Вафот этган боқувчининг қарамоғида бўлган меҳнатга қобилиятсиз оила аъзолари боқувчисини йўқотганлик пенсияси олиш ҳуқуқига эга бўлади. Бунда фарзандларга ва ушбу шахсларга пенсия улар боқувчининг қарамоғида турган-турмаганидан қатъи назар тайинланади.
- Марҳумнинг қарамоғида турмаган ота-онаси ва эри (хотини) ҳам, кейинчалик кун кечириш учун зарур маблағ манбаидан маҳрум бўлиб қолсалар, пенсия олиш ҳуқуқига эга бўладилар.
Қуйидагилар оиланинг меҳнатга қобилиятсиз аъзолари ҳисобланадилар
- болалар, ака-укалар, опа-сингиллар ва набиралар 18 ёшга тўлмаган бўлса ёки 18 ёшдан катта бўлса, агар улар 18 ёшга тўлгунига қадар ногиронлиги бор бола бўлиб қолган бўлса. Бунда башарти, агар ака-укалар, опа-сингиллар ва набираларнинг меҳнатга қобилиятли ота-онаси бўлмаса;
- ота, она, ўгай ота, ўгай она, хотин, эр, башарти, улар 7-моддада назарда тутилган пенсия ёшига тўлган ёки ногирон бўлсалар;
- ёшидан ва меҳнат қобилиятидан қатъи назар, ота ва онадан бири ёки эр (хотин) ёхуд бува, буви, ака-ука ёки опа-сингил, агар у вафот этган боқувчининг болалари, ака-укалари, опа-сингиллари ёки набираларини, ишловчиларга болага қараш учун иш ҳақи сақланмаган таътилда бўлиш ҳуқуқини берадиган ёшга тўлгунга қадар боқиш билан машғул бўлса ва ишламаса;
- бува ва буви — агар қонунга мувофиқ уларни боқиши шарт бўлган кишилар бўлмаса.
- Таълим ташкилотларининг ўқувчилари ва талабалари ўқишнинг бутун даври давомида, бироқ 23 ёшга тўлгунига қадар боқувчисини йўқотганлик пенсиясини олиш ҳуқуқига эга.
- Боқувчисини йўқотганлик пенсияси олиш ҳуқуқига эга бўлган вояга етмаган фарзандлар, улар фарзандликка олинганларида ҳам бу ҳуқуқни сақлаб қоладилар.
- Ўгай ўғил ва ўгай қиз, агар улар ота-оналаридан алимент олмаган бўлсалар, ҳақиқий фарзандлар сингари пенсия олиш ҳуқуқига эгадирлар.
- Ўгай ота ва ўгай она, агар вафот этган ўгай ўғилни (қизни) 18 ёшга тўлгунга қадар камида 5 йил тарбиялаган ёки боққан бўлсалар, ҳақиқий ота ва она сингари пенсия олиш ҳуқуқига эга бўладилар.
Ушбу тартиб вафот этганлар оилаларига тааллуқли ҳамма қоидалари бедарак йўқолганларнинг оилаларига ҳам, агар боқувчининг бедарак йўқолганлиги белгиланган тартибда тасдиқланган бўлса, тегишли равишда жорий қилинади.
Боқувчининг пенсия олиш ҳуқуқини берувчи иш стажи
- Меҳнатда майибланганлик ёки касб касаллигига чалинганлик оқибатида вафот этган боқувчининг оиласига, шунингдек марҳум пенсионернинг оиласига пенсия боқувчининг иш стажидан қатъи назар тайинланади.
- Агар, боқувчи вафот этган кунга қадар унга ногиронлик пенсияси тайинланиши учун зарур иш стажига эга бўлган бўлса, умумий касаллик ёки иш билан боғлиқ бўлмаган майибланиш оқибатида вафот этган боқувчисини йўқотганлик пенсияси тайинланади.
