Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 37844 марта ўқилди

Ер участкасини олиб қўйишга қачон йўл қўйилади

Жисмоний ёки юридик шахсга тегишли ер участкасини жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйишга фақат қонунда белгиланган мақсадларда ва тўлиқ компенсация бериш шарти билан йўл қўйилади.

Ер участкасини олиб қўйиш ташаббуси асослантирувчи материаллар билан бирга Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ёки тегишли халқ депутатлари маҳаллий Кенгашига киритилади.

Очиқ муҳокама ўтказилиши

Маҳаллий Кенгаш ташаббусни дастлабки тарзда кўриб чиқиб, уни рад этиш ёки очиқ муҳокама ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилади.

Очиқ муҳокама тегишли қарор қабул қилинган кундан эътиборан бир ой ичида ўтказилади. Ҳуқуқ эгалари муҳокама вақти ва жойи тўғрисида камида 7 кун олдин хабардор қилиниши керак.

Муҳокама аудио ва видеоёзувга олинади. У ҳуқуқ эгалари ёки улар вакилларининг камида учдан икки қисми иштирок этган тақдирда ўтказилган ҳисобланади.

Компенсация тўғрисидаги келишув

Компенсациянинг тури, миқдори ва уни бериш муддати ҳуқуқ эгаси билан ўтказиладиган музокараларда белгиланади. Келишув:

  • ҳуқуқ эгаси ва тегишли ҳокимлик ўртасида ёзма шаклда тузилади;
  • тарафларнинг розилигига асосланади;
  • нотариал тартибда тасдиқланади;
  • компенсациянинг тури, миқдори ва тўлаш муддатини ўз ичига олади.

Ҳуқуқ эгасини келишувни имзолашга мажбурлаш, уйни коммуникация тармоқларидан узиш, объектга киришни тўсиш ёки яшаш учун тўсқинлик қилувчи шароит яратиш мумкин эмас.

Қопланадиган зарарлар

Компенсация таркибига қуйидагилар киради:

  • кўчмас мулк объектининг бозор қиймати;
  • олиб қўйилаётган ер участкасига бўлган ҳуқуқнинг бозор қиймати;
  • кўп йиллик дов-дарахтларнинг бозор қиймати;
  • кўчиш ва бошқа объектни вақтинча ижарага олиш харажатлари;
  • аввалги фаолиятни тиклашгача бўлган, бироқ бир йилдан ошмайдиган давр учун бой берилган фойда;
  • қонунчилик ёки келишувда назарда тутилган бошқа харажат ва зарарлар.

Бундан ташқари, ҳуқуқ эгасига келтирилган ноқулайликлар учун кўчмас мулк бозор қийматининг 5 фоизи миқдорида бир марталик тўлов берилади.

Пул шаклидаги компенсация келишув тузилган санадан эътиборан бир ойдан кечиктирмай, бошқа турдаги компенсация эса, қоида тариқасида, олти ойдан кечиктирмай берилиши керак.

Кўчмас мулкни бузиш учун ер участкасини олиб қўйиш тўғрисидаги қарорнинг ўзи етарли эмас. Объектни компенсация тўлиқ берилмасдан ва уни бузиш ҳақида алоҳида қарор қабул қилинмасдан бузишга йўл қўйилмайди.

Кўчмас мулкни бўшатиш ва бузиш

Кўчмас мулкни бўшатиш муддати нотариал келишувда белгиланади. У компенсация тўлиқ берилган кундан бошлаб ҳисобланади ва олти ойдан ошмаслиги керак.

Компенсация тўлиқ берилгунига ва объект бўшатилгунига қадар уни сув, электр энергияси, газ, иссиқлик, алоқа ва бошқа коммуникация тармоқларидан узиш тақиқланади.

Ҳуқуқ эгаси объектни белгиланган муддатда бўшатмаса, мажбурий кўчириш фақат суд тартибида амалга оширилиши мумкин.

Chat