Озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахсларга қисқа муддатли ва узоқ муддатли учрашув ҳуқуқи берилади.
Маҳкумларга қариндошлари ёки бошқа шахслар билан муддати 4 соатгача бўлган қисқа муддатли учрашувга рухсат берилади.
Маҳкумларга яқин қариндошлари (эр, хотин, ота-оналар, болалар, ўғил (қиз) қилиб олган шахслар, ўғил (қиз) қилиб олинган шахслар, ака-укалар, опа-сингиллар, бувалар, бувилар, неваралар) билан узоқ муддатли учрашув муассаса ҳудудида ёки, ушбу Кодекснинг 114 ва 130-моддаларида назарда тутилган ҳолларда, муассаса ҳудудидан ташқарида улар билан бирга яшаш ҳуқуқи билан берилади.
Маҳкумнинг илтимосига кўра узоқ муддатли учрашув қисқа муддатли учрашувга ёки масофали видео-учрашувга ёхуд телефон орқали сўзлашувга, қисқа муддатли учрашув эса масофали видео-учрашувга ёки телефон орқали сўзлашувга алмаштирилади.
Маҳкумлар учун масофали видео-учрашувлар жазони ижро этиш муассасаси ва органи томонидан ташкил этилади. Масофали видео-учрашув ҳимояланган алоқа каналлари орқали видеоконференция тизими воситасида амалга оширилади.
Озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахслар чекланмаган миқдорда хат ва телеграммалар олишлари ҳамда жўнатишлари мумкин.
Маҳкумларга алоҳида ҳоллар (яқин қариндошининг вафоти ёки ҳаёти учун хавфли бўлган оғир касаллиги, маҳкумга ёки унинг оиласига жиддий моддий зарар етказган воқеа) муносабати билан бориш-келиш учун кетадиган вақтни (тўрт суткагача) ҳисобга олмаган ҳолда, 7 суткагача бўлган муддатга жазони ижро этиш муассасаси доирасидан четга чиқишга рухсат этилиши мумкин. Маҳкумларга Ўзбекистон Республикаси доирасида четга чиқишга рухсат этилади.