Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 16642 марта ўқилди

Кимлар ҳимоя қилиниши мумкин

Қонунга кўра ҳимоя қилинувчи шахслар қаторига:

— жабрланувчи ва унинг қонуний вакили;

— гувоҳ;

— жамоат айбловчиси ва жамоат ҳимоячиси;

— гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи, уларнинг ҳимоячилари ва қонуний вакиллари;

— маҳкум;

— оқланган шахс;

— жиноят иши тугатилган шахс;

— фуқаровий даъвогар ва фуқаровий жавобгар ҳамда уларнинг вакиллари;

— эксперт;

— мутахассис;

— таржимон;

— холис киради.

Уларнинг оила аъзолари ва яқин қариндошлари ҳам зарур ҳолларда ҳимоя қилиниши мумкин.

Бундан ташқари, ҳимоя чоралари жиноят иши ҳали қўзғатилмаган босқичда ҳам аризачи, жиноят шоҳиди ёки жиноятнинг олдини олиш ёхуд уни фош этишга кўмаклашувчи шахсга нисбатан қўлланилиши мумкин.

Қачон ҳимоя чораси қўлланилади

Агар шахснинг жиноят процессида иштирок этиши муносабати билан:

— уни ўлдириш;

— унга зўрлик ишлатиш;

— мол-мулкини йўқ қилиш ёки шикастлаш;

— бошқа ғайриқонуний қилмиш содир этишнинг аниқ таҳдиди мавжуд бўлса, хавфсизлик чораларини қўллаш учун асос юзага келади.

Қоида тариқасида чоралар ҳимоя қилинувчи шахснинг ёзма аризаси ёки розилиги асосида амалга оширилади.

Қандай хавфсизлик чоралари бор

Қуйидаги чоралар қўлланилиши мумкин:

— шахс ҳақидаги маълумотларнинг махфийлигини таъминлаш;

— шахсни, уй-жойини ва бошқа мол-мулкини қўриқлаш;

— махсус индивидуал ҳимоя ва техник воситалар бериш;

— вақтинча хавфсиз жойга жойлаштириш;

— бошқа яшаш жойига кўчириш;

— иш, хизмат ёки ўқиш жойини ўзгартириш;

— ҳужжатларни алмаштириш;

— шахс ҳақидаги маълумотлардан фойдаланишни чеклаш;

— қамоқда ёки жазони ўташ жойида қўшимча хавфсизлик чораларини таъминлаш.

Ҳужжатларни алмаштириш ва шахс ҳақидаги маълумотлардан фойдаланишни чеклаш чоралари оғир ва ўта оғир жиноят ишларида зарур бўлган ҳолларда қўлланилади.

Қарор қанча вақтда қабул қилинади

Таҳдид тўғрисида ариза ёки хабар олингач, терговга қадар текширув органи, суриштирувчи, терговчи, прокурор ёки суд уни текшириб:

— одатда 3 сутка ичида;

— кечиктириб бўлмайдиган ҳолатда дарҳол хавфсизлик чорасини қўллаш ёки рад этиш ҳақида қарор қабул қилиши шарт.

Қарор қабул қилинган куннинг ўзида уни ижро этувчи орган ва ҳимоя қилиниши керак бўлган шахсга юборилади.

Эслатма: агар ҳаёт, соғлиқ ёки мол-мулкка реал таҳдид мавжуд бўлса, масалани оддий мурожаатнинг 15 кунлик муддатида кўриб чиқиш қоидаси қўлланмайди. Хавфсизлик чораси бўйича қарор 3 суткада, кечиктириб бўлмайдиган ҳолда эса дарҳол қабул қилиниши керак.

Рад этилса шикоят қилиш мумкинми

Ҳа.

Хавфсизлик чораларини қўллашни рад этиш ёки уларни қўллаш ҳақидаги қарор устидан:

— юқори турувчи органга;

— прокурорга;

— судга шикоят қилиш мумкин.

Шикоят 24 соат ичида кўриб чиқилиши шарт.

Ижтимоий ҳимоя чоралари

Агар ҳимоя қилинувчи шахс жиноят процессида иштирок этиши муносабати билан:

— ҳалок бўлса;

— ногиронликка олиб келган тан жароҳати олса;

— соғлиғига бошқа зарар етказилса;

— мулкий зарар кўрса, қонунчиликда ижтимоий ҳимоя чоралари назарда тутилган.

Ҳалок бўлган шахснинг оила аъзолари ва қарамоғидаги шахсларга нафақа ҳамда қонунчиликда белгиланган ҳолларда боқувчисини йўқотганлик пенсияси тайинланиши мумкин.

Бир йўла бериладиган нафақа миқдори

2025 йилдан белгиланган тартиб бўйича:

— ҳимоя қилинувчи шахс ҳалок бўлса — оила аъзоларига жами 100 БҲМ, тенг улушларда;

— I гуруҳ ногиронлиги келиб чиқса — 80 БҲМ;

— II гуруҳ — 70 БҲМ;

— III гуруҳ — 50 БҲМ;

— ногиронликка олиб келмаган оғир тан жароҳати — 35 БҲМ;

— ўрта оғир тан жароҳати — 30 БҲМ;

— соғлиқнинг қисқа муддатга ёмонлашувига олиб келган енгил тан жароҳати — 25 БҲМ миқдорида бир йўла нафақа берилади.

Ижтимоий ҳимоя чорасини қўллаш ҳақидаги қарор ижтимоий ҳимояни таъминловчи орган томонидан 10 сутка ичида ижро этилиши лозим.

Мазкур бир йўла нафақа солиққа тортилмайди ва ундан ушлаб қолиш амалга оширилмайди.

Мулкий зарар

Ҳимоя қилинувчи шахсга унинг жиноят процессида иштирок этиши муносабати билан етказилган мулкий зарар Давлат бюджети ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобидан қопланади.

Кейинчалик ушбу маблағлар зарар етказишда айбдор бўлган шахсдан ундирилиши лозим.

Chat