Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 12796 марта ўқилди

Мева-сабзавот етиштирувчилар имтиёзли кредит билан таъминланади

Маҳсулот етиштирувчиларга қандай кредит берилади?

Фермер ва деҳқон хўжаликлари ҳамда бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулоти етиштирувчиларга мева, узум, сабзавот, картошка, полиз экинлари, гул, кўкатлар, доривор ўсимликлар, маккажўхори дони, дуккакли, мойли ва шоли экинларини етиштириш учун имтиёзли кредитлар ажратилади.

Кредит:

  • ҳосил қийматининг 50 фоизигача;
  • йиллик 14 фоиз ставкада, шундан 2 фоизи банк маржаси;
  • 6 ойлик имтиёзли давр билан;
  • 12 ой муддатга ажратилади.

Қайта ишловчи, сақловчи ва экспорт қилувчилар учун қандай шартлар бор?

Мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишловчи, сақловчи ва экспорт қилувчиларга етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини харид қилиш учун зарур айланма маблағларни тўлдириш мақсадида йиллик 14 фоиз ставкада 12 ойлик револьвер кредит ажратилади.

Ушбу кредит ҳисобидан кластер ва кооперацияларнинг тижорат банкларидан аввал олган бошқа кредитларини сўндиришга йўл қўйилмайди.

Револьвер кредит — белгиланган лимит доирасида қарз маблағларидан қайта-қайта фойдаланиш имконини берувчи кредит шакли.

Ёшлар учун қандай кредит мавжуд?

«Маҳалла еттилиги» тавсияси асосида шакллантириладиган рўйхатга киритилган ва электрон онлайн-аукцион орқали деҳқон хўжалиги юритиш учун ер майдонини ижарага олган ёшларга мини-техника, уруғ ва кўчат харид қилиш учун:

  • 100 млн сўмгача;
  • йиллик 14 фоиз ставкада, шундан 2 фоизи банк маржаси;
  • 6 ойлик имтиёзли давр билан;
  • 7 йилгача кредит ажратилади.

Қарор доирасидаги кредитларни «маҳалла еттилиги»нинг кафиллиги асосида ажратишга ҳам рухсат этилган.

Ҳосилни суғурталаш харажатларининг бир қисми қопланадими?

Экспорт шартномаси мавжуд бўлган мева-сабзавотчилик кластерлари, кооперациялар ва фермер хўжаликлари ҳосилни хавф-хатардан суғурталаш хизматидан фойдаланганда тўланган суғурта мукофотининг 50 фоизи, бироқ суғурта пулининг 1 фоизидан ортиқ бўлмаган қисми қоплаб берилади.

Бунда суғурта пули суғурталанаётган ҳосил қийматининг камида 70 фоизини ташкил этиши лозим.

Хорижий мутахассисни жалб қилиш харажатлари ҳам қопланадими?

Мева-сабзавотчилик кластерлари ва кооперацияларига хориждан малакали агроном, энтомолог ва лаборатория мутахассисларини жалб қилиш харажатларининг 50 фоизи компенсация қилинади.

Компенсация миқдори ҳар бир мутахассис учун бир ойда 1 000 АҚШ доллари эквивалентидан ошмаслиги керак.

Эслатма: имтиёзли кредит мақсадли ҳисобланади. Кредит турига қараб унинг маблағларидан фақат белгиланган қишлоқ хўжалиги фаолияти ёки айланма маблағларни молиялаштириш учун фойдаланиш мумкин.

Chat