Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 62113 марта ўқилди

Барча ходимларга  иш жойи (лавозими) ва ўртача иш ҳақи сақланган ҳолда 15 иш кунидан кам бўлмаган йиллик меҳнат таътиллари берилади.

Йиллик узайтирилган асосий таътиллар

Қуйидагиларга уларнинг ёши ва соғлиғи ҳолатини ҳисобга олиб, йиллик узайтирилган асосий таътил берилади:

  • 18 ёшга тўлмаган шахсларга — 30 календарь кун;
  • ишлаётган I ва II гуруҳ ногиронларига — 30 календарь кун.

Айрим тоифадаги ходимларга уларнинг меҳнат вазифаларининг ўзига хос жиҳатлари ва хусусиятларини ҳамда бошқа ҳолатларни эътиборга олиб, қонунчиликка мувофиқ узайтирилган таътиллар белгиланади.

  • педагогларга - 48 календарь кун;
  • пилотлар (учувчилар) - 45 календарь кун;
  • депутат, сенаторлар, судьялар - 36 календарь кун;
  • прокуратура органлари ходимлари, қутқарув хизматлари, божхона хизмати ходимлари, ички ишлар органлари ходимларига - 30 календарь кун.

Меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ёки бошқа норматив ҳужжатларда белгиланганидан ташқари, меҳнат шартномасининг шартларида ҳам узайтирилган йиллик таътиллар бериш назарда тутилиши мумкин.


Қўшимча манбалар:

  1. Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикаси Президенти фаолиятининг асосий кафолатлари тўғрисида»ги Қонуни 4-моддасининг учинчи қисми,
  2. Ўзбекистон Республикасининг «Судлар тўғрисида»ги Қонуни (янги таҳрири) 75-моддасининг учинчи қисми,
  3. Ўзбекистон Республикасининг «Прокуратура тўғрисида»ги Қонуни (янги таҳрири) 50-моддасининг учинчи қисми,
  4. Ўзбекистон Республикасининг «Таълим тўғрисида»ги Қонуни 21-моддасининг биринчи қисми,
  5. Ўзбекистон Республикасининг «Илм-фан ва илмий фаолият тўғрисида»ги Қонуни 15-моддасининг иккинчи қисми,
  6. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 23 майдаги ПФ-5446-сонли Фармони билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментида хизматни ўташ тўғрисидаги низомнинг 54-банди.

Йиллик қўшимча таътиллар қуйидаги ходимларга берилади

Қўшимча таътиллар:

  • меҳнат шароити ноқулай ва ўзига хос бўлган ишларда банд бўлган ходимларга (137-модда);
  • оғир ва ноқулай табиий-иқлим шароитларида иш бажараётган ходимларга (138-модда);

меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ва бошқа норматив ҳужжатларда, меҳнат шартномасининг шартларида назарда тутилган бошқа ҳолларда берилади.


Корхоналарда қўшимча таътил олиш ҳуқуқини берувчи ишлар, касблар ва лавозимлар рўйхати, таътилларнинг муддати, уларни бериш тартиби ва шартлари тармоқ келишувлари, жамоа шартномаси билан (агар улар тузилмайдиган бўлса, касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи билан келишиб иш берувчи томонидан) белгиланади.

Қўшимча таътил муддати, алоҳида меҳнат шароитлари учун уларни тақдим этиш шартлари ва тартиби, ўта зарарли ва оғир иш шароитлари ҳақидаги маълумотларни бу ерда олиш мумкин.

Йиллик таътилларнинг муддатини ҳисоблаш
  • Таътилларнинг муддати олти кунлик иш ҳафтаси юзасидан календарь бўйича иш кунлари билан ҳисоблаб чиқарилади.
  • Таътил даврига тўғри келиб қолган ва байрам (ишланмайдиган) кунлари ишланмайдиган кунлар деб ҳисобланадиган байрам кунлари таътил муддатини белгилашда ҳисобга олинмайди.


Йиллик асосий ва қўшимча таътилларни жамлаш тартиби:

  • Йиллик таътилнинг умумий муддатини ҳисоблаб чиқаришда қўшимча таътиллар йиллик асосий таътилга (шу жумладан узайтирилган таътилга ҳам) қўшиб жамланади.
  • Барча ҳолларда қонунчилик билан белгиланган таътилларни жамлашда уларнинг умумий муддати қирқ саккиз иш кунидан ошиб кетиши мумкин эмас.

Таътиллар муддатини ишланган вақтга мутаносиб равишда ҳисоблаб чиқариш тартиби:

  • Таътиллар муддатини ишланган вақтга мутаносиб равишда ҳисоблаб чиқаришда уларнинг муддати ҳар бир тўлиқ таътил миқдорини ўн иккига бўлиб, сўнг тўлиқ ишланган ойлар сонига кўпайтириш йўли билан аниқланади. Бунда ўн беш календарь кунга тенг ва ундан кўп бўлган кунлар бир ой деб яхлитланади, ўн беш календарь кундан ками эса чиқариб ташланади.

Таътиллар учун ҳақ тўлаш:

  • Йиллик таътиллар даври учун ходимга ўртача иш ҳақидан кам бўлмаган миқдорда ҳақ тўлаш кафолатланади.
  • Таътил учун ҳақ тўлаш жамоа шартномасида белгиланган муддатларда, лекин таътил бошланмасидан олдинги охирги иш кунидан кечикмай амалга оширилади.
Chat