Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 37292 марта ўқилди

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги (ТИВ) ва Адлия вазирлигида чет эл фуқароларининг қуйидаги тоифалари аккредитация қилинади:
  • чет эл дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасаларининг раҳбарлари, дипломатик персонал аъзолари, консулликларнинг мансабдор шахслари, ҳарбий атташелар, дипломатик ваколатхоналар ва консуллик муассасаларининг маъмурий-техник ва хизмат кўрсатиш персонали, шунингдек, уларнинг оила аъзолари;
  • оммавий ахборот воситаларининг вакиллари ва уларнинг оила аъзолари;
  • халқаро ҳукуматлараро ташкилотларнинг ва чет давлатлар ҳукумат ташкилотларининг Ўзбекистон Республикасига хизмат ишлари бўйича келган мансабдор шахслари, мазкур ташкилотларнинг Ўзбекистондаги ваколатхоналари ходимлари, шунингдек, Ўзбекистонда штаб-квартираси бўлган халқаро ташкилотлар ҳузуридаги мамлакатлар ваколатхоналарининг мазкур ташкилотлар устав ҳужжатларига ёки тегишли шартномаларга мувофиқ дипломатик имтиёзлардан ва иммунитетлардан фойдаланувчи ходимлари, шунингдек, уларнинг оила аъзолари.

Ўзбекистон ТИВ, унинг ваколатхоналари томонидан мазкур шахсларга аккредитация карточкалари берилади ҳамда бевосита уларнинг миллий паспортларига аккредитация ҳақида ёзиб қўйилади.

Адлия вазирлигида аккредитация қилинадиган чет эл фуқаролари:

нодавлат нотижорат ташкилотларининг (ННТ), шу жумладан диний ташкилотлар, халқаро ва хорижий ННТ ваколатхоналари ва филиалларининг чет эл фуқаролари бўлган ходимлари, шунингдек уларнинг қарамоғидаги оила аъзолари.

Аккредитация учун йиғим:
  • аккредитация учун йиғим базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 бараварини ташкил этади;
  • аккредитациядан ўтказиш рад этилганда йиғим суммаси қайтарилмайди;
  • йўқолган ёки яроқсиз ҳолга келган аккредитация карточкаси ўрнига янги аккредитация карточкасини олиш учун йиғим ставкасининг 50 фоизи миқдорида тўлов ундирилади.

Аккредитация қилишнинг умумий қоидалари
  • аккредитациядан ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинганда чет эл фуқаросига аккредитация карточкаси берилади;
  • акредитациядан ўтказиш кўпи билан 12 ой муддатга амалга оширилади;
  • 18 ёшга тўлмаган болаларни аккредитациядан ўтказиш паспортга ёки шахсни тасдиқловчи ҳужжатга ота-оналардан биттасининг аккредитация тартиб рақами остига штамп қўйиш йўли билан амалга оширилад и;
  • аккредитациянинг амал қилиш муддати тугаганда, шунингдек меҳнат фаолияти тўхтаганда ва чет эл фуқаролари узил-кесил жўнаб кетаётганда аккредитация карточкалари Адлия вазирлигига қайтариб берилиши керак.

Аккредитациядан ўтказишни рад қилиш ҳақидаги қарорни қабул қилиш

Аккредитациядан ўтказиш рад этилганда Адлия вазирлиги қарор қабул қилади ва бу тўғрида ННТни 3 иш кунидан кечикмай ёзма шаклда хабардор қилади.

Бу ҳолда Адлия вазирлиги қабул қилинган қарорни изоҳламаслик ҳуқуқига эга.

Аккредитацияни амал қилишини тугатиш

ННТ фаолиятини тўхтатиб туриш ёки тугатиш, шунингдек чет эл фуқароси томонидан Ўзбекистон қонун ҳужжатларини бузиш аккредитациянинг амал қилишини тўхтатишга олиб келади, бу чет эл фуқароларининг бундан кейин Ўзбекистон ҳудудида бўлиши мумкин эмаслигини билдиради.

Бу ҳолда хориж фуқаролари Адлия вазирлиги томонидан белгиланган муддатда Ўзбекистондан чиқиб кетиши шарт.

Аккредитация карточкаси

Аккредитация карточкаси олган чет эл фуқаросига Ўзбекистонга кириш визаси уларнинг аккредитация муддатига берилади.

Аккредитация карточкаси ННТнинг чет эл ходимига меҳнат фаолиятини фақат қабул қилган ННТда амалга ошириш ҳуқуқини беради.

Аккредитация карточкаси эгаси бўлиш мақомидан қатъи назар, қуйидагиларга мажбур:

  • Ўзбекистон қонун ҳужжатларига риоя этиш;
  • Ўзбекистон ички ишларига аралашмаслик;
  • ННТнинг хонаси ва бошқа мулкидан фақат уставдаги мақсадлар ва вазифаларни бажариш мақсадларида фойдаланиш;
  • Ўзбекистонда яшаётган халқларнинг маданияти, урф-одатлари, анъаналари ва турмушини ҳурмат қилиш.

Аккредитациянинг амал қилиш муддати тугаганда, шунингдек меҳнат фаолияти тўхтаганда ва чет эл фуқаролари узил-кесил жўнаб кетаётганда аккредитация карточкалари Адлия вазирлигига қайтариб берилиши керак.

Аккредитация карточкасини йўқотиш ёки шикастлантириш

Аккредитация карточкаси йўқолганда ёки яроқсиз ҳолга келганда аккредитация карточкасининг эгаси уч иш кунидан кечикмай бу тўғрида ННТни ва Адлия вазирлигини ёзма шаклда хабардор қилади.

Янги аккредитация карточкасини олиш учун Адлия вазирлигига ННТ томонидан қуйидаги ҳужжатларни илова қилган ҳолда ариза берилади:

  • давлат хизматлари марказидан маълумотнома (аккредитация карточкаси йўқолганда);
  • йўқолган аккредитация карточкасини ҳақиқий эмас деб ҳисоблаш тўғрисида даврий матбуот нашридаги эълон;
  • аккредитация карточкасининг асл нусхаси (аккредитация карточкаси яроқсиз ҳолга келганда);
  • чет эл фуқаросининг (3 см х 4 см ўлчамдаги) тўртта рангли фотосурати;
  • йўқолган ёки яроқсиз ҳолга келган аккредитация карточкаси ўрнига янги аккредитация карточкаси берилиши учун белгиланган миқдорда тўлов тўланганлиги тўғрисида банк тўлов ҳужжати.

Ариза 10 иш куни мобайнида кўриб чиқилади.

Йўқолган ёки яроқсиз ҳолга келган аккредитация карточкаси ўрнига янги аккредитация карточкасини олган чет эл фуқаросига тегишли аккредитация рақами берилади ва ушбу маълумотлар Реестрга киритилади.

Chat