Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 12803 марта ўқилди

Мактаб ёшидаги болаларни таълимга қамраб олиш туман (шаҳар) ҳокимларининг қарори билан мактабларга бириктирилган ҳудудлар (микроҳудуд) доирасида мактаб педагог ходимлари томонидан болаларни бирма-бир (уйма-уй) рўйхатга олиш орқали амалга оширилади.

  • Мактаб раҳбарияти мазкур муассасага бириктирилган ҳудуддаги мактаб ёшидаги болаларни ўз вақтида умумтаълим муассасасига ўқишга жалб қилиш учун масъул ҳисобланади.
  • Умумий ўрта таълим ташкилотининг биринчи синфига болалар улар етти ёшга тўладиган йилда қабул қилинади.

2024-2025 ўқув йили учун 1-синфга қабул 20 июндан бошланади

1-синфга қабул жараёнлари 2 босқичда амалга оширилади:

  • 1-босқич: 20 июндан 31 июлгача микрозонада,
  • 2-босқич: 1 августдан 15 августгача микрозонадан ташқарида.

1-синфга қабул жараёнлари давлат хизматлари орқали электрон шаклда амалга оширилади.

20 июндан бошлаб ота-оналар my.maktab.uz электрон платформаси орқали рўйхатдан ўтишлари ва ариза топширишлари шарт. Давлат хизматлари кўрсатилмайдиган ҳудудларда 1-синфга қабул қилинган ўқувчилар вазирликнинг электрон тизимига (adm.maktab.uz) киритилади.

Болаларни мактабларнинг 1 синфига қабул қилиш учун уларнинг ота-оналари томонидан мактабга қуйидаги ҳужжатлар топширилади
  • ота-оналар томонидан мактаб директори номига ариза;
  • боланинг соғлиғи тўғрисида тиббий маълумотнома;
  • боланинг 3,5 х 4,5 см ҳажмдаги 4 дона рангли фотосурати.

  • Ота-онанинг бошқа ҳудудда яшаши (прописканинг йўқлиги) болани мактабга қабул қилишни рад этиш учун асос бўлмайди.
  • Болалар умумий мактабларнинг 1 синфига тайёргарлик даражасидан қатъи назар, танловсиз қабул қилинади.

Таълим жараёни

Ўқув йили умумтаълим муассасаларида 2 сентябрдан келгуси йилнинг 25 майига қадар давом этади ва тўртта чоракка бўлинади.

Ўқув-тарбия жараёнини ташкил этишда қуйидаги муддатларга амал қилинади:

  • ўқув йилининг давомийлиги — 34 ҳафта (I синфлар учун 33 ҳафта);
  • ўқув ҳафтасининг давомийлиги — 6 кун (педагогик кенгашнинг қарорига кўра I синфлар учун 5 кун);
  • дарс машғулотининг давомийлиги — 45 дақиқа;
  • дарс машғулотлари оралиғидаги танаффуснинг давомийлиги510 дақиқа (ўқув куни ўртасидаги танаффуснинг давомийлиги — 15 — 30 дақиқа).

Меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларида байрам (ишланмайдиган) куни деб белгиланган кунларда дарс машғулотлари ўтказилмайди.

Байрам (ишланмайдиган) кунларига тўғри келиб қолган дарс машғулотларининг мавзулари ўқув дастурларини ихчамлаштирган ҳолда кейинги дарс машғулотларида ўтказилади.

Синфлардаги болалар сони

Мактабда синфлардаги болалар сони 35 нафардан ортиб кетишига йўл қўйилмайди.

Кам комплектли умумтаълим муассасаларида (филиалларда) бошланғич синф ўқувчилари қуйидаги ҳолларда битта синфга бирлаштирилиши мумкин:

  • ўқувчилар сони 8 нафаргача бўлган I — IV синфлар;
  • ўқувчилар сони 12 нафаргача бўлган учта бошланғич синф;
  • ўқувчилар сони 24 нафаргача бўлган иккита бошланғич синф (I ва III, II ва IV синфлар).

