Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 29852 марта ўқилди

Маълумотноманинг мазмуни

Маълумотнома оиланинг Ижтимоий реестрга киритилганлигини тасдиқлайди. У оилага қонунчиликда назарда тутилган ижтимоий хизматлар, ёрдамлар, имтиёзлар ва давлат хизматлари бўйича чегирмалардан фойдаланиш учун тақдим этилиши мумкин.

Маълумотнома оила Ижтимоий реестрга киритилганидан кейин оиланинг муомалага лаёқатли аъзоси мурожаати асосида берилади.

Маълумотнома оилани Ижтимоий реестрга киритиш учун асос эмас. У Реестрга киритиш тўғрисида қарор қабул қилинганидан кейин оиланинг амалдаги мақомини тасдиқлайди.

Ижтимоий реестрдаги оила тоифалари

Ижтимоий реестрга киритилган оилалар автоматик равишда қуйидаги тоифалардан бирига ажратилади:

  • «давлат таъминотидаги оила» — оила аъзолари меҳнатга лаёқатсиз ёки меҳнат қилиш имконияти чекланган ва ҳар бир аъзога тўғри келадиган ўртача ойлик даромад минимал истеъмол харажатларидан кам бўлган оилалар;
  • «камбағал оила» — меҳнатга лаёқатли аъзолари мавжуд, аммо ҳар бир аъзога тўғри келадиган ўртача ойлик даромади минимал истеъмол харажатларидан кам бўлган оилалар;
  • «камбағаллик чегарасидаги оила» — ҳар бир аъзога тўғри келадиган ўртача ойлик даромади минимал истеъмол харажатларининг бир бараваридан бир ярим бараваригача бўлган белгиланган оилалар.

Оиланинг тоифаси унинг даромадлари, мол-мулки, бандлиги, оила таркиби ва ижтимоий ҳолати ҳақидаги электрон маълумотлар асосида белгиланади.

Мурожаат қилиш ва маълумотнома олиш

Ижтимоий реестрга киритиш учун мурожаат:

  • Ягона интерактив давлат хизматлари портали;
  • «Ижтимоий карта» мобил иловаси;
  • «Ягона миллий ижтимоий ҳимоя» ахборот тизими орқали берилиши мумкин.

Фуқаро мурожаатни расмийлаштиришда қийналса, яшаш жойидаги «Инсон» ижтимоий хизматлар маркази ёки ижтимоий ходимга мурожаат қилиши мумкин.

Оила Реестрга киритилганидан кейин маълумотнома ЯИДХП орқали электрон шаклда олинади. Маълумотнома Реестрдаги жорий маълумотлар асосида шакллантирилади.

Оилани Ижтимоий реестрга киритиш ва Реестрни юритиш билан боғлиқ давлат хизматлари бепул амалга оширилади.

Мақомнинг ўзгариши

Реестрга киритилган оилаларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳолати электрон маълумотлар асосида ҳар ойда қайта баҳолаб борилади.

Саволнома:

  • «давлат таъминотидаги оила» тоифаси учун — ҳар 12 ойда;
  • «камбағал оила» тоифаси учун — ҳар 6 ойда қайта тўлдирилади.

Оила тоифаси ўзгарса ёки оила Реестрдан чиқарилса, ариза берувчига СМС-хабар юборилади. Шу сабабли маълумотнома Реестрдаги амалдаги мақомга мувофиқ қайта олиниши лозим.

Шикоят қилиш тартиби

Оилани Реестрга киритиш рад этилса, тоифа нотўғри белгиланса ёки маълумотларда хато бўлса, манфаатдор шахс:

  • «Инсон» ижтимоий хизматлар маркази ёки Давлат хизматлари маркази орқали;
  • ЯИДХП;
  • «Ижтимоий карта» мобил иловаси орқали туман ёки шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги апелляция кенгашига шикоят қилиши мумкин.

Шикоят, умумий қоидага кўра, 15 кун ичида, алоҳида ҳолларда эса 30 кунгача бўлган муддатда кўриб чиқилади. Апелляция кенгашига мурожаат қилиш юқори турувчи орган ёки судга бевосита мурожаат қилиш ҳуқуқини чекламайди.

Chat