Ўзбекистон Республикасининг Ҳисоб палатаси - давлат ташқи аудити ва молиявий назоратининг олий органидир.
Ҳисоб палатасининг асосий вазифалари:
- Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети тўғрисидаги қонун лойиҳасининг, Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетлари лойиҳаларининг экспертизасини ҳамда ўрта муддатли давр учун фискал стратегия таҳлилини ўтказиш;
- қабул қилинаётган давлат дастурларининг ва ҳудудий дастурларнинг молиялаштириш манбалари билан таъминланганлиги аудитини амалга ошириш;
- давлат харидлари тўғрисидаги қонунчилик талабларининг тўғри қўлланилиши устидан давлат назоратини амалга ошириш;
- бюджет жараёнининг очиқлигини таъминлаш тартибига риоя этилиши устидан назоратни амалга ошириш;
- бюджет тизими бюджетларига ва белгиланган тартибда ташкил этилган бошқа жамғармаларга маблағлар тушумларининг тўлиқлигини, шунингдек яширин иқтисодиётни қисқартиришга қаратилган чораларнинг амалга оширилишини ўрганиш ҳамда назорат қилиш;
- бюджет тизими бюджетларининг ва белгиланган тартибда ташкил этилган бошқа жамғармаларнинг даромадларини кўпайтириш захираларини аниқлаш ҳамда сафарбар қилиш;
- бюджет тизими бюджетларининг ва белгиланган тартибда ташкил этилган бошқа жамғармаларнинг амалга оширилаётган харажатлари самарадорлиги ҳамда қонунийлигини аудитдан ўтказиш, бу харажатларни барча даражаларда қисқартириш имкониятларини аниқлаш;
- бюджет тизими бюджетлари маблағлари ва давлат томонидан маблағ жалб қилиш ҳисобидан амалга оширилаётган инвестиция лойиҳаларининг мақсадга мувофиқлиги ҳамда асослилигини баҳолаш;
- солиқ, божхона ва бюджет тўғрисидаги қонунчиликни такомиллаштиришга, тизимли қоидабузарликлар сабабларини, шунингдек халқаро тажрибани умумлаштириш ҳамда ўрганиш орқали бюджетни режалаштиришнинг замонавий усулларини жорий этишга доир таклифлар ишлаб чиқиш;
- Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетлари ўртасидаги нисбатнинг мақбуллигини, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг даромадларга оид ваколатлари ҳамда харажатлар бўйича мажбуриятлари чегараланишининг тўғрилигини баҳолаш, уларнинг ўзини ўзи молиявий жиҳатдан етарлича таъминлашига доир таклифлар ишлаб чиқиш;
- Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорлари ва топшириқлари тўлиқ ҳамда ўз вақтида бажарилиши устидан назоратни ташкил этиш ва амалга ошириш;
- Ўзбекистон Республикасининг пул-кредит ва валюта сиёсатини, Ўзбекистон Республикасининг активлари ҳамда мажбуриятлари ҳолатини, олтин-валюта захираларининг бошқарилишини, шунингдек қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар билан амалга оширилаётган операцияларни ташқи аудитдан ўтказиш.
- давлат бошқарув органларида, шунингдек устав фондида (устав капиталида) давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган муассаса ва ташкилотларда коррупцияга қарши курашиш бўйича ички назорат тизимини жорий қилишга, шунингдек унинг самарали фаолият кўрсатишига доир чораларнинг амалга оширилиши устидан назорат қилиш.
- Ҳисоб палатасига Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимидан озод қилинадиган Ҳисоб палатасининг раиси раҳбарлик қилади. Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ҳисоб палатаси раисини лавозимга тайинлаш ва лавозимидан озод қилиш тўғрисидаги фармонлари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати томонидан тасдиқланади.
- Ҳисоб палатаси раисининг ваколатлари
Ҳисоб палатасининг мансабдор шахслари хизмат мажбуриятларини бажаришда қуйидаги ҳуқуқларга эга.
