Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Республикада картошка етиштиришни кенгайтириш ва уруғчилигини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, картошкачиликка ихтисослаштириладиган туманларда картошкачилик кластерлари ва кооперациялари ташкил этилади.
Қуйидагилар картошкачилик кластерлари ва кооперациялари фаолиятининг асосий йўналишлари этиб белгиланди:
- инновацион ва ресурс тежамкор технологиялар асосида яхлит майдонларда истеъмол ва уруғлик картошка етиштириш ҳамда соҳада қўшилган қиймат занжирини яратиш;
- уруғлик картошканинг супер элита ва элита авлодларини етиштиришни кенгайтириш, уруғликлар тайёрлаш ҳамда замонавий картошка плантацияларини барпо этиш;
- истеъмол ва уруғлик картошкага бўлган ички бозор талабини қондириш, шунингдек, унинг экспортини кенгайтириш;
- картошка экиш учун мўлжалланган экин майдонининг камида 50 фоизида уруғлик картошканинг супер элита ва (ёки) элита авлодларини етиштиришни йўлга қўйиш;
- уруғлик картошкани сақлаш, саралаш, етказиб бериш ва қайта ишлашни йўлга қўйиш;
- картошкачилик соҳасига илғор технологиялар, инновацион ечимлар ва илм-фан ютуқларини жорий этиш.
Қарор билан истеъмол ва уруғлик картошка етиштиришга ихтисослаштириладиган туманлар ҳамда ҳудудлар рўйхати тасдиқланди.
2020 йил 1 майдан бошлаб картошка етиштирувчи фермер хўжаликлари, қишлоқ хўжалиги корхоналари, шунингдек, картошкачилик кластерлари ва кооперацияларининг уруғлик картошка харид қилиш харажатларини молиялаштириш учун уларга 12 ой муддатгача тижорат кредитлари ажратилади. Бунда:
- миллий валютада ажратиладиган тижорат кредитлари бўйича фоиз ставкасининг Марказий банкининг асосий ставкасидан ошадиган, лекин 10 фоиз пунктидан кўп бўлмаган қисми;
- хорижий валютада ажратиладиган кредитлар бўйича фоиз ставкасининг 30 фоизигача, лекин 3 фоиз пунктидан кўп бўлмаган қисми Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан қопланади.
2023 йил 1 июлгача бўлган муддатга четдан олиб кирилаётган уруғлик картошка божхона божидан озод этилади.