Бош прокуратура Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга қўшимча киритишни назарда тутувчи қонун лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига қўйди.
Таклифга кўра, ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар бериш мажбурияти юклатилган давлат органи ёки бошқа ташкилот ходими тегишли маълумотни ички ишлар органлари ҳамда «Инсон» ижтимоий хизматлар марказларига етказмаса, бу маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳисобланиши мумкин. Кодексни янги 188-5-модда билан тўлдириш режалаштирилмоқда.
Биринчи марта бундай ҳуқуқбузарлик содир этилганда фуқаролар ва ходимларга 3 БҲМдан 5 БҲМгача — 1 млн 320 минг сўмдан 2 млн 200 минг сўмгача жарима қўллаш таклиф этилмоқда.
Мансабдор шахслар учун эса жазо оғирроқ бўлиб, 5 БҲМдан 10 БҲМгача, яъни 2 млн 200 минг сўмдан 4 млн 400 минг сўмгача жарима белгиланиши мумкин.
Агар худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо қўлланилганидан кейин бир йил ичида такроран содир этилса, жарима миқдори яна оширилади.
Бунда фуқаролар ва ходимлар учун 5–10 БҲМ — 2,2 млндан 4,4 млн сўмгача, мансабдор шахслар учун эса 10–15 БҲМ — 4,4 млндан 6,6 млн сўмгача жарима назарда тутилмоқда.
Лойиҳада назарда тутилган ҳуқуқбузарликларга оид ишларни жиноят ишлари бўйича судлар кўриб чиқиши таклиф қилинган.
Эрта никоҳларни аниқлаш ва уларни яшириш ҳолатларининг олдини олиш бўйича механизмлар аввалроқ Президентнинг 2026 йил 3 мартдаги ПФ–33-сон Фармонида белгиланган эди.
Унга мувофиқ, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, ФҲДЁ, таълим ва тиббиёт муассасалари ҳамда диний ташкилотлар вакилларига эрта никоҳ ва 16 ёшгача бўлган ҳомиладорлик ҳолатлари ҳақида ички ишлар органлари ва «Инсон» марказларига хабар бериш мажбурияти юклатилган.