Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 17506 марта ўқилди

Савол: А. исмли аёл турмуш ўртоғи бир неча йилдан буён Россия Федерациясига бориб ишлаб келаётгани, яқинда чет элда ишлаётганларнинг фаолияти ҳам иш стажига қўшилиши ҳақида эшитгани, шу ҳақда тушунтириш беришни сўради.

Жавоб: 2021 йил 1 январдан бошлаб ташкиллаштирилган меҳнат миграцияси йўли билан хорижда вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошираётган шахслар ўзига пенсия ҳисобланиши ва иш стажига эга бўлиши учун Пенсия жамғармасига ихтиёрий равишда ижтимоий солиқ тўлаши мумкин, бу 2020 йил учун камида БҲМнинг 50 фоизи ҳажмида (1 БҲМ = 330.000 сўм) белгиланган.

Агар чет элда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган фуқаролар Ўзбекистонда пенсия ва иш стажига эҳтиёж сезмаса, унда Пенсия жамғармасига ижтимоий солиқ тўлашнинг ҳожати йўқ.

Савол: К. исмли шахс илгари қурилиш ташкилотида инжинер лавозимида ишлагани, ташкилот тугатилгани сабабли охирги 9 ой давомида ишсиз эканлиги ҳақида маълум қилиб, шахсни ишсиз деб эътироф этиш тартиби ва ишсизлик нафақасининг миқдори тўғрисида ҳуқуқий тушунтириш беришни сўради.

Жавоб: Ушбу ҳолатда К. исмли шахс ишсиз деб эътироф этилиши учун у ишга жойлашишда кўмак олиш учун маҳаллий меҳнат органларига мурожаат қилган ва ушбу органлар томонидан иш қидираётган шахс сифатида рўйхатга олинган бўлиши лозим.

Агар К. исмли шахсга у рўйхатга олинган кундан эътиборан дастлабки ўн кун ичида мақбул келадиган иш таклиф этилмаган бўлса ёки маҳаллий меҳнат органи мазкур шахс ишга жойлаштириш учун юборилган ташкилотдан рад жавобини олган бўлса, у иш қидираётган шахс сифатида рўйхатга олинган кундан эътиборан ўн биринчи кундан кечиктирмай маҳаллий меҳнат органи томонидан уни ишсиз деб эътироф этиш тўғрисидаги буйруқ расмийлаштирилади ва ушбу буйруқда ишсизлик нафақасининг миқдори ва уни ҳисоблаш санаси кўрсатилади.

Қонунчиликка кўра, ишсизлик нафақасининг миқдорлари турлича бўлиб, К. исмли шахс мисолида у ишдан ва иш ҳақидан сўнгги 12 ойлик давр ичида маҳрум бўлганлиги учун унга аввалги иш жойидаги ўртача ойлик иш ҳақининг 50 фоизи миқдорида, лекин меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдоридан оз бўлмаган ва нафақани ҳисоблаш пайтида Ўзбекистон Республикасида таркиб топган ўртача иш ҳақидан ортиқ бўлмаган миқдорда ишсизлик нафақаси тўланади.

Савол: Т. исмли шахс ўтган ойда иш ҳақининг 70 фоизи суднинг маъмурий жарима солиш тўғрисидаги қарорига асосан ушлаб қолинганини маълум қилиб, ушбу ҳолатнинг қонунийлиги юзасидан тушунтириш беришни сўради. 

Жавоб: Меҳнат қонунчилигига кўра, иш ҳақини ҳар гал тўлаш вақтида ушлаб қолинадиган ҳақнинг умумий миқдори ходимга тегишли бўлган меҳнат ҳақининг 50 фоизидан ортиб кетмаслиги лозим. Ушбу чеклов алимент мажбуриятлари бўйича қарздорликни ахлоқ тузатиш ишлари тарзидаги жазо тайинланган ходимнинг иш ҳақидан ушлаб қолишга нисбатан татбиқ этилмайди. Бундай ҳолларда жазо ва алимент мажбуриятлари бўйича қарздорлик учун ушлаб қолинадиган ҳақнинг миқдори 70 фоиздан ортиб кетмаслиги лозим.

Савол: Ж. исмли шахс бошқа корхонага ишга кирмоқчи бўлганида, ундан олдинги иш жойидан тавсифнома олиб келиш лозимлиги талаб қилиниб, акс ҳолда ишга қабул қилинмаслиги маълум қилингани, корхона маъмуриятининг ушбу талаби қонуний ёки ноқонуний эканлигини сўради.

Жавоб: Ушбу ҳолатда Ж.исмли шахсдан 1) паспорт ёки унинг ўрнини босадиган бошқа ҳужжат; 2) меҳнат дафтарчаси; 3) ҳарбий билет ёки ҳарбий ҳисобда турганлик ҳақидаги гувоҳнома; 4) зарур ҳолларда маълумоти тўғрисидаги тегишли ҳужжат сўралиши мумкин бўлиб, бошқа қўшимча ҳужжатларни талаб қилиш тақиқланади.

Демак, Ж. исмли шахсдан олдинги иш жойидан тавсифнома олиб келишни талаб қилиш қонунга зиддир.

Савол: Ш. исмли шахс меҳнат таътилида бўлган вақтида корхона раҳбари зудлик билан ишга чиқишни талаб қилиб, акс ҳолда уни ишдан бўшатишини маълум қилгани, корхона раҳбарининг ушбу талаби қонунга мувофиқлиги юзасидан тушунтириш беришни сўради.

Жавоб: Ушбу ҳолатда Ш. исмли ходимни таътилдан чақириб олишга фақат унинг розилиги билан йўл қўйилади. Шу сабабли, корхона раҳбарининг меҳнат таътилида бўлган Ш. исмли ходимдан зудлик билан ишга чиқишни талаб қилиш ва акс ҳолда уни ишдан бўшатишини маълум қилиши қонунга зиддир.

Chat