Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 22351 марта ўқилди

Ишсизлар — 16 ёшдан то пенсия билан таъминланиш ҳуқуқини олишгача бўлган ёшдаги, ҳақ тўланадиган ишга ёки даромад келтирадиган машғулотга эга бўлмаган, иш қидираётган ва иш таклиф этилса, унга киришишга тайёр бўлган ёхуд касбга тайёрлашдан, қайта тай ёрлашдан ўтишга ёки малакасини оширишга тайёр бўлган меҳнатга лаёқатли шахслар.

  • Ишсиз деб эътироф этиш учун шахс маҳаллий меҳнат органларида иш қидирувчи сифатида рўйхатга олинган бўлиши лозим.
  • Маҳаллий меҳнат органида рўйхатга олинган пайтдан бошлаб 10 кун ичида ўзларига таклиф қилинган мақбул келадиган ишни 2 марта рад этган шахслар иш қидираётган деб эътироф этилмайди ва таклиф қилинган ишни рад этган пайтдан бошлаб 30 календарь кун ўтгандан кейингина ишсиз сифатида такроран рўйхатга олиниш ҳуқуқига эгадир.

Иш қидираётган шахсларни ҳисобдан чиқариш

Иш қидираётган шахс маҳаллий меҳнат органида рўйхатга олинган кундан эътиборан ўн кун ичида қуйидаги ҳолларда ҳисобдан чиқарилиши мумкин:

  1. ишга жойлашганда;
  2. Қонунда назарда тутилган субсидиялар олганда;
  3. Ўзбекистон Республикасининг Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан микрокредитлар олинганда;
  4. касбга тайёрлашга, қайта тайёрлашга ёки малака оширишга юборилганда;
  5. ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатга олинганда;
  6. доимий яшаш учун бошқа жойга кўчиб ўтганда;
  7. маҳаллий меҳнат органига узрли сабабсиз келмаганда;
  8. Ўзбекистон Республикасидан ташқарида вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга оширганда;
  9. иш қидираётган шахс мақбул келадиган ишга доир таклифларни мунтазам равишда (икки мартадан кўп) рад этганда;
  10. иш қидираётган шахс сифатида ғайриқонуний рўйхатдан ўтиш факти аниқланганда;
  11. суднинг озодликдан маҳрум этиш ёки ахлоқ тузатиш ишлари тарзидаги жазони назарда тутувчи ҳукми қонуний кучга кирганда;
  12. муддатли ҳарбий хизматга чақирилганда;
  13. иш қидираётган шахсни ишга жойлаштириш бўйича иш олиб бориш имконини бермайдиган бошқа ҳолатлар юзага келганда;
  14. иш қидираётган шахс вафот этганда.

Шахсни ишсиз деб эътироф этиш тўғрисидаги қарор маҳаллий меҳнат органининг буйруғи билан расмийлаштирилади, ушбу буйруқ бир вақтнинг ўзида ишсизлик нафақаси тайинлаш тўғрисидаги буйруқ ҳисобланади. Буйруқда ишсизлик нафақасининг миқдори ва уни ҳисоблаш санаси кўрсатилади.

Шахсларни ишсиз деб эътироф этишни рад қилиш учун асослар

Қуйидагилар ишсиз деб эътироф этилмайди:

  1. таклиф этилган мақбул келадиган ишни иш қидираётган шахс сифатида рўйхатга олинган кундан эътиборан ўн кун ичида узрли сабабсиз икки марта рад этган шахслар;
  2. маҳаллий меҳнат органига ёки ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан комплекс ривожлантириш бўйича секторга, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органига бириктирилган маҳаллий меҳнат органи ходими ҳузурига мақбул келадиган иш юзасидан таклиф олиш учун иш қидираётган шахс сифатида рўйхатга олинган кундан эътиборан ўн кун ичида узрли сабабсиз келмаган шахслар;
  3. таълим муассасаларида ва ташкилотларида ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда таҳсил олаётган шахслар, бундан таълимнинг сиртқи шаклида таҳсил олаётганлар мустасно;
  4. қонунчиликка мувофиқ пенсия таъминоти ҳуқуқига эга бўлган шахслар (пенсия туридан қатъи назар);
  5. бола икки ёшга тўлгунига қадар уни парвариш қилаётган, ишламаётган аёллар;
  6. ишини ўзгартирмоқчи бўлган, лекин маҳаллий меҳнат органларида рўйхатдан ўтиш пайтида, ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, ташкилотларда ишловчи ёки уларнинг штатида ҳисобда турувчи шахслар;
  7. суднинг ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш ёки ахлоқ тузатиш ишлари тарзидаги жазога ҳукм қилинганлар;
  8. фермер хўжаликларининг раҳбарлари ва ходимлари, оилавий корхоналарнинг иштирокчилари, деҳқон хўжаликларининг раҳбарлари ва аъзолари, шунингдек якка тартибдаги тадбиркорлар;
  9. ўзини ўзи банд қилган шахслар.

Chat