Таътиллар

Ўқув йили давомидаги таътилларнинг муддатлари қуйидагича белгиланади:

  • кузги таътил — 4 ноябрдан бошлаб 6 календарь кун;
  • қишки таътил — 28 декабрдан бошлаб 14 календарь кун;
  • баҳорги таътил — 21 мартдан бошлаб 7 календарь кун;
  • ёзги таътил — охирги босқичли назорат синови ўтказилган кундан (босқичли назорат ўтказилмайдиган синфлар учун ўқув йили тугаган кундан кейинги кундан) бошлаб 1 сентябргача.

Таътилнинг охирги куни байрам (ишланмайдиган) кунга тўғри келиб қолган тақдирда, дарс машғулотлари кейинги иш кунидан бошлаб давом эттирилади.

I синф ўқувчилари учун февраль ойи давомида қўшимча бир ҳафталик таътил белгиланади.

Ўқувчиларга тиббий хизмат кўрсатиш
  • Ўқувчиларга тиббий хизмат кўрсатиш мактабларга тиббиёт муассасалари томонидан бириктирилган тиббиёт ходимлари томонидан амалга оширилади.
  • Тиббиёт ходимлари мактаб раҳбарияти ва педагог ходимлар билан бир қаторда даволаш-профилактика тадбирларини ташкил этиш, санитария нормалари, қоидалари ва гигиена нормативларига риоя қилиш, овқатланиш режими ва сифатига, ўқувчиларни тиббий кўрикни ўтказиш ва соғломлаштириш учун масъулдирлар.
  • Мактаб раҳбарияти томонидан тиббиёт ходимларининг фаолият олиб бориши учун зарур шарт-шароитлар (махсус жой, мебель ва тиббий жиҳозлар, биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш учун зарур бўлган дори-дармонлар) яратиб берилади.

Болани бошқа мактабга кўчириш

Ота-оналар ўқув йили давомида ёки у тугаганидан сўнг фарзандини бир мактабдан бошқасига ўтказиш ҳуқуқига эга.

Бунинг учун қуйидаги ҳаракатларни амалга ошириш лозим:

1. Фарзанд таълим олаётган мактаб директори номига ариза берилади. Аризада фарзандини бошқа мактабга ўтказиш сабаблари кўрсатилади.

  • Мазкур ариза 1 иш куни ичида кўриб чиқилиб, ўқиш кўчирилаётган мактабга тақдим этиш учун тегишли шаклда мактабдан кетиш талони берилади.

2. Ўқиш кўчирилаётган мактаб директорига ўқишга қабул қилиш тўғрисида ариза билан мурожаат қилади.

  • Аризага мактабдан кетиш талони ва яшаш жойидаги фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органи томонидан берилган маълумотнома илова қилинади.
  • Ўқиш кўчирилаётган мактаб директори ариза ва мактабдан кетиш талонини қабул қилиб олинган куннинг ўзида ота-оналарга ўқувчи таълим олаётган мактабга тақдим этиш учун мактабга келиш талонини бериши лозим.

3. Фарзанд ўқиётган мактаб директорига мактабга келиш талонини бериш лозим.

  • Бунда шу куннинг ўзида ўқувчини мактаб ўқувчилари сафидан чиқариш тўғрисида буйруқ қабул қилинади.

4. Ҳужжатларни ўқиш кўчирилаётган мактаб директорига топшириш лозим. Бунда шу куннинг ўзида ўқувчини мактаб ўқувчилари сафига қабул қилиш тўғрисида буйруқ чиқарилади.

  • Ота-оналар фарзандини синфдан синфга ўтказиш учун унинг сабабларини кўрсатган ҳолда мактаб директори номига ариза билан мурожаат қилади. Ариза бир иш куни ичида кўриб чиқилади ва ўқувчини синфдан синфга ўтказиш тўғрисида буйруқ қабул қилади.
  • Синфдаги ўқувчилар сони белгиланган меъёрдан ортиқ бўлган тақдирда, мактаб директори ўқувчини синфдан синфга ўтказишни рад қилиниши мумкин.

Мактабларни жиҳозлаш нормалари билан танишиш учун ушбу ҳаволага ўтинг.

Chat