Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 48758 марта ўқилди

Коммунал тўловлар

1. Коммунал хизматлар учун мажбурий тўловлар совуқ ва иссиқ сув, канализация, электр, газ, иситиш (отопление), қаттиқ ва суюқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиш учун тўланадиган тўловлардан иборат.

2. Иссиқ сув, электр, газ, иситиш (отопление), чиқиндиларни олиб чиқиш учун тўловлар ўтган ойдан кейинги ойнинг 10 кунидан кечиктирмай ҳар ойда амалга оширилиши керак.

Тўловлар юқорида белгиланган муддатларда амалга оширилмаган тақдирда, ҳар бир кечиктирилган кун учун юридик шахслар учун 0,4 фоиз, жисмоний шахслар учун 0,1 фоиз миқдорида, бироқ кечиктирилган тўлов суммасининг 50 фоизидан кўп бўлмаган миқдорда пеня тўлайди.

3. Сув таъминоти ва канализация хизматлари учун мажбурий тўловлар олдиндан 100 фоизлик ҳақ тўлаш асосида амалга оширилади. Батафсил ҳаволада.

4. Коммунал хизматлар учун тўловлар банк шахобчалари, кўчма сайёр кассалар ҳамда PAYME, CLICK, UZCARD, орқали онлайн амалга оширишлари мумкин.  

Қуйидаги тоифалар учун коммунал хизматлар ҳақини тўлашда ойлик компенсация пул тўловлари берилади

1. Қуйидаги тоифалар учун коммунад хизматлар ҳақини тўлаш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 45 фоизи миқдорида компенсация пул тўловлари берилади:

  • 1941 — 1945 йиллардаги уруш ногиронлари ва қатнашчиларига тенглаштирилган шахслар;
  • ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз пенсионерлар;
  • Совет Иттифоқи Қаҳрамонлари, Социалистик Меҳнат Қаҳрамонлари ва «Слава» орденининг учала даражаси билан мукофотланган шахслар;
  • фашист концлагерларининг собиқ вояга етмаган маҳбуслари;
  • Ленинград шаҳри қамали даврида ишлаган фуқаролар;
  • кўриш қобилияти бўйича I гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар;
  • Чернобиль ҳалокати оқибатида жабрланган фуқаролар;
  • ядро полигонлари ва бошқа радиация-ядро объектларида ҳарбий хизматни ўтаган пенсия ёшидаги шахслар.

2. 1941—1945 йиллардаги уруш ногиронлари ва қатнашчиларига коммунал хизматлар ҳақини тўлаш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 фоизи миқдорида компенсация пул тўловлари берилади.

3. 1941 — 1945 йиллардаги уруш давридаги меҳнат фронти қатнашчиларига коммунал хизматлар ҳақини тўлаш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 25 фоизи миқдорида компенсация пул тўловлари берилади.

Юқоридаги тоифага мансуб бўлган шахсларга компенсация уни олиш ҳуқуқини берувчи ҳужжатни илова қилган ҳолда компенсация тайинлаш тўғрисида ариза топширилган ойдан кейинги ойнинг биринчи кунидан тайинланади.

Компенсациялар қуйидаги тартибда тўланади:

  • ишламайдиган пенсионерлар ва ижтимоий нафақалар олувчиларга — пенсия (ижтимоий нафақа) тўлаш билан бир вақтда;
  • ишлайдиган фуқароларга, шу жумладан ишлайдиган пенсионерларга иш ҳақини тўлаш муддатларида.

Компенсация тўлашни тўхтатиш

Қуйидаги ҳолларда вақтинча тўхтатилади:

  • пенсия (нафақа) тўлаш муддати тамом бўлганда;
  • кетма-кет 3 ойдан ортиқ вақт мобайнида почта алоқаси ташкилоти орқали компенсация олинмаганда;
  • фуқаро озодликдан маҳрум этилганда;
  • фуқаро руҳий беморлар интернат уйларида яшаганда;
  • компенсацияни тўлашни тўхтатиб туриш тўғрисида фуқаро томонидан ариза берилганда.

Қуйидаги ҳолларда тўхтатилади:

  • фуқаро вафот этганда;
  • тайинланган компенсацияга ҳуқуқлар йўқолганда;
  • доимий яшаш учун Ўзбекистон Республикаси ташқарисига чиқиб кетилганда.

Уй-жойда доимий прописка қилинган вояга етган жисмоний шахслар электр, газ, сув ва сувни чиқариб юбориш (канализация) хизматлари кўрсатилганлиги учун ҳақ тўлаш бўйича қарздорлик юзага келган тақдирда уй эгаси билан биргаликда жавобгар бўлади.

Истеъмолчиларни электр, газ, ичимлик сув ва канализация тармоқлари ҳамда сув қувурларидан узиб қўйиш

1. Истеъмолчилар қуйидаги ҳолларда электр, газ, ичимлик сув ва канализация тармоқлари ҳамда сув қувурларидан узиб қўйилади:

  • ҳисоб-китоблар ўз вақтида амалга оширилмаганлиги оқибатида қарздорлик мавжуд бўлганда;
  • вакилларига электр энергияси, табиий газ ва ичимлик сув истеъмолини ҳисобга олиш приборларидан кўрсаткичларни олиш учун рухсат этилмаганда;
  • электр, газ, ичимлик сув ва канализация тармоқларига ўзбошимчалик билан уланилганда ёки улардан фойдаланиш қоидалари бузилганлиги аниқланганда;
  • электр энергияси, табиий газ ва ичимлик сув истеъмолини ҳисобга олиш прибор (сетчик)лари қасддан бузилганда, кўрсаткичларни ўзгартириш мақсадида уларга ташқаридан аралашилганда.

2. Электр энергияси, табиий газ, ичимлик сув истеъмолчилари узиб қўйиладиган электр, газ, ичимлик сув ва канализация тармоқлари ҳамда сув қувурларининг нуқталари МИБ томонидан назорат тартибида мажбурий пломбаланади.

3. Электр ва газ тармоқларидан узиб қўйилган шахсларни қайта улашда истеъмолчи-жисмоний шахслардан БҲМнинг 2 баравари микдорида истеъмолчи-юридик шахслардан БҲМнинг 10 баравари миқдорида тўлов ундирилади. Ичимлик сув, канализация тармоқлари ва сув қувурларидан илгари узиб қўйилган шахсларни қайта улашда истеъмолчи-жисмоний шахслардан 2 баравари миқдорида, истеъмолчи-юридик шахслардан БҲМнинг 10 баравари миқдорида тўлов ундирилади.

Хорижий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахслар томонидан коммунал хизматлар тўланмаганда

Яшаш жойида бўлмаган хорижий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахслар томонидан коммунал хизматлар узоқ вақт (12 ойдан ортиқ) ҳақ тўланмаган тақдирда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг тақдимномасига кўра қарздорликни ҳал қилиш учун уй-жой белгиланган тартибда хатлаб қўйилади.

Электр, иссиқлик энергияси, газдан фойдаланиш қоидаларини бузганлик учун жавобгарлик

Электр, иссиқлик, газ тармоқларига ўзбошимчалик билан уланиш ёки улардан фойдаланиш қоидаларини бошқача тарзда бузиш ёхуд электр, иссиқлик энергияси, табиий газни ҳисобга олиш асбобларига шу жумладан уларнинг пломбаларига қасддан шикаст етказиш ёки бундай ҳисобга олиш асбобларининг кўрсаткичларини ўзгартириш мақсадида уларга ташқаридан аралашганлик жарима солишга сабаб бўлади.

Chat