Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

Алимент тўловчи шахснинг хорижга чиқиши учун қўйилган тақиқни қандай бекор қилиш мумкин?

  • 12988

Алимент тўловчи бўлган шахс, чет элга чиқиши учун қуйидаги учта ҳолатлардан бирини амалга оширган ҳолда тақиқни бекор қилишлари мумкин: 

  • Ўзбекистон Республикасининг “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги қонуннинг 40-моддасига асосан  ундирувчининг яъни собиқ турмуш ўртоғини розилиги яъни ижрони тўхтатиш ҳақидаги аризасига асосан;
  • Вояга етмаган болалар таъминоти учун алиментлар олдиндан тўланган ёки алимент тўлаш мажбуриятини таъминлаш учун гаров шартномаси тузилган бўлса, давлат ижрочиси тўлов ёки гаров шартномаси тўғрисидаги тегишли ҳужжат олинган куннинг эртасидан кечиктирмасдан манфаатдор шахсларни, ички ишлар органларини ва Давлат чегарасини қўриқлаш органларини қарздор жисмоний шахснинг Ўзбекистон Республикасидан чиқишини чеклаш олиб ташланганлиги тўғрисида ёзма ёки электрон шаклда хабардор қилади. Бунда гаров қиймати қонун ҳужжатларида белгиланган базавий ҳисоблаш миқдорининг (БХМ) 250 бараваридан кам бўлмаслиги лозим
  • Давлат ижрочисининг Ўзбекистон Республикасидан чиқишини вақтинча чеклаш тўғрисидаги қарори устидан судга шикоят қилиш ҳамда прокурор томонидан келтирилган протест асосида тақиқ олиб ташланиши мумкин.

Алиментлар суммасини олдиндан тўлаш ёки алиментлар тўлаш мажбуриятини таъминлаш бўйича гаров тақдим этиш фақат қарздорнинг алимент тўловларидан қарздорлиги мавжуд бўлмаганда амалга оширилади.

Алиментларни олдиндан тўлаш ёки алимент тўлаш мажбуриятини таъминлаш учун гаров шартномасининг тузилиши давлат ижрочиси ёки суд томонидан қарздор жисмоний шахснинг илгари белгиланган Ўзбекистон Республикасидан чиқишини вақтинча чеклашни олиб ташлаш учун асос ҳисобланади.

  • Алимент тўловларидан қарздорлиги мавжуд эмаслиги тўғрисидаги маълумотнома ва давлат ижрочисининг олдиндан тўланадиган алимент суммасини ҳисоб-китоб қилиш тўғрисидаги қарори, қарздорнинг ижро иш юритишни амалга ошираётган Бюронинг туман (шаҳар) бўлимига киритган аризасига асосан берилади.
  • Аризада қарздор томонидан алиментларни олдиндан тўламоқчи бўлган даври кўрсатилади.

Аризага аввалги даврлар учун тўланган (ушлаб қолинган) алимент суммалари, шунингдек, ойлик иш ҳақи ва бошқа даромадлари, шу жумладан чет элда олинган даромадларини тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилинади.

Бюро томонидан расмий веб-сайт орқали олдиндан тўланадиган алиментлар миқдорини ҳисоблаш имконини берувчи интерактив давлат хизматлари кўрсатилади (махсус калькулятор).

Алиментларни олдиндан тўлаш учун ундирувчига муайян мол-мулкни ўтказиб бериш йўли билан қўйилган чекловларни бекор қилиш фақат мол-мулкни топшириш ва қабул қилиш далолатномасига асосан амалга оширилади.

Қарздор жисмоний шахснинг Ўзбекистон Республикасидан чиқишини вақтинча чеклашга асос бўлган ижро ҳужжатининг талаблари амалда ижро этилганда ёхуд у бўйича ижро иши юритиш ушбу Қонунда белгиланган асосларга кўра тугатилганда ёки тамомланганда, давлат ижрочиси кейинги кундан кечиктирмасдан қарздор жисмоний шахсни, ички ишлар органларини ва Давлат чегарасини қўриқлаш органларини қарздор жисмоний шахснинг Ўзбекистон Республикасидан чиқишини чеклаш олиб ташланганлиги тўғрисида ёзма ёки электрон шаклда хабардор қилади.

Моддий ёрдамга муҳтож бўлган вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсни моддий таъминлашдан бўйин товлаш маъмурий ва жиноий жавобгарликни келтириб чиқаради.

Гаров предметини гаровга олувчида қолдирган ҳолдаги гаров тўғрисида НАМУНАВИЙ ШАРТНОМА.

Chat