Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 33642 марта ўқилди

Хорижий фуқаролар Ўзбекистондаги умумтаълим мактаблари, коллежларда ва олий таълим муассасаларида таълим олиши, илмий фаолият билан шуғулланиши мумкин.

Таълим муассасаларида хорижий фуқароларни ўқитиш тегишли таълим муассасаларининг таълим дастурларида назарда тутилган тилларда олиб борилади.

Хорижий фуқароларни ўқишга қабул қилиш ва ўқитиш бўйича барча ишларни ташкил этиш, ўқув-методик раҳбарлик қилиш ва мувофиқлаштириш умумтаълим мактабларида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан, бошқа таълим муассасаларида - Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан амалга оширилади.

Ўзбекистонда хорижий фуқароларни таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш учун қуйидагилар асос бўлади:
  • Ҳалқаро шартномалар;
  • Мактабгача ва мактаб таълим ва Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан дастлабки экспертизадан ва рўйхатдан ўтказиладиган жамоавий ва шахсий шартномалар ҳамда контрактлар.

Ўқитиш турлари
  • умумий ўрта маълумот;
  • ўрта махсус, касб-ҳунар таълими;
  • олий маълумот.
  • олий муассасасидан кейинги таълим.

Ўқитиш шартлари

Хорижий фуқаролар Ўзбекистон таълим муассасаларига тўлов-контракт асосида қабул қилинади.

Тўлов-контракт асосида ўқиш қиймати асосида Ўзбекистон таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича Давлат комиссияси томонидан белгиланади.

Тиббий кўрик

Ўқиш учун келган хорижий фуқаролар тиббий текширувдан ўтадилар.

Таълим муассасаларига қабул қилиш учун рухсат берилмайдиган касалликлар рўйхати
  • сил касаллигининг очиқ формалари (актив ривожланувчи ўпка сили, трахеобронхиал, қоринорти ва переферик лимфа тугунлари, йирик суяклар, ҳалқум, ичак ва тери актив сили);
  • ривожланган ўпка-юрак етишмовчилиги (III-даража) билан кечувчи ўпканинг сурункали касалликлари;
  • барча босқичдаги хавфли ўсма касалликлари, икки йил олдин радикал даволанган ҳолатларидан ташқари;
  • II ва III-даражали қон айланишининг бузилиши билан кечувчи юрак мушак ва клапанларининг органик ўзгаришлари (туғма ва орттирилган);
  • турғун буйрак етишмовчилиги билан кечувчи буйрак ва бошқа аъзолар касалликлари;
  • эндокрин касалликлар: ақлий фаолиятни пасайишига олиб келувчи туғма гипотериоз ва бошқа туғма касалликлар;
  • қон касалликлари: ўткир лейкозлар, апластик камқонлик;
  • туғма ва сурункали органик асаб касалликлари, шунингдек, ақл-заковатнинг чуқур ва турғун бузилишлари, психопатик бузилиши, яққол намоён бўлган неврологик белгилар ёки психопатик хулқ-атвор асоратлари билан ўтказилган оғир касалликлар (энцефалит, менингит, арахноидит, бош ва орқа миянинг ёпиқ жароҳатлари ва бошқалар);
  • тўхтовсиз ривожланиш билан кечувчи шизофрения (оддий, гебефреник, параноид турлари): а) хуружсимон ривожланиш билан кечувчи шизофрения (турлари: катотоник, галюцинатор, параноид); б) тўлқинсимон кечувчи шизофрения (турлари: циркуляр, депрессив-параноид, онейроид-катотоник) тез-тез хуружланувчи ва қисқа ремиссияли ҳолатларда; в) суст кечувчи шизофрениянинг хуруж даври;
  • тез-тез такрорланувчи тутқаноқли, тутқаноқсиз ва психоматор хуружлари билан, шунингдек, хушнинг хиралашуви ва оғир дисфория билан.
  • кам такрорланувчи хуружлар билан кечувчи эпилепсия, шахснинг чуқур ўзгариши ва ақл-заковат бузилиши билан, эпилептик психозлар, тез-тез хуружланувчи циклотимия, маниакал депрессив психоз, тез-тез такрорланувчи маниакал депрессив ҳолатлар;
  • шахснинг патологик ривожланиши ҳар хил турлари, меҳнатга қобилияти пасайиши билан, психопатиянинг яққол тури ёки тез-тез декомпенсацияланиши билан кечувчи турлари;
  • оғир, сурункали кечувчи, қайталанувчи тери касалликларининг ногиронликка олиб келувчи (пуфакчали эпидермолиз, слеродактилия, артропатик псориаз турлари, тарқок қизил тери сили (волчанка);
  • захмнинг юқумли босқичи;
  • трахоманинг I, II, III-даражалари;
  • гиёҳвандлик, токсикоманиянинг (тамакига тобеликдан ташқари) барча турлари;
  • орттирилган иммун танқислиги синдроми (ОИТС/ОИВ).

