Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

2027 йилдан импортда ҚҚСни тўлашнинг янги тартиби жорий этилади

  • 03.11.2026
  • 20 марта ўқилди

2027 йил 1 январдан тадбиркорлар товарларни импорт қилишда тўланиши лозим бўлган қўшилган қиймат солиғини (ҚҚС) товарлар ва хизматларни реализация қилиш бўйича солиқ органларида мавжуд ортиқча ҚҚС маблағлари ҳисобидан қоплаш имкониятига эга бўлади. Жараён солиқ ва божхона органларининг ахборот тизимлари орқали автоматик амалга оширилади.


Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Солиқ қўмитасининг қарори билан «Товарларни импорт қилишда ва товарларни (хизматларни) реализация қилишда тўланадиган қўшилган қиймат солиғи суммаларини ўзаро ҳисобга олиш тартиби тўғрисида»ги низом тасдиқланди.

Мазкур ҳужжат Адлия вазирлиги томонидан 2026 йил 31 октябрда 3966-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилди.

Ортиқча ҚҚС импортдаги солиқ тўловига йўналтирилади

Янги тартибга кўра, солиқ тўловчининг товарлар ёки хизматларни реализация қилиш натижасида солиқ органларида шаклланган ҚҚС бўйича ортиқча тўлови мавжуд бўлса, ушбу маблағ товарларни импорт қилишда божхона органларига тўланиши лозим бўлган ҚҚС суммасига ҳисобга олиниши мумкин.

Яъни тадбиркор солиқ органларида турган ортиқча ҚҚС маблағини импорт вақтида яна алоҳида маблағ ажратмасдан, божхонадаги ҚҚС мажбуриятини қоплашга йўналтириши мумкин бўлади.

Ўзаро ҳисобга олиш қандай амалга оширилади?

Жараён қуйидаги тартибда амалга оширилади.

Солиқ тўловчи ҚҚС суммаларини солиқ ва божхона органларида ўзаро ҳисобга олиш истагини божхона юк декларациясида кўрсатади.

Шундан сўнг Божхона қўмитаси импортда тўланиши лозим бўлган ҚҚСни қоплаш учун солиқ органларида ортиқча тўлов мавжудлигини тасдиқлаш мақсадида Солиқ қўмитасига электрон сўров юборади.

Солиқ қўмитаси божхонага ҳисобга олиниши мумкин бўлган ҚҚС суммаси ҳақида маълумот тақдим этади. Шу билан бир вақтда ўзаро ҳисобга олиш далолатномаси автоматик равишда шакллантирилади.

Божхона қўмитаси эса далолатномада кўрсатилган суммани солиқ тўловчининг божхона органларидаги шахсий ҳисобварағида акс эттиради ва божхона юк декларациясини расмийлаштиради.

Барча ахборот алмашинуви солиқ ва божхона органлари ўртасида электрон шаклда амалга оширилади.

Тадбиркор учун қандай қулайлик яратилади?

Янги механизм импорт билан шуғулланувчи тадбиркорларнинг айланма маблағларига тушадиган юкни камайтиришга хизмат қилади.

Масалан, тадбиркорнинг солиқ органларида ҚҚС бўйича ортиқча маблағи турган бўлса, у импорт пайтида худди шу сумма учун яна алоҳида пул топиб, божхонага ҚҚС тўлаши шарт бўлмайди. Мавжуд ортиқча маблағ белгиланган тартибда импортдаги ҚҚС мажбуриятига ҳисобга олинади.

Муҳим: мазкур тартиб 2026 йил 31 октябрда давлат рўйхатидан ўтказилган бўлса-да, у 2027 йил 1 январдан кучга киради.

Ҳуқуқий асос: Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Солиқ қўмитасининг «Товарларни импорт қилишда ва товарларни (хизматларни) реализация қилишда тўланадиган қўшилган қиймат солиғи суммаларини ўзаро ҳисобга олиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарори (Адлия вазирлигида 2026 йил 31 октябрда 3966-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган).

Chat