Суд қуйидаги ҳолларда аризани (шикоятни) кўрмасдан қолдиради, агар:
- фуқаролик ишлари бўйича суд, маъмурий суд иш юритувида айни бир шахслар ўртасидаги, айни бир предмет тўғрисидаги ва айни бир асослар бўйича низо юзасидан иш мавжуд бўлса;
- ариза (шикоят) имзоланмаган бўлса ёки уни имзолаш ҳуқуқига эга бўлмаган шахс томонидан ёхуд мансаб мавқеи ёки фамилияси, исм-шарифининг бош ҳарфлари кўрсатилмаган шахс томонидан имзоланган бўлса;
- аризачи биринчи суд мажлисига келмаган ва ишни ўзининг иштирокисиз кўрилиши тўғрисида арз қилмаган бўлса;
- аризачининг манфаатларини кўзлаб прокурор, давлат органи ва бошқа шахс томонидан арз қилинган талабдан аризачи воз кечган бўлса.
Аризани (шикоятни) кўрмасдан қолдириш тўғрисида суд ажрим чиқаради.
Суд ажримида ишда иштирок этувчи шахслар ўртасида суд харажатларини тақсимлаш тўғрисидаги, давлат божини бюджетдан қайтариш ҳақидаги масалалар ҳал қилиниши мумкин.
Ажримнинг кўчирма нусхаси ишда иштирок этувчи шахсларга юборилади.
Аризани (шикоятни) кўрмасдан қолдириш тўғрисидаги ажрим устидан шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин.
Аризани (шикоятни) кўрмасдан қолдириш учун асос бўлиб хизмат қилган ҳолатлар бартараф этилганидан кейин аризачи судга ариза (шикоят) билан умумий тартибда янгидан мурожаат қилишга ҳақли.