Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 140146 марта ўқилди

Меҳнат шартномаси қуйидаги сабабларга кўра бекор қилиниши мумкин
  • тарафларнинг келишувига кўра (меҳнат шартномасининг барча турлари исталган вақтда бекор қилиниши мумкин);
  • тарафлардан бирининг ташаббуси билан;
  • муддати тугаши билан;
  • тарафлар ихтиёрига боғлиқ бўлмаган ҳолатларга кўра;
  • меҳнат шартномасида назарда тутилган асосларга кўра; 
  • янги муддатга сайланмаганлиги ёхуд сайланишда қатнашишни рад этганлиги муносабати билан.

Мулкдор алмашганда меҳнат шартномасини бекор қилиш
  • Корхона мулкдори алмашганда янги мулкдор корхонанинг раҳбари унинг ўринбосарлари, бош бухгалтер билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилишга ҳақли. Бунда меҳнат шартномасини бекор қилиш корхона мулк қилиб олинган кундан бошлаб 3 ой мобайнида амалга оширилиши мумкин. Қолган ходимлар билан меҳнат муносабатлари ходимнинг розилиги билан давом этаверади.

Ходим ташаббуси билан меҳнат шартномасини бекор қилиш
  • Ходим номуайян муддатга тузилган меҳнат шартномасини ҳам, муддати тугагунга қадар муддатли меҳнат шартномасини ҳам, икки ҳафта олдин иш берувчини ёзма равишда огоҳлантириб, бекор қилишга ҳақлидир.
  • Огоҳлантириш муддати давомида ходим берган аризани қайтариб олишга ҳақли.

Иш берувчи ташаббуси билан меҳнат шартномасини бекор қилиш
  • технологиядаги, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишдаги ўзгаришлар, ходимлар сони (штати) ёки иш хусусиятининг ўзгаришига олиб келган ишлар ҳажмининг қисқарганлиги ёхуд корхонанинг тугатилганлиги;
  • ходимнинг малакаси етарли бўлмаганлиги ёки соғлиғи ҳолатига кўра бажараётган ишига нолойиқ бўлиб қолиши;
  • ходимнинг ўз меҳнат вазифаларини бир марта қўпол равишда бузганлиги.
  • ўриндошлик асосида ишламайдиган бошқа ходимнинг ишга қабул қилиниши;
  • ходимда ёшга доир давлат пенсиясини олиш ҳуқуқининг пайдо бўлганлиги.

Ходим вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик даврида ва таътилларда бўлган даврида меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилишга йўл қўйилмайди (корхона бутунлай тугатилган ҳоллар бундан мустасно).

Меҳнат шартномасини бекор қилишни келишиш

Жамоа келишуви ёки жамоа шартномасида меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиш учун касаба уюшмаси ёки ходимлар бошқа вакиллик органининг олдиндан розилигини олиш назарда тутилган бўлса, шартномани бундай розиликсиз бекор қилишга йўл қўйилмайди.

Қуйидаги ҳолларда касаба уюшмаси ёки бошқа вакиллик органнинг розилиги талаб этилмайди:

  • корхона тугатилганда;
  • корхона раҳбари билан тузилган шартномани бекор қилишда;
  • мулкдор алмашганлиги сабабли корхона раҳбари, унинг ўринбосарлари, бош бухгалтер билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинганда.

Касаба уюшмаси қўмитасининг ходим билан меҳнат шартномасини бекор қилишга розилик бериш масаласи бўйича қабул қилган қарори тегишли тақдимнома олинган кундан бошлаб 10 кунлик муддатда иш берувчига ёзма равишда берилиши керак.

Иш берувчи касаба уюшмаси розилигини олгандан кейин 1 ойдан кечиктирмай меҳнат шартномасини бекор қилишга ҳақли.

Меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақида огоҳлантириш

Иш берувчи меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақида ходимни қуйидаги муддатларда ёзма равишда (имзо чектириб) огоҳлантириши шарт:

  • камида икки ой олдин — меҳнат шартномаси технологиядаги, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишдаги ўзгаришлар, ходимлар сони (штати) ёки иш хусусиятининг ўзгаришига олиб келган ишлар ҳажмининг қисқарганлиги ёхуд корхонанинг тугатилганлиги, корона мулкдори алмашганлиги муносабати билан, шунингдек ходимнинг пенсия ёшига тўлганлиги муносабати билан, қонун ҳужжатларига мувофиқ ёшга доир давлат пенсиясини олиш ҳуқуқи мавжуд бўлган тақдирда бекор қилинганда;
  • камида икки ҳафта олдин – меҳнат шартномаси ходимнинг малакаси етарли бўлмаганлиги ёки соғлиғи ҳолатига кўра бажараётган ишига нолойиқ бўлиб қолиши муносабати билан бекор қилинганда.
  • камида уч кун олдин – меҳнат шартномаси ходим айбли хатти-ҳаракатлар содир этганлиги муносабати билан бекор қилинган ҳолларда.

Ишдан бўшатишда имтиёз бериладиган шахслар

Технологиядаги, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишдаги ўзгаришлар, ходимлар сони (штати) ёки иш хусусиятининг ўзгаришига олиб келган ишлар ҳажмининг қисқариши муносабати билан меҳнат шартномаси бекор қилинганда ишда қолдириш учун имтиёзли ҳуқуқ малакаси ва меҳнат унумдорлиги юқорироқ бўлган ходимларга берилади.

Малакаси ва меҳнат унумдорлиги бир хил бўлган тақдирда қуйидагиларга афзаллик берилади:

  • қарамоғида икки ёки ундан ортиқ киши бўлган ходимларга;
  • оиласида ундан бўлак мустақил иш ҳақи олувчи бўлмаган шахсларга;
  • мазкур корхонада кўп йиллик иш стажига эга бўлган ходимларга;
  • ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда тегишли мутахассислик бўйича малакасини ошираётган ходимларга ва олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар ўқув юртларини тамомлаган шахсларга ўқишни тугатиб мутахассислиги бўйича ишлаётган ходимларга икки йил мобайнида;
  • мазкур корхонада меҳнатда майиб бўлиб қолган ёки касб касаллигини орттирган шахсларга;
  • уруш ногиронлари, уруш қатнашчилари ва уларга тенглаштирилган шахсларга;
  • атом объектларидаги фалокатлар оқибатида касалликларга йўлиққан шахсларга; ушбу фалокатлар оқибатларини бартараф этишда қатнашган шахсларга ва мазкур зоналардан эвакуация қилинган шахсларга.

Муддатли меҳнат шартномасини бекор қилиш
  • Муддатли меҳнат шартномаси муддати тугаши билан бекор қилинади.
  • Агар муддат тугагандан кейин тарафлардан бирортаси бир ҳафта давомида унинг бекор қилинишини талаб қилмаса шартнома номуайян муддатга узайтирилган деб ҳисобланади.
  • Иш жойи (лавозими) сақланиши лозим бўлган ходимнинг ишда бўлмаган вақтига мўлжаллаб тузилган меҳнат шартномаси шу ходим ишга қайтган кундан эътиборан бекор қилинади.

Тарафлар ихтиёрига боғлиқ бўлмаган ҳолларда меҳнат шартномасини бекор қилиш
  • ходим ҳарбий ёки муқобил хизматга чақирилган тақдирда;
  • шу ишни илгари бажариб келган ходим ишга тикланган тақдирда;
  • ходимни жазога маҳкум этган суднинг ҳукми қонуний кучга кирган тақдирда;
  • ишга қабул қилиш юзасидан белгиланган қоидалар бузилганлиги муносабати билан, агар йўл қўйилган қоидабузарликни бартараф этишнинг имкони бўлмаса ва у ишни давом эттиришга тўсқинлик қилса;
  • ходимнинг вафоти муносабати билан;
  • қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда (масалан, 18 ёшга тўлмаган ходимнинг ота-онаси талаби бўйича мехнат шартномасини бекор қилиш).