Ҳисоб палатасининг ваколатлари
- давлат ва хўжалик бошқаруви органларидан, маҳаллий давлат ҳокимияти органларидан, бошқа давлат органларидан ҳамда ўзга ташкилотлардан ўз ваколатларига кирувчи масалалар бўйича материаллар, маълумотлар ва тушунтиришларни сўраб олади;
- ўз зиммасига юклатилган вазифаларни амалга ошириш учун реал вақт режимида давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг, шу жумладан банкларнинг маълумотлар базасидан фойдаланади;
- Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Марказий банкидан давлат маблағларининг банк ҳисобварақларидаги ҳамда ягона ғазна ҳисобварағидаги ҳаракати тўғрисидаги маълумотларни сўраб олади;
- давлат органларини ва уларнинг вакилларини, нодавлат аудиторлик хизматларини ва айрим мутахассисларни назорат ўтказиш учун ўз ваколатлари доирасида жалб этади;
- Давлат бюджети даромадлари прогнозининг тўғрилигини баҳолаш, солиқ солинадиган базани кенгайтириш, солиқларнинг тўлиқ йиғилишини ва солиқ солиш объектларининг тўлиқ ҳисобга олинишини таъминлаш бўйича амалга ошириладиган назоратга молия, солиқ органларининг ҳамда бошқа давлат органларининг ходимларини жалб этади;
- ўз зиммасига юклатилган вазифалар ва ваколатлар доирасида дастлабки ва якуний назоратни амалга оширади;
- сиёсий партияларга молиявий ва бошқа маблағларнинг келиб тушиши ҳамда бу маблағлардан мақсадли фойдаланилиши устидан назоратни амалга оширади;
- Давлат бюджети тўғрисидаги қонун лойиҳаси ва ўрта муддатли давр учун фискал стратегия, шунингдек Давлат бюджети тўғрисидаги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни назарда тутувчи қонун лойиҳаси бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига, Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларининг лойиҳалари бўйича тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига хулоса тақдим этади;
- Ўзбекистон Республикаси республика бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг, шунингдек Қорақалпоғистон Республикаси бюджетининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларининг ижроси тўғрисидаги йиллик ҳисоботнинг ташқи аудитини ва уни баҳолашни амалга оширади;
- Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг банк ҳисобварақларидаги маблағларнинг қонуний шакллантирилганлиги, мақсадли ҳамда самарали сарфланганлиги устидан назоратни амалга оширади;
- Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси, шунингдек белгиланган тартибда ташкил қилинган бошқа жамғармалар маблағларининг шакллантирилиши ҳамда улардан фойдаланилиши устидан назоратни амалга оширади;
- Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг, унинг таркибий бўлинмалари ва муассасаларининг молия-хўжалик фаолияти устидан назоратни амалга оширади;
- назорат натижалари бўйича кўрсатмалар, тақдимномалар, таҳлилий маълумотлар ва хулосалар киритади;
- назорат ўтказиш даврида жиноят аломатларини кўрсатувчи маълумотлар, шу жумладан коррупцияга доир ҳуқуқбузарликлар аломатлари аниқланган тақдирда, тегишли материалларни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга топширади;
- назорат натижалари бўйича давлат органларининг ва бошқа ташкилотларнинг фаолияти самарадорлигини ошириш юзасидан таклифлар киритади;
- Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорлари ва топшириқлари, тўлиқ ва ўз вақтида ижро этилмаганлиги, шу жумладан уларнинг ижро этилиши жараёни тўғрисидаги ахборот «ijro.gov.uz» ахборот тизими орқали тўлиқ, ҳаққоний тарзда ва ўз вақтида тақдим этилмаганлиги, шунингдек коррупцияга қарши курашиш бўйича ички назорат тизимининг жорий этилишига ҳамда самарали фаолият кўрсатишига доир чоралар ўз вақтида амалга оширилмаганлиги учун вазирликларнинг, давлат қўмиталарининг, идораларнинг, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ва бошқа ташкилотларнинг раҳбарларини жавобгарликка тортиш тўғрисида таклифлар киритади;
- Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси билан ҳамкорликни, шу жумладан бюджет ташкилотлари, бюджетдан маблағ олувчилар, бошқа давлат органлари ҳамда ташкилотларни биргаликда назорат қилишни режалаштириш ва амалга ошириш масалалари бўйича ҳамкорликни ташкил этади;
- Ҳисоб палатаси билан олдиндан келишиб олиниши лозим бўлган барча масалалар бўйича хулоса беради;
- бюджет ва смета-штат интизомини бузганликда, шунингдек Ҳисоб палатасининг қонуний фаолиятига тўсқинлик қилганликда айбдор шахсларни белгиланган тартибда маъмурий жавобгарликка тортади;
- Ўзбекистон Республикасининг иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида давлат божи тўламасдан судга мурожаат қилишга ҳақли;
- ўз ваколатига кирадиган масалалар бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилади.
- Ҳисоб палатаси ўз фаолиятини Ҳисоб палатаси ваколатларига кирувчи масалалар устидан таъсирчан тизимли назоратни таъминлаш заруриятидан келиб чиққан ҳолда шакллантириладиган назорат ишларининг йиллик дастури асосида ташкил этади. Назорат ишларининг йиллик дастури Ҳисоб палатаси раиси томонидан тасдиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси структураси