Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 13130 марта ўқилди

Ов қилишнинг янги тартиб-қоидалари жорий этилди


Хорижий фуқаро Ўзбекистонда қандай ов қилиши мумкин?

Ўзбекистонда вақтинча турган хорижий фуқаро ҳақиқий овчилик гувоҳномасига эга бўлса ва ов қилиш соҳасида хизмат кўрсатиш тўғрисида шартнома тузса, овчи сифатида овда иштирок этиши мумкин.

Хорижий фуқаро учун овни ташкил этиш хорижий фуқаро, туристик фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқига эга юридик шахс ва овчилик хўжалиги ўртасида тузиладиган шартнома асосида амалга оширилади. Шартномада ов қилиш шартлари, кўрсатиладиган хизматлар ҳамда тутилган ов маҳсулоти учун тўлов миқдори белгиланади.

Қаерда ов қилиш мумкин?

2024 йил 1 сентябрдан ов қилиш, қоида тариқасида, фақат овчилик хўжаликлари ҳудудида амалга оширилади. Овчилик хўжалиги ҳудудидан ташқарида ов қилиш тақиқланади. Қонунчиликда табиий сув оқимларида умумий фойдаланиш тартибида балиқ тутиш, ҳайвонлар сонини тартибга солиш ва белгиланган эркин ов қилиш ҳудудлари учун истиснолар мавжуд.

Ов қилишда муайян ёввойи ҳайвон тури учун белгиланган квота, ов қилиш муддати ва рухсат этилган ҳудудга риоя қилиниши шарт.

Ов вақтида қандай ҳужжатлар керак?

Овчи ов вақтида:

  • шахсини тасдиқловчи ҳужжат;
  • овчилик гувоҳномаси;
  • ов қуролидан фойдаланилса, уни сақлаш ва олиб юришга доир тегишли рухсатнома;
  • ёввойи ҳайвонни тутишга доир рухсатнома;
  • овчилик йўлланмаси (ёввойи ҳайвонни тутиш карточкаси) каби қонунчиликда талаб этиладиган ҳужжатларга эга бўлиши лозим.

Тутилган ов маҳсулоти кимга тегишли бўлади?

Ёввойи ҳайвонни тутишга доир рухсатнома асосида қўлга киритилган ов маҳсулоти тегишли тўлов амалга оширилгандан кейин овчининг мулки ҳисобланади.

Бироқ ов маҳсулотини Ўзбекистондан ташқарига олиб чиқиш учун алоҳида рухсатнома талаб этилади. Қонуний тутиш ёки қўлга киритишни тасдиқловчи ҳужжатларсиз ов маҳсулотини олиб чиқиш, ташиш ёки жўнатиш тақиқланади.

Эслатма: шартнома тузилгани ёки ов учун ҳақ тўланганининг ўзи ов қилиш ҳуқуқини бермайди. Овчи белгиланган ҳужжатларга эга бўлиши, квота, ҳудуд ва ов мавсуми талабларига риоя қилиши шарт.

Chat