Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 10112 марта ўқилди

Шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш ишлаб чиқувчилар томонидан шартнома, буюртмачи томонидан бериладиган лойиҳалаштириш топшириғи, бошланғич-рухсат берувчи ҳужжатлар ва муҳандислик-техник қидирувлар натижалари асосида амалга оширилади.

Шаҳарсозлик ҳужжатлари таркибига қуйидагилар киради:

1) Ўзбекистон Республикасининг ҳудудини ва ҳудудининг қисмларини ривожлантиришни режалаштириш тўғрисидаги ҳужжатлар:

  • Ўзбекистон Республикаси ҳудудида аҳолини жойлаштириш бош тарҳи;
  • Ўзбекистон Республикаси ҳудудининг икки ва ундан ортиқ вилоят ҳудудларини ўз ичига олган қисмларини ривожлантиришни режалаштириш тарҳлари (бундан буён матнда шаҳарсозлик жиҳатидан режалаштиришнинг бириктирма тарҳлари деб юритилади);
  • Ўзбекистон Республикаси ҳудудини режалаштириш тарҳи;
  • Ўзбекистон Республикаси ҳудудини ривожлантиришнинг тармоқ тарҳлари;

2) Ўзбекистон Республикасининг вилоятлари ҳудудларини ривожлантиришни режалаштириш тўғрисидаги ҳужжатлар:

  • вилоятлар ва Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудларини режалаштириш тарҳлари;
  • туманни (туманлар гуруҳларини) режалаштириш лойиҳаси;

3) аҳоли пунктларининг ҳудудларини ривожлантириш тўғрисидаги ҳужжатлар:

  • аҳоли пунктларининг бош режалари;
  • аҳоли пунктлари чегара чизиқларининг лойиҳалари;
  • аҳоли пунктлари ҳудудларини ривожлантиришнинг тармоқ тарҳлари;
  • аҳоли пунктларининг ҳудудларини шаҳарсозлик жиҳатидан ривожлантириш тарҳлари;

4) аҳоли пунктларининг ҳудудларини қуриш тўғрисидаги ҳужжатлар:

  • батафсил режалаштириш лойиҳаси;
  • қуриш лойиҳаси;

5) шаҳарсозлик фаолияти объектларининг қурилиши учун лойиҳаолди ва лойиҳа ҳужжатлари:

  • қурилишнинг техник-иқтисодий асоси;
  • қурилишнинг техник-иқтисодий ҳисоб-китоблари;
  • лойиҳа ҳужжатлари (ишчи лойиҳа, лойиҳа-смета ҳужжатлари, ишчи ҳужжатлар).

Қонун ҳужжатларига мувофиқ шаҳарсозлик ҳужжатлари таркибига шаҳарсозлик ҳужжатларининг бошқа турлари ҳам кириши мумкин.

Шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқишга доир топшириқлар келишиб олиниши лозим.

  • Шаҳарсозлик ҳужжатларини келишиб олиш муддати 1 ойдан ошмаслиги керак.
  • Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва махсус ваколатли давлат органи томонидан тасдиқланадиган шаҳарсозлик ҳужжатлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Республика архитектура-шаҳарсозлик кенгаши билан келишиб олиниши лозим.

Тасдиқланган шаҳарсозлик ҳужжатларини рўёбга чиқариш бўйича комплекс дастурлар Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ижро этувчи ҳокимият органларининг тақдимномасига кўра Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари томонидан тасдиқланади.

Давлат шаҳарсозлик кадастри:
  • муҳандислик-техник қидирувларнинг электрон геофондини;
  • ҳудудларнинг, кўчмас мулк объектларининг, муҳандислик, транспортга оид ва ижтимоий инфратузилманинг манзилли реестрларини;
  • ҳудудларни ривожлантириш ва қуришни режалаштириш тўғрисидаги тасдиқланган шаҳарсозлик ҳужжатлари ҳақидаги маълумотларни;
  • ҳудудларни ҳамда шаҳарсозлик фаолияти объектларини қуриш ва улардан фойдаланиш бўйича шаҳарсозлик регламентлари тўғрисидаги маълумотларни;
  • лойиҳалар, шаҳарсозлик фаолияти объектлари ва субъектлари тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олади.

Давлат шаҳарсозлик кадастрини юритиш махсус ваколатли давлат органи ва унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан амалга оширилади.

Chat