Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 12345 марта ўқилди

Пластик карта узоқ муддат давомида ишлатилмаганлиги боис блокланган. Уни қандай қилиб актив ҳолатга келтириш мумкин?

 Пластик карта қуйидаги сабабларга кўра, блокланиши бўлиши мумкин:

  • ишлатиш муддати тугаган ҳолатда; 
  • пластик картаси карта эгаси унга хизмат кўрсатаётган банкда ўз истагига кўра блокласа; 
  • уч  маротаба нотўғри PIN-код киритилганда автоматик равишда блокланиши мумкин.

✅ Келтирилган сабабларнинг ҳар бирида ҳам Сизга хизмат кўрсатаётган банкка мурожаат қилишингиз лозим.

Банк ўз мижозининг пул маблағларини тасарруф этиш ҳуқуқига эгами?

✅ Мижоз ўзининг банк ҳисобварағида сақланаётган пул маблағларини мустақил тасарруф этади. Банк мижознинг пул маблағларидан қай тарзда фойдаланишни белгилашга ва назорат қилишга, шунингдек, унинг пул маблағларини ўз хоҳишига кўра тасарруф этиш ҳуқуқига эга эмас. Қонунчиликда белгиланган ҳоллар бундан мустасно.

✅ Хусусан, давлат солиқ хизмати органлари давлат бюджетига тўланадиган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ундириш тўғрисида, божхона органлари ўз муддатида тўланмаган божхона тўловлари ва жарималарни ундириш тўғрисида, давлат ижрочилари ва ундирувчилар ижро ҳужжатлари бўйича пул маблағларини ундириш тўғрисида инкассо топшириқномалари қўйилганда ва қонунчиликда белгиланган бошқа ҳолатларда маблағлар мижоз ҳисобварағидан ечилади.

Вафот этган яқин қариндошимнинг тижорат банкидаги омонатлари ва пул ўтказмалари тўғрисида маълумотларни олишим мумкинми?

 Мижоз тўғрисидаги банк сирини ташкил этувчи маълумотлар, унинг меросхўрлари ёки ҳуқуқий ворисларига, агар уларнинг ўзи ёки улар ваколат берган вакиллар қонун ҳужжатларига мувофиқ мерос ҳуқуқини ёки ҳуқуқий ворисликни тасдиқловчи зарур ҳужжатларни тақдим этсалар, банк томонидан тақдим этилади.

✅ Мерос ҳуқуқини ёки ҳуқуқий ворисликни тасдиқламайдиган ҳужжатлар олинган тақдирда, банк мурожаат қилган шахсни у сўраган маълумотларни тақдим этиш имконияти йўқлиги хусусида 3 иш куни ичида ёзма равишда хабардор қилиши шарт, шунингдек қўшимча ҳужжатлар тақдим этишни талаб қилишга ёки мурожаат этган шахснинг мерос ҳуқуқини ёхуд ҳуқуқий ворислигини тасдиқлаб бериш тўғрисидаги ёзма сўровни тегишли нотариусга ёки юридик шахсни давлат рўйхатидан ўтказувчи органга юборишга ҳақли.

✅ Мерос ҳуқуқини ёки ҳуқуқий ворисликни тасдиқловчи барча зарур ҳужжатлар тақдим этилган тақдирда, банк мурожаат этган шахсга 5 иш куни ичида тегишли мижоз тўғрисидаги тўлиқ маълумотларни бериши мумкин.

Жисмоний шахсларга автокредитлар ажратиш тартиби қандай?

 Истеъмол кредити (шу жумладан, автокредит) жисмоний шахсга  унинг истеъмол эҳтиёжларини қондириш мақсадида товарлар (ишлар, хизматлар) сотиб олиш учун бериладиган кредитдир. Истеъмол кредити ўз фаолияти натижасида олинган даромадларга, пенсия ва бошқа даромадларга эга бўлган жисмоний шахсларга берилади.

✅ Автокредит Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилган енгил автомашина сотиб олиш учун уларни ишлаб чиқарувчи ёки реализация қилувчи ташкилотларнинг банкдаги ҳисобварағига пул ўтказиш йўли билан амалга оширилади.

✅ Жисмоний шахсларга автокредит бериш тартиби (фоиз, муддат, бошланғич бадал ва бошқалар) ҳар бир банкнинг кредит сиёсатига асосан белгиланади.

Ломбардга қандай хужжатлар тақдим этилиши керак?

Ломбардга тақдим этиладиган ҳужжат:

  • шахсни тасдиқловчи ҳужжат (фуқаролик паспорти ёки идентификация ID-карта);
  • янги намунадаги миллий ҳайдовчилик гувоҳномаси;
  • Ўзбекистон Республикасида доимий яшовчи чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг яшаш гувоҳномалари ёки ID-карталари;
  • ҳарбий билет ёки ҳарбий қисмлар ёхуд ҳарбий муассасалар томонидан бериладиган шахсини тасдиқловчи ҳужжат тақдим этилганда, фуқаролар билан шартномалар тузади.

Ломбард, зарур ҳолларда, гаровга ёки сақлашга топширилаётган мол-мулкка (ашёга) эгалик ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатларни ёки бошқа далилларни талаб қилишга ҳақли.

Chat