Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 18791 марта ўқилди

Фуқароларнинг репродуктив саломатлиги нима?

✅ Ўзбекистон Республикасининг “Фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш тўғрисида”ги қонуни 
3-моддасига кўра, фуқароларнинг репродуктив саломатлиги инсоннинг жисмоний, ақлий ва ижтимоий жиҳатдан соғломлиги ҳолати бўлиб, бу ҳолат унинг бола туғилишига қодирлигини белгилайдиган репродуктив тизими, ушбу тизимнинг функциялари, ҳаётий жараёнлари билан боғлиқ бўлади.

Фуқароларнинг репродуктив саломатлиги тизимига қандай тиббий хизматлар киритилган?

✅ Фуқароларнинг репродуктив саломатлиги тизимига:

  • фуқароларнинг репродуктив саломатлиги тўғрисида ишончли ва тўлиқ ахборот олиш;   
  • ҳомиладорликни сақлаб юришни ва боланинг асоратларсиз ҳамда нуқсонларсиз туғилишини таъминлайдиган, ҳомиладорлик, туғиш ва туғишдан кейинги даврдаги тадбирлар, муолажалар ҳамда хизматлар;
  • репродуктив тизим касалликларининг олдини олиш ва уларни даволаш;
  • жинсий йўл билан ўтадиган касалликларнинг олдини олиш ва уларни даволаш;
  • эҳтимолдаги асоратларнинг ва репродуктив тизим функциялари бузилиши оқибатларининг олдини олишга кўмаклашган ҳолда ҳомиладорликни хавфсиз равишда сунъий тўхтатиш;
  • контрацепция усуллари ва улардан фойдаланиш тўғрисида ахборот олиш хизматлари киритилган.

Қонунда ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатишга йўл қуйиладими?

✅“Фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш тўғрисида”ги қонуни 18-моддасида ҳомиладорликнинг 12 ҳафтагача бўлган муддатида аёлнинг хоҳишига кўра, ҳомиладорнинг ҳаётига хавф солувчи тиббий кўрсатмалар мавжуд бўлганида ҳомиладорлик муддатидан қатъи назар амалга оширилиши мумкинлиги қайд этилган.

✅ Ушбу модданинг 2-қисмига кўра, тиббиёт муассасалари тиббий кўрсатмаларга кўра ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатиш тўғрисида ёки ҳомиладорликни тўхтатишни рад этиш ҳақида қарор қабул қилган аёлни унинг соғлиғи учун ҳар қандай эҳтимол тутилган салбий оқибатлар ҳақида хабардор этиши шарт.

Никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш мажбурийми ва улар қай тартибда тиббий кўрикдан ўтказилади?

✅Оила Кодексининг 17-моддасида никоҳланувчи шахсларнинг давлат соғлиқни сақлаш тизими муассасаларида бепул тиббий кўрикдан ўтишлари шарт эканлиги белгиланган.

✅Никоҳланувчи шахслар 50 ёшдан ошган бўлса, шунингдек алоҳида ҳоллар, яъни ҳомиладорлик, бола туғилиши, бир тарафнинг касаллиги ва бошқаларда никоҳ ариза берилган куни тузилиши мумкин.

✅ Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил  25 августдаги 365-сон қарори билан тасдиқланган “Никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш тўғрисида"ги Низом талабларига кўра, никоҳланувчи шахсларнинг тиббий кўриги фуқаролигидан қатъи назар, Ўзбекистон Республикаси ФҲДЁ органлари томонидан рўйхатдан ўтказиладиган барча никоҳларга жорий этилади.

✅ 50 ёшдан катта шахслар тиббий кўрикдан фақат ўзларининг розилигига кўра ўтказилади.

Кимлар ногиронлиги бўлган шахс ҳисобланади?

 “Ўзбекистон Республикасида ногиронлари ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунга кўра, жисмоний, ақлий, руҳий ёки сенсор (сезги) нуқсонлари борлиги туфайли турмуш фаолияти чекланганлиги муносабати билан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ногирон деб топилган ҳамда ижтимоий ёрдамга ва ҳимояга муҳтож шахслар ногиронлиги бўлган шахслар деб топилади.

Ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий ҳимоя қилиш нима?

✅“Ўзбекистон Республикасида ногиронлари ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунга кўра, ногиронлиги бўлган шахсларга турмуш фаолияти чекланганлигини бартараф этиши, қоплаши (компенсация қилиши) учун шарт-шароитларни таъминловчи ҳамда уларга жамият ҳаётида бошқа фуқаролар билан тенг иштирок этиш имкониятларини яратишга қаратилган, давлат томонидан кафолатланган иқтисодий, ижтимоий ва ҳуқуқий чора-тадбирлар тизими-ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий ҳимоя қилиш ҳисобланади.   

Ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация қилиш нима?

 “Ўзбекистон Республикасида ногиронлари ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунга кўра, ногиронлиги бўлган шахсларга организмининг издан чиққан ёки йўқолган функцияларини тиклаш ва уларни компенсация қилиш, турмуш фаолияти чекланганлигини бартараф этиши учун ёрдам беришга қаратилган тиббий, ижтимоий, психологик, педагогик, жисмоний, касбга, меҳнатга доир чора-тадбирлар тизими - ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация қилиш ҳисобланади.

16 ёшгача ногиронлиги бўлган болалар нима сабабдан тиббий-меҳнат эксперт комиссиялари томонидан тиббий кўрикдан ўтказилади?

 Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2015 йил 10 декабрдаги 104 ва 41-сон қарорлари билан тасдиқланган “16 ёшгача ногирон болаларни тиббий-меҳнат эксперт комиссиялари томонидан тиббий кўрикдан ўтказиш тўғрисида”ги Низом талабларига кўра, 16 ёшгача бўлган ногиронлиги бўлган болалар Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси туман (шаҳар) бўлимларининг тиббий кўрикдан ўтказиш мақсади кўрсатилган йўлланмасига асосан даволаш-профилактика муассасаси тиббий-маслаҳат комиссияси томонидан берилган 16 ёшгача бўлган болаларни ногирон деб топиш ҳақидаги тиббий хулосанинг асослилигини ўрганиш мақсадида туман, туманлараро, шаҳар ва ихтисослаштирилган тиббий-меҳнат эксперт комиссиялари томонидан кўрикдан ўтказилади.

Давлат томонидан кафолатланган тиббий хизматлар доирасига қандай тиббий хизмат турлари киради?

✅ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1998 йил 10 ноябрдаги ПФ-2107 сонли фармони билан тасдиқланган «Соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш давлат дастури»га асосан, давлат томонидан кафолатланган бепул тиббий хизматлар доирасига қуйидагилар киради:

  • шошилинч, кечиктириб бўлмайдиган тиббий ёрдам кўрсатиш;
  • соғлиқни сақлаш тизимининг бирламчи бўғинида ва бир қатор давлат даволаш-профилактика муассасаларида, биринчи навбатда қишлоқ жойлардаги тиббиёт муассасаларида тиббий хизматлар кўрсатиш;
  • аҳолини юқумли касалликларга қарши иммунизациялаш ва эмлаш;
  • ижтимоий ахамиятга эга ва атрофдагилар соғлиғига хавф туғдирувчи сил, хавфли ўсма, руҳий, наркологик, эндокринологик, ҳамда касб касалликларига дучор бўлган шахсларга ихтисослашган тиббий ёрдам кўрсатиш;
  • болаларни текширувдан ўтказиш ва даволаш (пуллик муассасалардан ташқари);
  • 15-17 ёшдаги ўсмирларни, ҳамда чақирув комиссияларининг йўлланмалари билан чақириқ ёшидаги (18-27 ёш) шахсларни текширувдан ўтказиш ва даволаш;
  • ҳомиладорларга тиббий хизмат кўрсатиш (пуллик муассасалардан ташқари);
  • беморларнинг имтиёзли тоифаларига (ногиронлиги бўлган шахслар, уруш фахрийлари, ғирт етимлар ва бошқалар) бепул тиббий хизмат кўрсатиш.

 

Chat