Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 19875 марта ўқилди

Дам олиш вақти — ходим меҳнат вазифаларини бажаришдан ҳоли бўлган вақтдир.

Иш куни (смена) давомидаги танаффуслар

Ходимга иш куни (смена) давомида дам олиш ва овқатланиш учун танаффус берилиши керак, бу танаффус иш вақтига киритилмайди.

Танаффус бериш вақти ва унинг аниқ муддати ички меҳнат тартиби қоидаларида, смена графикларида ёки ходим билан иш берувчи ўртасидаги келишувга биноан белгилаб қўйилади.

Кундалик узлуксиз дам олиш вақтининг муддати 12 соатдан кам бўлиши мумкин эмас.

Дам олиш кунлари

Барча ходимларга дам олиш кунлари берилади. 5 кунлик иш ҳафтасида ходимларга ҳафтада 2 кун, 6 кунлик иш ҳафтасида эса, 1 кун дам олиш берилади.

Умумий дам олиш куни якшанбадир.

Дам олиш кунларида ишга жалб этишнинг чекланиши

Дам олиш кунларида ишлатиш тақиқланади.Иш берувчининг фармойиши бўйича айрим ходимларни дам олиш кунлари ишга жалб этишга алоҳида ҳоллардагина, жамоа шартномасида, агар у тузилмаган бўлса, — иш берувчи томонидан касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи билан келишиб белгиланган асослар бўйича ва тартибда йўл қўйилади.

Қуйидаги кунлар байрам (ишланмайдиган) кунларидир:

  • 1 январь — Янги йил;
  • 8 март — Хотин-қизлар куни;
  • 21 март — Наврўз байрами;
  • 9 май — Хотира ва қадрлаш куни;
  • 1 сентябрь — Мустақиллик куни;
  • 1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар куни;
  • 8 декабрь — Конституция куни;
  • Рўза ҳайит (Ийд ал-Фитр) диний байрамининг биринчи куни;
  • Қурбон ҳайит (Ийд ал-Адҳа) диний байрамининг биринчи куни.

Байрам (ишланмайдиган) кунлари ишга жалб этиш

Байрам (ишланмайдиган) кунлари ишлаш ман этилади. Қуйидагилар бундан мустасно:

  • ишлаб чиқариш-техника шароитлари ва бошқа шароитларга (узлуксиз ишлайдиган корхоналар, объектларни қўриқлаш, уларнинг хавфсизлигини таъминлаш кабиларга) кўра ишни тўхтатиб туриш мумкин бўлмаган жойлар;
  • аҳолига хизмат кўрсатиш зарурати бўлган ишлар;
  • кечиктириб бўлмайдиган таъмирлаш ва юк ортиш-тушириш ишлари.

Chat