Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 11689 марта ўқилди

Низони ҳакамлик судида ҳал қилиш билан боғлиқ харажатлар
  • ҳакамлик судьяларининг гонорари;
  • ҳакамлик муҳокамасини ташкилий, моддий жиҳатдан ва бошқача тарзда таъминлаш харажатлари;
  • ҳакамлик судьяларининг ҳакамлик муҳокамасида иштирок этиши билан боғлиқ харажатлари, шу жумладан низони кўриб чиқиш жойига бориб келиш учун тўланадиган йўл ҳақи харажатлари;
  • ҳакамлик судьяларининг ёзма ва ашёвий далилларни мазкур далиллар турган жойда кўздан кечириш ҳамда текшириш билан боғлиқ харажатлари;
  • экспертлар ва таржимонларга тўланиши лозим бўлган суммалар;
  • гувоҳлар томонидан сарфланган харажатлар;
  • ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори тарафлардан қайси бирининг фойдасига чиқарилган бўлса, ўша тараф вакилининг хизматлари ҳақини тўлаш харажатлари;
  • ҳакамлик суди томонидан белгиланадиган бошқа харажатлар.

Ҳакамлик судьялари гонорарининг миқдори

Ҳакамлик судьялари гонорарининг миқдори даъвонинг баҳоси, низонинг мураккаблиги, ҳакамлик судьялари ҳакамлик муҳокамаси учун сарфлаган вақт ва гонорар миқдорига таъсир кўрсатувчи бошқа ҳолатлар ҳисобга олинган ҳолда белгиланади.

Доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик судида ҳакамлик судьялари гонорарининг миқдори ҳакамлик судининг қоидаларида назарда тутилган ҳакамлик судьялари гонорарлари шкаласига мувофиқ, бундай шкала бўлмаган тақдирда эса, даъвонинг баҳоси, низонинг мураккаблиги талаблари ҳисобга олинган ҳолда белгиланади.

Муваққат ҳакамлик судида ҳакамлик судьялари гонорарининг миқдори ҳакамлик муҳокамаси тарафлари келишуви бўйича ва даъвонинг баҳоси, низонинг мураккаблиги ҳисобга олинган ҳолда ҳакамлик суди томонидан белгиланади.

Низони ҳакамлик судида ҳал қилиш билан боғлиқ харажатларни тақсимлаш

Низони ҳакамлик судида ҳал қилиш билан боғлиқ харажатларни ҳакамлик муҳокамаси тарафлари ўртасида тақсимлаш ҳакамлик суди томонидан ҳакамлик муҳокамаси тарафларининг келишувига мувофиқ, бундай келишув бўлмаган тақдирда эса, қаноатлантирилган ва рад этилган талабларга мутаносиб равишда амалга оширилади.

Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори ҳакамлик муҳокамаси тарафларидан қайси бирининг фойдасига чиқарилган бўлса, ўша тарафнинг вакили хизматларига ҳақ тўлаш бўйича харажатлар, шунингдек низони ҳакамлик судида ҳал қилиш билан боғлиқ бошқа харажатлар, агар қилинган харажатларни қоплаш ҳақидаги талаб ҳакамлик муҳокамаси пайтида билдирилган ва ҳакамлик суди томонидан қаноатлантирилган бўлса, ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорига мувофиқ ҳакамлик муҳокамасининг бошқа тарафига юкланиши мумкин.

Низони ҳакамлик судида ҳал қилиш билан боғлиқ харажатларнинг тақсимланиши ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорида ёки ажримида кўрсатилади.

Низони ҳакамлик судида ҳал қилиш билан боғлиқ харажатларни бўнак тарзида қоплаш

Ҳакамлик суди низо кўриб чиқилгунига қадар харажатларни қоплаш учун муайян суммани бўнак сифатида киритишни даъвогардан талаб қилишга ҳақли.

Агар бу тўлов даъво аризаси берилган кундан эътиборан 10 кун ичида амалга оширилмаса, ҳакамлик суди даъвони кўрмасдан қолдириш тўғрисида ажрим чиқариши мумкин.

Chat