Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 5334 марта ўқилди

Чорвачиликка ихтисослашган фермер хўжалиги ташкил этиш тартиби қандай?

✅ Ўзбекистон Республикаси “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги қонунининг 5-моддасига асосан фермер хўжалиги танлов асосида аксарият ҳолларда меҳнат ресурслари ортиқчалиги сезилмаётган ерларда ва ҳудудларда ташкил этилади.

✅ Чорвачилик маҳсулоти етиштиришга ихтисослаштирилган фермер хўжалиги камида 30 шартли бош чорва моли бўлган тақдирда ташкил этилади. Фермер хўжалигига ижарага бериладиган ер участкаларининг энг кам ўлчами бир шартли бош чорва молга ҳисоблаганда Андижон, Наманган, Самарқанд, Тошкент, Фарғона ва Хоразм вилоятларидаги суғориладиган ерларда камида 0,3 гектар, Қорақалпоғистон Республикаси ва бошқа вилоятлардаги суғориладиган ерларда камида 0,45 гектар, суғорилмайдиган (лалмикор) ерларда эса камида 2 гектарни ташкил этади.

Фермер хўжалиги қандай холатларда тугатилади?

✅ Фермер хўжалиги қуйидаги ҳолларда тугатилади:

  • хўжалик фаолиятини давом эттириш истагида бўлган биронта ҳам хўжалик аъзоси ёки меросхўр қолмаган бўлса;
  • ер участкасини ижарага олиш ҳуқуқидан ихтиёрий воз кечилганда;
  • ер участкасининг ижарага берилган муддати тугаганда ва ердан фойдаланиш ҳуқуқини тиклашнинг имконияти бўлмаганда;
  • ердан белгиланган мақсадда ва оқилона фойдаланилмаганда, олинган ҳосилдорлик норматив кадастр баҳосидан муттасил (уч йил мобайнида) паст бўлганда;
  • ерларнинг экологик ҳолати ёмонлашганда;
  • ер участкаси белгиланган тартибда олиб қўйилганда;
  • фермер хўжалиги банкрот деб эълон қилинганда;
  • ижара ҳақи белгиланган муддатларда муттасил тўланмай келинганда;
  • фермер хўжалиги ер олган пайтдан эътиборан бир йил мобайнида хўжалик-ишлаб чиқариш фаолиятига киришмаган бўлса;
  • фермер хўжаликлари фаолиятини тартибга солувчи қонун ҳужжатлари бир неча марта ёки бир марта, лекин қўпол равишда бузилганда;
  • шартнома шартлари бузилганлиги муносабати билан ерни ижарага олиш шартномаси бекор қилинганда.

Сервитут ҳуқуқи нима?

 Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 30-моддасида ўзганинг ер участкасидан чекланган тарзда фойдаланиш ҳуқуқи (сервитут) — қўшни бўлган бир ёки бир неча ер участкаларидан чекланган тарзда фойдаланиш ҳуқуқидир.

✅ Сервитут қуйидаги мақсадларда белгиланиши мумкин:

  • ўзганинг ер участкаси орқали пиёда ёки транспортда ўтиш;
  • ўзганинг ер участкасида дренаж ишлари ўтказиш;
  • ўзганинг ер участкасидан электр узатиш, алоқа линиялари ва трубопроводлар, ирригация, муҳандислик ва бошқа линиялар ҳамда тармоқлар ўтказиш ва улардан фойдаланиш;
  • ўзганинг ер участкасидан экинзор ва молларни суғориш учун сув олиш;
  • молларни ўзганинг ер участкаси орқали ҳайдаб ўтиш;
  • ўзганинг ер участкасидан қидирув, тадқиқот ва бошқа ишларни бажариш учун вақтинча фойдаланиш;
  • ўзганинг ер участкасида иҳота дарахтлари экиш ва табиатни муҳофаза қилишга тааллуқли бошқа объектлар барпо этиш.

✅ Сервитут, уни белгилашни талаб қилган шахслар билан ўзга ер участкасининг эгалик қилувчиси, фойдаланувчиси, ижарачиси ва мулкдори ўртасидаги келишувга мувофиқ, келишувга эришилмаган тақдирда эса, суднинг ҳал қилув қарорига биноан белгиланади.

Ерга нисбатан мулк ҳуқуқи қачон вужудга келади?

 Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 31-моддасига кўра, юридик ва жисмоний шахсларнинг ер участкасига бўлган ҳуқуқи жойнинг ўзида чегаралар белгиланганидан, ер участкаларининг планлари (чизмалари) ва тавсифлари тузилиб, ер участкаларига бўлган ҳуқуқ давлат рўйхатига олинганидан кейин вужудга келади.

Ўзбошимчалик билан ер эгаллаш ва унда иморат қуришнинг оқибатлари қандай?

 Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 91-моддасига кўра, ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкалари уларга ғайриқонуний равишда эгалик қилинган ва фойдаланилган вақтда қилинган сарф-харажатлар қопланмаган тарзда тегишлилигига кўра қайтарилади.

✅ Ер участкаларини фойдаланиш учун яроқли ҳолатга келтириш, шу жумладан ундаги иморатларни бузиш ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олган шахслар ҳисобидан амалга оширилади.

✅ Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкасини ер эгасига, ердан фойдаланувчига, ер участкаси ижарачисига ёки мулкдорига қайтариш тегишли туман, шаҳар, вилоят ҳокимининг қарорига биноан ёки суднинг ҳал қилув қарорига кўра амалга оширилади.

Chat