Тақдим этиладиган ҳужжатлар
  • ўқишга қабул қилиш ҳақида ариза;
  • ўрганилган фанлар ва улар бўйича имтиҳонларда олинган баҳолар (баллар) кўрсатилган ҳужжатларнинг асл нусхалари;
  • соғлиғи тўғрисидаги тиббий хулоса;
  • миллий паспорт (амалдаги визаси билан) ёки туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома;
  • 4 х 6 см ўлчамдаги 6 та фотосурат.

Қабул қилиш тартиби

Мактабларга хорижий фуқаро маълумоти бор йўқлигидан қатъий назар қабул қилинади. Агар мактаб таълимни олаётган бўлса уни мактабнинг тегишли синфидан таълимни давом эттиради.

Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларига умумий ўрта таълим маълумотига мувофиқ бўлган маълумотга эга бўлган хорижий фуқаролар қабул қилинади.

Олий ўқув юртларига умумий ўрта ёки ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маълумотига мувофиқ бўлган маълумотга эга бўлган хорижий фуқаролар қабул қилиниши мумкин.

Хорижий фуқаролар олий ўқув юртларига кириш тест синовлари натижаларига кўра қабул қилинади. МДҲ мамлакатларидан келган хорижий фуқаролар олий таълим муассасалари бакалавриатига олий таълим муассасаси томонидан белгиланадиган тартибда ўтказиладиган суҳбат натижасида қабул қилинади.

Хорижий фуқароларнинг тест синови (суҳбат) топшириши учун рухсатнома Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан берилади.

Тест синовлари (суҳбат) натижалари хорижий фуқароларни олий ўқув юртига ўқишга қабул қилиш юзасидан қарор қабул қилиши учун асос ҳисобланади.

Талабалар мажбуриятлари
  • Ўзбекистон қонун ҳужжатларига амал қилиш, маҳаллий урф-одат ва анъаналарга ҳурмат билан муносабатда бўлиш, республикада хорижий фуқароларнинг бўлиши ва ҳаракатланиши бўйича белгиланган қоидаларни бажариш;
  • интизомга риоя қилиш, машғулотларга қатнашиш, ўқув режалари ва дастурларида назарда тутилган ўқув ва ишлаб чиқариш ишларининг барча турларини бажариш, имтиҳон ва синовларни белгиланган муддатларда топшириш;
  • таълим муассасасининг ва талабалар ётоқхонасининг ички тартиб-қоидаларини бажариш;
  • таълим муассасаси раҳбарларининг кўрсатма ва фармойишларини бажариш.

Жавобгарлик

Ўқишда ўзлаштирмаслик, интизомни, таълим муассасаси ва талабалар ётоқхонасининг ички тартиб-қоидаларини бузганлик учун, шунингдек Ўзбекистон қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа сабабларга кўра хорижий ўқувчиларга нисбатан таълим муассасаси рўйхатидан чиқариб юборишгача бўлган маъмурий чоралар кўрилиши мумкин.

Ўзбекистон ҳудудида бўлиш қоидаларини бузганлик учун улар белгиланган тартибда республикадан чиқариб юборилади.

Ўқиш учун келган хорижий фуқароларнинг зарур маблағлари бўлмаган тақдирда уларни Ўзбекистондан чиқариб юбориш бўйича харажатлар тегишли таълим муассасаси томонидан амалга оширилади.

Таълим жараёни

Таълим муассасаларида ўқув йили 2 сентябрдан бошланади. Таътилларнинг бошланиш ва тугаш вақти, уларнинг давом этиш муддати муайян таълим муассасасининг ўқув режаларига мувофиқ белгиланади.

Ўқишни тугатгандан кейин хорижий фуқароларга маълумоти тўғрисида белгиланган намунадаги тегишли ҳужжатлар берилади.

Chat