Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 113287 марта ўқилди

Фамилия, исм ва ота исмини ўзгартириш ҳақидаги аризалар ариза берувчи 16 ёшга тўлгандан кейин у яшаб турган жойдаги ФҲДЁ органи томонидан кўриб чиқилади.

  • Агар 16 ёшга тўлган шахс паспорт ёки паспорт ўрнини босувчи шахсни тасдиқловчи бошқа ҳужжат олгунга қадар фамилияси, исми, ота исмини ўзгартириш ҳақида ариза берса, у ҳолда аризага туғилганлик ҳақида гувоҳнома илова қилинади.
  • Фамилия, исм ва ота исмини ўзгартириш ички ишлар органлари хулосаси асосида амалга оширилади.
  • Фамилия, исм ва ота исмини ўзгартириш тўғрисидаги ариза ариза берилган кундан бошлаб 2 ой мобайнида кўриб чиқилади. Узрли сабаблар (ишни расмийлаштириш учун зарур бўлган далолатнома ёзуви нусхаларининг бошқа ФҲДЁ органларидан, ички ишлар органлари хулосасининг кечикиб олиниши ва бошқалар) мавжуд бўлганда ФҲДЁ органи мудири ушбу муддатни 1 ойдан кўп бўлмаган муддатга узайтириши мумкин.
  • Ушбу хизматни Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали мурожаат қилиб олиш мумкин.

Кўрсатиладиган хизмат учун тўлов ундирилади.

Фамилия, исм ва ота исмини ўзгартириш асослари
  • миллий-тарихий анъаналарга мувофиқ бўлса;
  • суднинг ҳал қилув қарори асосида;
  • агар фамилия ва исм эшитилишда ёқимсиз бўлса;
  • агар фамилия ва исм миллатига тўғри келмаса;
  • хоҳишга қараб никоҳгача бўлган фамилияга (никоҳда турган даврида ҳам, никоҳдан ажратилгандан кейин ҳам) қайтишда;
  • оила учун умумий фамилияда бўлиш истаги пайдо бўлганда (агар никоҳ тузиш пайтида эр-хотин умумий фамилия қабул қилишмаган бўлса);
  • 16 ёшга тўлган шахсга оталикни белгилашда кўриб чиқилади.

Фамилия, исм, ота исмини ўзгартиришга тақдим этиладиган ҳужжатлар
  • ариза берувчининг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси;
  • агар ариза берувчи никоҳда турган бўлса, у ҳолда никоҳ тузилганлиги ҳақидаги гувоҳномаси, агар никоҳдан ажратилган бўлса — никоҳдан ажралганлик ҳақидаги гувоҳномаси;
  • агар ариза берувчининг вояга етмаган болалари бўлса, у ҳолда болаларининг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномалари;
  • ариза берувчининг паспортидан ёки шахсини тасдиқловчи бошқа ҳужжатидан кўчирма;
  • агар ариза берувчи вояга етмаган ёки суд қарори билан муомалага лаёқатсиз деб топилган бўлса, у ҳолда ота-онасининг ёхуд васий ёки ҳомийнинг аризаси;
  • 1 дона (3х4 ўлчамли) фотосурат.

Фамилия, исм ва ота исмини ўзгартиришни рад қилиниши
  • ФҲДЁ бўлими мудири тақдим этилган ҳужжатлар асосида, зарур ҳолларда эса бошқа ФҲДЁ органларидан ўзининг талаби бўйича керакли далолатнома ёзувлари нусхаларини олганда йиғилган ҳужжатларни тегишли текширув ўтказиш учун ички ишлар органига жўнатади.
  • Ички ишлар органи тақдим қилинган ҳужжатларни 30 кун мобайнида ўрганиб чиқади, ариза берувчининг фамилияси, исми, ота исмининг ўзгартирилиши мақсадга мувофиқ эмаслиги тўғрисида хулоса тузилган тақдирда ушбу ҳолатнинг аниқ сабаблари кўрсатилади.
  • Ички ишлар органининг хулосасини олгандан кейин ФҲДЁ органи тақдим этилган ҳужжатлар асосида фамилия, исм, ота исмини ўзгартириш ёки ўзгартиришни рад қилиш тўғрисида асосланган хулоса тузади.
  • Рад этиш тўғрисидаги хулоса устидан судга шикоят қилиниши мумкин.

Фамилия, исм ва ота исмини ўзгартириш оқибатлари
  • Ўзаро қонуний никоҳда турган эр ёки хотиндан бирининг фамилияси ўзгартирилиши иккинчисининг ҳам фамилияси ўзгаришига сабаб бўлмайди.
  • Ота-оналардан ҳар иккаласининг фамилияси ўзгартирилиши 16 ёшга тўлмаган болалари фамилиясининг ҳам ўзгартирилишига сабаб бўлади.
  • Ота-оналар ёки улардан бирининг фамилиясини ўзгартирганлиги уларнинг вояга етган болаларининг фамилияси ўзгаришига сабаб бўлмайди.
  • Агар ота-онадан бири фамилиясини ўзгартирса, уларнинг вояга етмаган болаларининг фамилиясини ўзгартириш масаласи ота-оналарнинг келишувига биноан, бундай келишув бўлмаганда эса — васийлик ва ҳомийлик органи томонидан ҳал этилади.
  • Отанинг исмини ўзгартириши вояга етмаган болаларнинг ота исми ўзгаришига олиб келади.
  • Вояга етган болаларнинг ота исми фақат уларнинг аризаларига кўра ўзгартирилади.

Фойдали ҳаволалар     

Chat