Янги қоида 2026 йил 17 августдаги ЎРҚ–1168-сон Қонун билан белгиланган.
Фаолиятини вақтинча тўхтатмоқчи бўлган тадбиркор фаолиятни тўхтатишдан олдин рўйхатдан ўтказувчи органга ёки тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва ҳисобга қўйишнинг автоматлаштирилган тизими орқали ариза бериши керак.
Фаолиятни қайта бошлашда ҳам олдиндан тегишли ариза берилади.
Рўйхатдан ўтказувчи орган маълумотни кейинги иш куни тугагунига қадар солиқ органларига электрон тарзда етказади. Ёлланма ходимлар ҳақидаги маълумотлар эса «Ягона миллий меҳнат тизими» орқали автоматик юборилади.
Расмий тўхтатиб туриш қуйидагилар учун асос бўлади:
солиқ ва статистика ҳисоботларини тақдим этишни тўхтатиб туриш;
тадбиркорлик субъекти ва унинг ҳар бир ходими бўйича солиқ ҳисоблашни тўхтатиб туриш.
Демак, даромад йўқлигининг ўзи етарли эмас — фаолиятни тўхтатиб туриш расмийлаштирилиши керак.
Ариза асосида фаолиятни тўхтатиб туришнинг батафсил тартибини Вазирлар Маҳкамаси белгилайди.
Ҳуқуқий асос: 2026 йил 17 августдаги ЎРҚ–1168-сон Қонун, 1-модданинг 17-банди.