Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 43768 марта ўқилди

Ахборотлаштириш — юридик ва жисмоний шахсларнинг ахборотга бўлган эҳтиёжларини қондириш учун ахборот ресурслари, ахборот технологиялари ҳамда ахборот тизимларидан фойдаланган ҳолда шароит яратишнинг ташкилий ижтимоий-иқтисодий ва илмий-техникавий жараёни.

Ҳар ким ўзи истаган ахборотни излаш, олиш ва уни тарқатиш ҳуқуқига эга, амалдаги конституциявий тузумга қарши қаратилган ахборот ва қонун билан белгиланган бошқа чеклашлар бундан мустаснодир.

Асосий тушунчалар:
  • ахборот ресурси — ахборот тизими таркибидаги электрон шаклдаги ахборот, маълумотлар банки, маълумотлар базаси, шу жумладан ахборот тизимларида очиқ шаклда жойлаштириладиган ёхуд эълон қилинадиган аудио-, видео-, график ва матнли ахборот;
  • ахборот ресурсларининг ёки ахборот тизимларининг мулкдори — ахборот ресурсларига ёки ахборот тизимларига эгалик қилувчи, улардан фойдаланувчи ва уларни тасарруф этувчи юридик ёки жисмоний шахс;
  • ахборот ресурсларининг ёки ахборот тизимларининг эгаси — қонун билан ёки ахборот ресурсларининг, ахборот тизимларининг мулкдори томонидан белгиланган ҳуқуқлар доирасида ахборот ресурсларига ёхуд ахборот тизимларига эгалик қилувчи, улардан фойдаланувчи ва уларни тасарруф этувчи юридик ёки жисмоний шахс;
  • ахборот технологияси — ахборотни тўплаш, сақлаш, излаш, унга ишлов бериш ва уни тарқатиш учун фойдаланиладиган жами услублар, қурилмалар, усуллар ва жараёнлар;
  • ахборот тизими — ахборотни тўплаш, сақлаш, излаш, унга ишлов бериш ҳамда ундан фойдаланиш имконини берадиган, ташкилий жиҳатдан тартибга солинган жами ахборот ресурслари, ахборот технологиялари ва алоқа воситалари;
  • блогер — Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги ўз веб-сайтига ва (ёки) веб-сайт саҳифасига ҳамма эркин фойдаланиши мумкин бўлган, ижтимоий-сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва бошқа хусусиятга эга ахборотни жойлаштирувчи, шу жумладан ахборотдан фойдаланувчилар томонидан ушбу ахборотни муҳокама қилиш учун жойлаштирувчи жисмоний шахс.

Ахборотлаштириш соҳасини давлат томонидан тартибга солишни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва у махсус ваколат берган орган - Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги амалга оширади.

  • Ахборот ресурслари улардан эркин фойдаланиш тоифалари бўйича ҳамма эркин фойдаланиши мумкин бўлган ахборот ресурсларига ва эркин фойдаланилиши чеклаб қўйилган ахборот ресурсларига бўлинади.
  • Чекланмаган доирадаги фойдаланувчилар учун мўлжалланган ахборот ресурслари ҳамма эркин фойдаланиши мумкин бўлган ахборот ресурсларидир.
  • Давлат сирлари тўғрисидаги ахборотни ва махфий ахборотни ёки эркин фойдаланилиши ахборот ресурсларининг мулкдорлари томонидан чеклаб қўйилган ахборотни ўз ичига олган ахборот ресурслари эркин фойдаланилиши чеклаб қўйилган ахборот ресурсларига киради.

Ҳамма эркин фойдаланиши мумкин бўлган ахборотни Интернет жаҳон ахборот тармоғида тарқатиш

Жисмоний шахсларнинг шахсига тааллуқли маълумотлар тўғрисидаги ахборот махфий ахборот тоифасига киради.

Ахборот ресурслари ва ахборот тизимларини муҳофаза қилиш мақсадлари:
  • шахс, жамият ва давлатнинг ахборот хавфсизлигини таъминлаш;
  • ахборот ресурсларининг тарқалиб кетиши, ўғирланиши, йўқотилиши, бузиб талқин этилиши, тўсиб қўйилиши, қалбакилаштирилиши ва улардан бошқача тарзда рухсатсиз эркин фойдаланилишининг олдини олиш;
  • ахборотни йўқ қилиш, тўсиб қўйиш, ундан нусха олиш, уни бузиб талқин этишга доир рухсатсиз ҳаракатларнинг ҳамда ахборот ресурслари ва ахборот тизимларига бошқа шаклдаги аралашишларнинг олдини олиш;
  • ахборот ресурсларидаги мавжуд давлат сирлари ва махфий ахборотни сақлаш.

Ахборотлаштириш тўғрисидаги қонунчиликни бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.

Chat