Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 8249 марта ўқилди

Вазиятдан келиб чиқиб, ташиш шартномаси мажбурий ёки ихтиёрий равишда ўзгартирилиши мумкин. Шартномани ўзгартириш нарх ўзгаришига олиб келади

Ташиш шартномасини мажбурий равишда ўзгартириш

Ташиш шартномаси йўналишнинг исталган манзилларида, қуйидаги ҳолларда мажбурий равишда ўзгартирилади:

  • йўловчи банд қилинган жойга ташувчининг айби билан туташ қатновга кела олмаганида;
  • ташувчи банд қилинган жойни йўловчига бериш имкониятига эга бўлмаганида;
  • ташувчи қатновни бекор қилганида;
  • ташувчи қатновни парвозлар жадвалига мувофиқ равишда бажара олмаганида;
  • ташувчи йўловчи учун тўхташ ва қўниш манзилларида тўхташни бажара олмаганда.

Ташишнинг мажбурий равишда ўзгартирилиши ташишнинг бошланиш вақти ва (ёки) муддати, ташувчининг, ташиш йўналишининг, хизмат кўрсатиш тоифасининг ўзгартирилишига сабаб бўлиши мумкин.

Бунда, ташувчи қуйидагиларни бажаришга мажбур:
  • йўловчини қўниш манзилига ўзининг бошқа мунтазам қатновида ёки бошқа ташувчининг бўш жойи бўлган қатновида, тез фурсатда, қўшимча тўловлар олмаган ҳолда, зарурат бўлганда юқори хизмат кўрсатиш тоифасида ва йўловчи учун қулай бўлган бошқа шартларда етказиш;
  • йўловчини банд қилинган чипта билан таъминлаш;
  • йўловчи томонидан тўланган хизмат кўрсатиш тоифасининг ўзгартирилишига йўл қўймаслик.

Агар хизмат кўрсатиш тоифасининг бундай ўзгаришига йўл қўйилган бўлса, унда:
  • хизмат кўрсатиш тоифаси пастроқ тоифага мажбурий равишда алмаштирилганда, ташувчи йўловчига йўналишнинг хизмат кўрсатиш тоифаси ўзгарган қисмидаги (қисмларидаги) тарифлар ва йиғимлар фарқини қайтаради;
  • хизмат кўрсатиш тоифаси юқорироқ тоифага мажбурий равишда алмаштирилганда ва ташиш нархи ошганида йўловчидан қўшимча йиғим ундирилмайди;
  • бажарилмаган ташиш участкаси учун, пул қайтарилиши билан, йиғимлар олинмаган ҳолда, чиптанинг мажбурий қайтарилишини таъминлаш.

Хизмат кўрсатиш тоифаси мажбурий равишда ўзгарган тақдирда, йўловчи олдинги хизмат кўрсатиш тоифаси учун белгиланган ставка бўйича юкни бепул олиб юриш ҳуқуқини сақлаб қолади.

Ташиш шартномасини ихтиёрий тарзда ўзгартириш

Йўловчи талаби билан ташиш шартномасини ўзгартириш, ихтиёрий равишда ўзгартирилиш ҳисобланиб, ушбу ўзгартириш ташиш йўналишининг, хизмат кўрсатиш тоифасининг ёки тарифининг ўзгаришига сабаб бўлиши мумкин.

Агар йўловчи ташиш шартномасининг ҳар қандай шартини ихтиёрий равишда ўзгартирмоқчи бўлса, бу тўғрисида ташувчини хабардор қилиши лозим:

  • рейсни;
  • учиш санасини;
  • йўналишни;
  • хизмат кўрсатиш тоифасини;
  • ташиш учун чиптанинг муддатини ва бошқалар.

Бунда ташувчи ташиш шартномасининг янги шартлари бўйича тарифни ҳисоблаши керак:

  • агар ташиш қиймати ошадиган бўлса, йўловчи ўртадаги фарқни тўлаши керак.
  • агар ташиш қиймати пасайса, ташувчи йўловчига фарқни қайтариши керак.

Ихтиёрий тарзда йўловчи томонидан хизмат кўрсатиш тоифаси ўзгартирилганда, йўловчи багажни хизмат кўрсатиш тоифасини ўзгартириш нормаларига кўра бепул олиб ўтиш ҳуқуқига эга.

Нарҳни ўзгариш тартибини қўллаш

Ташиш билан боғлиқ белгиланган тарифлар ва йиғимларнинг миқдорига ўзгартиришлар киритилган тақдирда, ушбу ўзгартиришлар улар киритилгунга қадар тузилган ташиш шартномаларига ташиш бошланиш вақтига қадар татбиқ этилмайди.

Агар ташиш бошланишига қадар йўловчининг розилиги билан ташиш шартномасига ўзгартириш киритилган тақдирда, янги ташиш санасидаги тариф ва йиғимларнинг миқдори асосида қайтадан чипта расмийлаштирилади.

Chat