Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 19276 марта ўқилди

Гувоҳнома бериладиган мол-мулк

Нотариус эр-хотиннинг ёзма аризасига мувофиқ улардан бирига ёки ҳар иккисига никоҳ давомида орттирилган умумий мол-мулкдаги улушга мулк ҳуқуқи тўғрисида гувоҳнома беради.

Гувоҳнома фақат эр-хотиннинг мурожаат вақтида мавжуд бўлган ва уларнинг умумий мулки ҳисобланган мол-мулкига берилади.

Қуйидагилар, қоида тариқасида, ҳар бир эр ёки хотиннинг алоҳида мулки ҳисобланади:

  • никоҳга қадар унга тегишли бўлган мол-мулк;
  • никоҳ давомида ҳадя тариқасида олинган мол-мулк;
  • мерос тариқасида олинган мол-мулк;
  • бошқа бепул битим асосида олинган мол-мулк.

Мол-мулкнинг эр-хотин умумий мулкига мансублиги ёки уларнинг улушлари бўйича низо мавжуд бўлса, масала нотариал тартибда эмас, суд томонидан ҳал этилади.

Зарур маълумот ва ҳужжатлар

Нотариал ҳаракатни амалга ошириш учун қуйидагилар зарур:

  • эр-хотиннинг ёзма аризаси;
  • паспорт, ID-карта ёки бошқа шахсни тасдиқловчи ҳужжат;
  • мол-мулкка бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжат;
  • вакил қатнашса, унинг ваколатини тасдиқловчи ҳужжат.

Никоҳ қайд этилганлигига оид маълумот нотариус томонидан ФҲДЁнинг ягона электрон архиви орқали текширилади.

Электрон тизимда маълумот мавжуд бўлмаса ёки техник носозлик юзага келса, тегишли маълумот қонунчиликда белгиланган тартибда олинади.

Кўчмас мулк ёки автомототранспорт воситасига бўлган ҳуқуқ, тақиқ, хатлов ва бошқа зарур маълумотлар ҳам тегишли ахборот тизимлари орқали текширилади.

Эр ёки хотин вафот этган ҳолат

Эр-хотиндан бири вафот этганида гувоҳнома тирик қолган эр ёки хотиннинг ёзма аризаси асосида мерос очилган жойдаги нотариус томонидан берилади.

Тирик қолган эр ёки хотинга никоҳ давомида орттирилган умумий мол-мулкнинг ярмига гувоҳнома берилиши мумкин.

Меросни қабул қилган меросхўрлар гувоҳнома берилганлиги ҳақида хабардор қилинади. Улар норози бўлса, масалани ҳал этиш учун судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.

Меросхўрларнинг ёзма аризаси ва тирик қолган эр ёки хотиннинг розилиги билан гувоҳномада вафот этган эр ёки хотиннинг умумий мол-мулкдаги улуши ҳам белгиланиши мумкин.

Гувоҳноманинг мазмуни ва рўйхатдан ўтказиш

Гувоҳнома матнида мол-мулкнинг тўлиқ тавсифи кўрсатилади.

Гувоҳнома:

  • кўчмас мулкка нисбатан берилган бўлса — кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказувчи ваколатли органда;
  • автомототранспорт воситасига нисбатан берилган бўлса — Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати органларида рўйхатдан ўтказилиши лозим.

Гувоҳноманинг нотариус томонидан берилиши кўчмас мулк ёки транспорт воситасига бўлган ҳуқуқни тегишли давлат органида рўйхатдан ўтказиш мажбуриятини бекор қилмайди.

Хизмат учун тўлов

«Давлат божи тўғрисида»ги Қонунга мувофиқ, эр-хотиннинг умумий мол-мулкидаги улушга мулк ҳуқуқи тўғрисида гувоҳнома берганлик учун давлат божи БҲМнинг 50 фоизи миқдорида ундирилади.

Ҳужжат лойиҳасини тайёрлаш, ҳуқуқий тушунтириш, тақиқ ва хатловларни текшириш ҳамда бошқа ҳуқуқий-техник ҳаракатлар учун белгиланган максимал ставкалар доирасида қўшимча тўлов ундирилиши мумкин.

Ушбу муносабатлар Оила кодекси, «Нотариат тўғрисида»ги Қонун ва Нотариуслар томонидан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги йўриқнома билан тартибга солинади.

Chat