Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 49209 марта ўқилди

Дарахтлар ва буталарни кесишга рухсатнома олиш

Ким мурожаат қилиши мумкин?

Давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахт ва буталарни кесиш ёки қонунчиликда назарда тутилган ҳолларда кўчириб ўтказиш зарурати бўлган жисмоний ва юридик шахслар рухсатнома олиш учун мурожаат қилиши мумкин.

Мурожаат электрон тарзда «Лицензия» ахборот тизими ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали амалга оширилади.

Аризада нималар кўрсатилади?

Аризада, жумладан:

  • ариза берувчи ҳақидаги маълумотлар;
  • кесиладиган ёки кўчириб ўтказиладиган дарахт ва буталарнинг тури ва сони;
  • улар жойлашган манзил;
  • кесиш ёки кўчиришдан мақсад кўрсатилади.

Ваколатли орган дарахтларнинг ҳолатини ўрганиб, аввало уларни сақлаб қолиш ёки бошқа жойга кўчириш имкониятини баҳолайди.

Аризани кўриб чиқиш қанча туради?

Аризани кўриб чиқиш учун БҲМнинг 30 фоизи миқдорида йиғим тўланади.

Рухсатнома берилганда эса кесиладиган дарахтнинг тури ва танасининг диаметрига қараб, паспортда белгиланган БҲМ коэффициентлари бўйича алоҳида тўлов ҳисобланади. Шу сабабли барча дарахтлар учун ягона рухсатнома нархи мавжуд эмас.

Ариза қанча вақтда кўриб чиқилади?

Аризани кўриб чиқиш муддати — 5 иш куни.

Берилган рухсатнома, қоида тариқасида, у берилган йилнинг 31 декабрига қадар амал қилади.

Қачон рухсатнома талаб этилмайди?

Дарахтлар ва буталарнинг шохларини санитария мақсадида кесиш ёки буташга рухсатнома талаб этилмайди.

Бироқ қуриб қолган ёки касалланган дарахтни танаси ёхуд таг қисмидан санитария мақсадида бутунлай кесиб ташлаш шохларни оддий буташдан фарқ қилади ва белгиланган тартибда амалга оширилади.

Рухсатнома олган шахснинг қўшимча мажбурияти борми?

Ҳа. Рухсатнома асосида кесилган ҳар бир дарахт ёки бута учун камида 10 туп йирик ўлчамли компенсациявий кўчат экиш ва уларни камида 2 йил парвариш қилиш талаб этилади.

Рухсатнома асосида кўчириб ўтказилган ҳар бир дарахт ва бута 3 йил давомида парвариш қилиниши керак.

Эслатма: аризани кўриб чиқиш учун тўланадиган 30 фоиз БҲМ йиғими рухсатноманинг ўзи учун ҳисобланадиган тўлов эмас. Дарахтни кесишга рухсат берилса, унинг тури ва диаметрига қараб қўшимча тўлов ҳисобланиши мумкин.

Chat