- Умумий касаллик оқибатида вафот этган ҳамда ногиронлик пенсиясини тайинлаш учун етарлича иш стажига эга бўлмаган боқувчисини йўқотган оила аъзоларига пенсия боқувчининг бор стажига мутаносиб равишдаги миқдорда тайинланади.
Боқувчининг оила аъзоларига пенсиядан улуш ажратиб бериш
- Оиланинг пенсия олиш ҳуқуқига эга бўлган барча аъзоларига битта умумий пенсия тайинланади.
- Оила аъзосининг талаби билан унинг пенсиядаги улуши ажратилиб, алоҳида тўланади.
- Пенсиядан улуш ажратиб бериш пенсияни бўлиш тўғрисида ариза тушган ойдан кейинги ойнинг биринчи кунидан бошлаб амалга оширилади.
Боқувчисини йўқотганлик пенсияси миқдори
Пенсиянинг бошланғич миқдори қуйидагича белгиланади:
- боқувчисини йўқотганлик пенсияси учун оиланинг ҳар бир меҳнатга лаёқатсиз аъзосига — пенсияни ҳисоблаш учун қабул қилинадиган ўртача ойлик иш ҳақининг 30 фоизи миқдорида, бироқ ёшга доир энг кам пенсиянинг 50 фоизидан кам эмас;
- ҳар иккала ота-онасини йўқотган болаларга (чин етимларга) боқувчисини йўқотганлик пенсияси учун ёки вафот этган ёлғиз онанинг болаларига ҳар бир бола учун — пенсияни ҳисоблаш учун қабул қилинадиган ўртача ойлик иш ҳақининг 30 фоизи, бироқ ёшга доир энг кам пенсиянинг 100 фоизидан кам эмас.
Вафот этган пенсионернинг оила аъзосига боқувчисини йўқотганлик пенсияси миқдори вафот этган пенсионер (боқувчи)нинг пенсиясини ҳисоблаш учун қабул қилинган иш ҳақидан ҳисоблаб чиқилади.
Боқувчи ногиронлик пенсияси олувчи ҳисобланган ва пенсия тайинлангандан кейин меҳнат фаолиятини амалга оширган ҳолларда боқувчисини йўқотганлик пенсиясини тайинлашни сўраб мурожаат қилган вафот этган боқувчи оила аъзосининг хоҳишига кўра ногиронлик пенсияси тайинлангандан кейин эга бўлинган иш стажи боқувчисини йўқотганлик пенсиясини ҳисоблаб чиқишда ҳисобга олинади. Талаб қилинадиган иш стажи боқувчи вафот этган кунда унинг ёши бўйича аниқланади.
Бунда кўрсатиб ўтилган иш стажи учун олинган иш ҳақи иш ҳақи таркибига киритилади, агар боқувчи ёшга доир пенсия олса ва пенсия тайинлангандан кейин ишни давом эттирса пенсия тайинлангандан кейин иш стажи ва иш ҳақи ҳисобга олинмайди.
Тўлиқ давлат таъминотида турган болаларга боқувчисини йўқотганлик пенсияси тўлаш
- Чин етим болаларга тўлиқ давлат таъминотида турган даврида базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 фоизида миқдорида пенсия тўланади.
- Ота-онасининг биридан ажралган ва тўлиқ давлат таъминотида турган болаларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 фоизида миқдорида пенсия тўланади.
- Шу даврдаги тўланиши лозим бўлган пенсия пули боланинг номига тижорат банкида очилган депозит ҳисобварағига ўтказиб қўйилади.
Пенсия тайинлаш ҳақида мурожаат қилиш
- Пенсия тайинлаш тўғрисидаги ариза пенсия олиш ҳуқуқига эга бўлган шахс томонидан унинг яшаш жойидаги Пенсия жамғармаси бўлимига берилади.
