб борилаётган ислоҳотларни амалга оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда. 

Жумладан, миллий қонунчиликни инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро-ҳуқуқий стандартлар билан уйғунлаштириш бўйича кўрилган чора-тадбирлар ва уларнинг натижалари жамиятимизда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлашга қаратилган ишлар изчил амалга оширилаётганлигининг ёрқин ифодасидир.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 22 июндаги “Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг миллий стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармонида суд-ҳуқуқ соҳасини янада демократлаштириш, Конституция устуворлиги, қонун олдида тенглик, инсонпарварлик, адолатлилик, суд ҳокимиятининг мустақиллигини таъминлаш, суд жараёнига тортишув тамойилларини татбиқ этиш, аҳолининг одил судловга бўлган ишончини ошириш, тергов устидан суд назоратини кучайтириш бўйича чора-тадбирлар мажмуи белгиланган.

Шунга кўра, қонунчилигимизни БМТнинг Қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллашга қарши конвенцияси (Нью Йорк, 1984 йил 10 декабрь) талабларига мослаштириш мақсадида Жиноят кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Шунингдек, судларда ишларни кўриб чиқишда адолатни, очиқлик ва шаффофликни таъминлаш учун “Электрон одил судлов” тизими жорий этилди. Келгусида судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш, рақамлаштириш жараёнларини жадаллаштириш ва суд ишларини юритишда қоғоз шаклидан воз кечиш мақсадида “Рақамли суд” концепцияси асосида ишларнинг юритилишини босқичма-босқич электрон шаклга ўтказиш белгиланган. Шу муносабат билан суд-ҳуқуқ соҳасида маъмурий, жиноий, жиноят-процессуал ва жиноят-ижроия қонунчилиги такомиллаштирилиб, инсонпарварлик тамойилларига мослаштирилмоқда. Афв этиш ва жамоат бирлашмаларининг кафиллиги остида маҳкумларни жазодан озод қилишнинг мутлақо янги тартиби жорий этилди. Маълумотларга қараганда, кўрилган чора-тадбирлар натижасида озодликдан маҳрум қилиш жойларида сақланаётган маҳкумларнинг сони 2,5 баравар камайган.

Шу билан бирга, суд жараёнларида тенглик ва тортишув тамойилларини жорий қилиш, адвокатурани мустақил, ишончли ҳуқуқни ҳимоя қилувчи институтга айлантириш, малакавий юридик ёрдам сифатини ҳамда адвокат касбининг нуфузини ошириш, инсон ҳуқуқлари соҳасида ихтисослашган ҳуқуқшуносларни тайёрлаш йўналишлари такомиллаштирилди. Фуқароларни тенгсизликнинг ҳар қандай кўринишларидан ҳамда аҳолининг айрим қатлам вакилларини  камситишлардан ҳимоя қилиш тизими йўлга қўйилди. Инсон ҳуқуқлари ва гендер тенглик масалалари бўйича узлуксиз таълим беришни ривожлантириш, жамиятда қонунларга ҳурмат билан ёндашувни ва уларга оғишмай амал қилиш кўникмаларини шакллантиришнинг замонавий усуллари жорий этиб борилмоқда.

Кейинги йилларда Омбудсман (Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил) ва инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий маркази фаолиятлари тобора такомиллашиб, инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ кечаётган ислоҳотларга ҳамоҳанг тарзда ривожланаётганлигини кузатиш мумкин. Инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш фуқароларнинг бу соҳадаги мурожаатлари билан ишлаш фаолиятининг асл моҳиятини англатади.

Шунингдек, янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида инсон ҳуқуқларига оид қоидалар сони 3,5 баробарга оширилиб, инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга доир нормалар Бош қомусимизнинг қарийб 50 фоиздан ортиғини ташкил этади.

Асосий қонунимизга “Миранда қоидаси” ва “Хабиес корпус” институти каби янги ҳимоя воситалари конституциявий норма сифатида мустаҳкамлаб қўйилди. Буларнинг барчаси инсон ҳуқуқлари соҳасида кечаётган ислоҳотларнинг изчиллиги ва барқарорлигини таъминлашга хизмат қилади.

Хулоса қилиб айтганда, мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга оид қонунчилигимиз халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ равишда такомиллаштирилиб борилмоқда. Эндиликда асосий вазифамиз ана шу қонунчилик ҳужжатлари қоидаларига оғишмай амал қилиш орқали жамиятда  қонун устуворлигини таъминлашга кўмаклашишдан иборат бўлмоғи лозим.

“Мадад” ННТ Ижрочи директори маслаҳатчиси Қ.Тоғаев,

“Мадад” ННТ матбуот котиби - бош мутахассис Ш.Мажидов
 

Chat