Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 15130 марта ўқилди

Савол: К. исмли шахс касалхонада даволанаётган қандай тоифадаги шахслар овқатланиш пулини тўлашдан озод қилингани тўғрисида ҳуқуқий тушунтириш беришни сўради.

Жавоб: I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар; Болаликдан ногиронлиги бўлган шахслар ва уларга ғамхўрлик қилувчи шахслар (ота-онаси ва уларнинг ўрнини босувчи шахслар); 1941 — 1945 йиллардаги уруш оқибатида ногиронлиги бўлган шахслар ва уруш қатнашчилари, шунингдек, уларга тенглаштирилган шахслар; Чернобиль АЭСидаги ҳалокат оқибатларини тугатишда қатнашган - ногиронлиги бўлган шахслар; 1941 - 1945 йиллардаги уруш йиллари меҳнат фронти қатнашчилари; Байналмилалчи жангчилар; Ғирт етимлар; Ваколатли органларда ҳисобда турувчи ёлғиз пенсионерлар; 18 ёшгача бўлган болалар, шунингдек ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ўқувчилари; Чақириқ комиссиялари хулосаларига кўра мудофаа ишлари бўлимларининг йўлланмалари бўйича 18 ёшдан 27 ёшгача бўлган чақириқ ёшидагилар; «Ўзбекистон Республикаси фахрий донори» кўкрак нишони билан тақдирланган шахслар; 1 ёшгача боласи бўлган эмизикли оналар; Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси марказида даволанаётган болаларга қаровчи шахслар (ота-она ва бошқалар) тиббиёт муассасаларида овқатланиш тўловидан озод қилинган.

Ушбу рўйхат тиббий ёрдам пулли асосда кўрсатиладиган тиббиёт муассасаларининг бюджетдан ташқари маблағлари (ўз маблағлари) ҳисобига молиялаштириш шартларида фаолият кўрсатувчи тиббиёт муассасаларига, уларнинг бўлимларига ёки палаталарига татбиқ этилмайди.

Савол: О. исмли шахс II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахс эканлиги, у касалхонада бепул даволаниши учун йўлланмани (ордер) қандай тартибда олиши лозимлиги тўғрисида ҳуқуқий тушунтириш беришни сўради.

Жавоб: Тиббий ёрдам кўрсатилишига йўлланма олиш учун мижоз яшаш жойи бўйича қишлоқ врачлик пунктларига, қишлоқ ва шаҳар оилавий поликлиникаларига мурожаат қилиши лозим.

Мижозларни тиббий ёрдам олишнинг даражасига мувофиқ тиббий ёрдам олиш учун йўналтириш қуйидаги тартибда амалга оширилади:

  • қишлоқ врачлик пунктлари, қишлоқ ва шаҳар оилавий поликлиникалари томонидан ‑ тиббиёт бирлашмаларининг тегишли марказий кўп тармоқли поликлиникаларига йўлланма берилади;
  • тиббиёт бирлашмаларининг тегишли марказий кўп тармоқли поликлиникалари томонидан ‑ тиббиёт бирлашмаларининг тегишли стационар бўлинмаларига ёки вилоят даражасидаги тиббиёт ташкилотларига;
  • вилоят даражасидаги тиббиёт ташкилотлари томонидан ‑ республика даражасидаги тегишли тиббиёт ташкилотларига йўлланма берилади.

Савол: Ю. исмли шахс қон донорлиги фаолияти билан шуғулланмоқчи эканлигини маълум қилиб, ушбу шахсларга қонунчиликда қандай имтиёзлар назарда тутилганлиги ҳақида ҳуқуқий тушунтириш беришни сўради.

Жавоб: Қон ва унинг таркибий қисмларини топширадиган куни, шунингдек тиббий кўрикдан ўтадиган куни донор ана шу кунлар учун ўртача иш ҳақи сақланган ҳолда ишдан озод қилинади.

Ўрта махсус ва профессионал таълим ташкилотларининг ўқувчилари, олий таълим ташкилотларининг талабалари, таълим олувчиларнинг бошқа тоифалари қон ва унинг таркибий қисмларини топширадиган куни, шунингдек тиббий кўрикдан ўтадиган куни машғулотлардан, ҳарбий хизматчилар эса нарядларни бажаришдан, хизматни ўташнинг вахта ва бошқа шаклларидан озод қилинадилар.

Донорга ҳар сафар қон ва унинг таркибий қисмларини топширган куннинг бевосита эртасига дам олиш учун ўртача иш ҳақи сақланган ҳолда қўшимча бир кун берилади. Донорнинг хоҳишига кўра мазкур дам олиш куни ҳар йилги меҳнат таътилига қўшиб берилиши мумкин.

Бундан ташқари, жисмоний шахсларнинг донорлик учун пул мукофотларига солиқ солинмайди.

Савол: Т. исмли шахс қандли диабет касаллиги билан касалланганлиги, ушбу касаллик бўйича амбулатория тартибида даволаниши учун қандай турдаги дори воситаларини олиш учун имтиёзга эгалиги ҳақида ҳуқуқий тушунтириш беришни сўради.

Жавоб: Қандли диабет касаллиги билан оғриган шахслар қандли диабетга қарши ҳар хил давомли таъсирдаги, жумладан аралаш таъсирдаги биосинтетик одам инсулиннинг аналоглари: 100 ХБ /мл суспензия 3 мл катридж; шприц-ручка; 5 ёки 10 мл 100 ХБ /мл суспензия, шунингдек глибенкламид (1,75 мг; 2,5 мг; 3,5 мг) таблеткаси; гликлазид (30 мг; 60 мг; 80 мг) таблеткаси; метформин (500 мг; 850 мг; 1000 мг) таблеткаси каби дори воситалари билан имтиёзли таъминланади.

Ушбу дори  воситалари билан таъминлаш амбулатория-поликлиника муассасалари орқали (даволовчи врачнинг тайинлаши бўйича) бепул бериш йўли билан амалга оширилади.

Chat