Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 22280 марта ўқилди

Ҳакамлик суди (доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик суди ёки муваққат ҳакамлик суди) — фуқаролик ҳуқуқий муносабатларидан келиб чиқувчи низоларни, шу жумладан тадбиркорлик субъектлари ўртасида вужудга келувчи иқтисодий низоларни ҳал этувчи нодавлат орган.

Ҳакамлик суди турлари:

  • Доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик суди

    Доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик суди юридик шахс томонидан ташкил этилиши мумкин ва унинг ҳузурида фаолият кўрсатади.

    Доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик суди юридик шахс доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик судини ташкил этиш ҳақида қарор қабул қилганида, доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик судининг қоидаларини ва ҳакамлик судьялари рўйхатини тасдиқлаганида ташкил этилган деб ҳисобланади.

    Доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик судини ташкил этган юридик шахс унинг ташкил этилганлиги тўғрисидаги ҳужжатлар нусхаларини ҳакамлик суди жойлашган ердаги адлия органига юборади.

  • Муваққат ҳакамлик суди

    Муваққат ҳакамлик суди ҳакамлик битими тарафлари ўртасида келиб чиққан муайян низони ҳал этиш учун улар томонидан ташкил этилиб, низо кўриб чиқилганидан кейин муваққат ҳакамлик суди ўз фаолиятини тугатади.

    Ҳакамлик судида раислик қилувчи (низо ҳайъатда кўриб чиқилаётганда) ёхуд ҳакамлик судьяси (низо якка тартибда кўриб чиқилаётганда) ҳакамлик битими нусхасини ва муваққат ҳакамлик суди ташкил этилганлиги тўғрисидаги хабарномани мазкур суд жойлашган ердаги адлия органига ҳакамлик муҳокамаси бошлангунига қадар юборади.

    Муваққат ҳакамлик судини ташкил этиш тартиби ҳакамлик битими тарафлари томонидан белгиланади.

Ҳакамлик суди томонидан ҳал этиладиган низолар

Ҳакамлик судлари фуқаролик ҳуқуқий муносабатларидан келиб чиқувчи низоларни, шу жумладан тадбиркорлик субъектлари ўртасида вужудга келувчи иқтисодий низоларни ҳал этади.

Ҳакамлик судлари маъмурий, оила ва меҳнат ҳуқуқий муносабатларидан келиб чиқувчи низоларни, шунингдек қонунда назарда тутилган бошқа низоларни ҳал этмайди.

Chat