- Ходимга ва унинг оила аъзоларига боқувчисини йўқотганлик пенсияси тайинланган тақдирда пенсия тайинлаш тўғрисидаги ариза ходимнинг ёки вафот этган боқувчининг охирги иш жойи бўйича ташкилотнинг маъмурияти орқали ариза берувчининг яшаш жойи бўйича Пенсия жамғармаси бўлимига берилиши мумкин.
- Пенсия тайинланадиган шахс балоғатга етмаган ёки ҳуқуқий муомалага лаёқатсиз бўлган тақдирда, ариза унинг ота-онаси ёки васийси томонидан уларнинг яшаш жойи орқали берилади.
Пенсия тайинлашда тақдим этиладиган ҳужжатлар
Боқувчисини йўқотганлик пенсиясини тайинлашни сўраб мурожаат қилган шахснинг аризасига қуйидаги ҳужжатлар илова қилиниши керак:
- оила аъзосининг вафот этган боқувчи билан қариндошлик муносабатларини тасдиқловчи ҳужжатлар (суд органлари ёки хорижий давлатлар мансабдор шахсларининг маълумотномаси);
- боқувчининг бедарак йўқолганлиги тўғрисида суднинг қарори нусхаси;
- вафот этган боқувчининг иш стажини, шу жумладан, махсус иш стажини тасдиқлайдиган ҳужжат;
- вафот этган боқувчининг иш ҳақи тўғрисидаги маълумотнома.
Бундан ташқари, зарур ҳолларда қуйидагилар тақдим этилади:
- вафот этган боқувчининг 18 — 23 ёшдаги меҳнатга лаёқатсиз оила аъзоси Ўзбекистон Республикасининг ташқарисидаги таълим ташкилотининг ўқувчиси ёки талабаси ҳисобланиши тўғрисидаги маълумотнома;
- бахтсиз ҳодиса ва соғлиқнинг ишлаб чиқаришда бошқа шикастланиши тўғрисидаги ҳужжат ёки агар боқувчининг вафоти меҳнатда майибланиш оқибатида содир бўлган бўлса — бошқа расмий ҳужжат ва бошқалар.
Пенсия тайинлаш муддатлари
- Боқувчисини йўқотганлик пенсиялари пенсия олиш ҳуқуқи пайдо бўлган кундан бошлаб
- 6 ойдан кечикмай мурожаат этилса, боқувчи вафоти кунидан бошлаб тайинланади.
- 60 ёшли эркаклар ва 55 ёшга тўлган аёлларга пенсия умрбод тайинланади.
- 6 ойлик муддат ўтказиб юборилган тақдирда мурожаат этилган кундан тайинланади.
- Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига мурожаат қилиш учун қуйидаги ҳаволага ўтинг ёки "1140" ишонч телефонларига қўнғироқ қилинг.
- Ўзбекистон Республикаси Халқ банкига мурожаат қилиш учун қуйидаги ҳаволага ўтинг ёки "1106" ишонч телефонларига қўнғироқ қилинг.
Ҳаётий мисол
Савол: Г. исмли шахс оилада фақат отаси ишлагани ва у иш жойида меҳнатда майибланиш оқибатида вафот этгани, боқувчисини йўқотганлик пенсиясини тайинлаш ҳақидаги ариза қайси идорага ва қанча муддатда тақдим этиши лозимлиги юзасидан тушунтириш беришни сўради.
Жавоб: Ушбу ҳолатда пенсия тайинлаш тўғрисидаги ариза тўғридан-тўғри яшаш жойдаги Пенсия жамғармаси бўлимига ёки вафот этган боқувчининг охирги иш жойи бўйича ташкилотнинг маъмурияти орқали ариза берувчининг яшаш жойи бўйича Пенсия жамғармаси бўлимига берилади. Пенсия тайинлашни сўраб пенсия олиш ҳуқуқи пайдо бўлган кундан бошлаб исталган вақтда, бирор муддат билан чекланмаган ҳолда мурожаат этиш мумкин.