Расмийлаштириш
  1. Меҳнат шартномасини бекор қилиш ишга қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлган шахслар томонидан амалга оширилади ва буйруқ билан расмийлаштирилади.
  2. Охирги иш куни меҳнат шартномаси бекор қилинган кун деб ҳисобланади.
  3. Иш берувчининг буйруғида меҳнат шартномасини бекор қилиш асослари таърифига тўла мувофиқ ҳолда ёзилиб, норматив ҳужжатларнинг тегишли моддаси (банди) далил қилиб кўрсатилади.
  4. Меҳнат шартномаси ходимнинг ташаббуси билан унинг касаллиги, ногиронлиги, ёшга доир пенсияга чиқиши, олий ёки ўрта махсус, касб-ҳунар ўқув юрти ёхуд таянч докторантурага ёки докторантурага қабул қилиниши ва қонун ҳужжатларига кўра муайян имтиёзлар ва афзалликлар бериладиган бошқа сабаблар туфайли бекор қилинганда меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақидаги буйруқда шу сабаблар кўрсатилади.
  5. Меҳнат шартномаси бекор қилинган куни иш берувчи ходимга унинг меҳнат дафтарчасини ва меҳнат шартномасининг бекор қилиниши ҳақидаги буйруқнинг нусхасини бериши шарт.

Ишдан бўшатиш нафақаси

Меҳнат шартномаси бекор қилинган қуйидаги ҳолларда ишдан бўшатиш нафақаси тўланади:

  • иш берувчининг ташаббуси билан (ходим ўзининг меҳнат вазифаларини бажармаганлиги сабабли шартноманинг бекор қилинган ҳоллар бундан мустасно);
  • тарафлар ихтиёрига боғлиқ бўлмаган ҳолатларга биноан.
  • ишга қабул қилиш юзасидан белгиланган қоидалар бузилганлиги муносабати билан бекор қилинганда, агар қоидабузарликни бартараф этишнинг имкони бўлмаса (қоидалар ходимнинг айби билан бузилган ҳоллар бундан мустасно);
  • ходим янги меҳнат шартлари асосида ишни давом эттиришни рад этганлиги сабабли.

Ишдан бўшатиш нафақасининг миқдори ўртача ойлик иш ҳақидан кам бўлиши мумкин эмас.

Ишдан бўшаганда иш ҳақи тўлаш

Меҳнат шартномаси иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилинганда ходимга тегишли иш ҳақи, унинг миқдори хусусида низо бўлмаса:

  • меҳнат шартномаси бекор қилинган кунга қадар ишлаётган ходимга – меҳнат шартномаси бекор қилинган куни;
  • меҳнат шартномаси бекор қилинган куни ишламаётган ходимга – ҳисоб-китоб қилишни талаб этган куни тўланиши керак.

Меҳнат шартномаси ходимнинг ташаббуси билан бекор қилинганда унга тегишли иш ҳақи, унинг миқдори хусусида низо бўлмаса:

  • огоҳлантириши шарт бўлган ходимга – ишни ташлаб кетишга ҳақли бўлган кундан кечиктирмасдан;
  • огоҳлантириши шарт бўлмаган ходимга, – ишдан кетган кунининг эртасидан кечиктирмасдан тўланиши лозим.

Ходим ишга тикланганда зарарни қоплаш

Ишдан ноқонуний бўшатилган ходим ишга тикланганда иш берувчига ходимга етказилган зарарни қоплаш мажбурияти юклатилади.

Зарарни қоплаш:

  • мажбурий прогул вақти учун ҳақ тўлаш шартлигидан;
  • меҳнат шартномаси бекор қилинганлиги ёки ходим бошқа ишга ўтказилганлиги устидан шикоят қилиш билан боғлиқ қўшимча харажатлар (мутахассислардан маслаҳат олиш, иш юритиш учун ва бошқалар) учун компенсация тўлашдан;
  • маънавий зарар учун компенсация тўлашдан иборатдир. Маънавий зарар учун тўланадиган компенсациянинг миқдори суд томонидан белгиланади лекин ойлик иш ҳақидан кам бўлмаслиги керак.

Ходимнинг илтимосига кўра суд ишга тиклаш ўрнига унинг фойдасига камида уч ойлик иш ҳақи миқдорида қўшимча ҳақ ундириб бериши мумкин.

Chat