Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 20695 марта ўқилди

Васиятноманинг мазмуни

Васиятнома — фуқаронинг ўзига тегишли мол-мулкни ёки унга бўлган ҳуқуқни вафот этганидан кейин тасарруф этишга оид хоҳиш-иродасидир.

Васият қилувчи:

  • барча мол-мулкини ёки унинг муайян қисмини;
  • қонун бўйича меросхўр бўлган ёки бўлмаган шахсларга;
  • бир ёки бир нечта жисмоний шахсга;
  • юридик шахсга;
  • давлатга ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органига васият қилиши мумкин.

У қонун бўйича меросхўрлардан бирини, бир нечтасини ёки барчасини сабабини тушунтирмасдан меросдан маҳрум қилишга ҳақли. Бунда меросдан мажбурий улуш олиш ҳуқуқи сақланиб қолади.

Васиятнома шахсан тузилади

Васиятнома васият қилувчи томонидан шахсан тузилиши шарт. Уни вакил ёки ишончнома берилган шахс орқали тузишга йўл қўйилмайди.

Васиятнома матни васият қилувчи томонидан ёзилиши ёки унинг сўзларидан нотариус томонидан тайёрланиши мумкин. Имзолашдан олдин васият қилувчи матнни тўлиқ ўқиб чиқади.

Агар у жисмоний нуқсони, касаллиги ёки саводсизлиги сабабли матнни ўқий олмаса, нотариус матнни унга ўқиб эшиттиради ва бу ҳақда васиятномада қайд этилади.

Мол-мулк ҳужжатлари талаб қилинмайди

Васиятномани тасдиқлашда васият қилувчидан васият қилинаётган мол-мулкка бўлган ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этиш талаб қилинмайди.

Васият қилувчи васиятнома тузилаётган пайтда ҳали унга тегишли бўлмаган мол-мулкни ҳам васият қилиши мумкин. Агар мерос очилган пайтда ушбу мол-мулк унга тегишли бўлса, фармойиш амал қилади.

Нотариусга васият қилувчининг шахсини аниқлаш учун ID-карта, паспорт ёки қонунчиликда тан олинган бошқа ҳужжат ҳамда меросхўрлар ҳақида уларни аниқ идентификация қилиш имконини берувчи маълумотлар тақдим этилади.

Махфий васиятнома

Васият қилувчининг хоҳишига кўра нотариус васиятномани унинг мазмуни билан танишмасдан махфий васиятнома сифатида тасдиқлаши мумкин.

Махфий васиятнома:

  • васият қилувчининг ўз қўли билан ёзилиши ва имзоланиши;
  • унинг Ф.И.О.си тўлиқ кўрсатилиши;
  • икки гувоҳ ва нотариус иштирокида хатжилдга солиниб елимланиши керак.

Муҳим! Махфий васиятнома белгиланган шаклга риоя қилинмаган ҳолда тузилса, уни ҳақиқий эмас деб топиш хавфи мавжуд.

Мажбурий улуш

Васиятнома эркинлиги вояга етмаган ёки меҳнатга қобилиятсиз болалар, меҳнатга қобилиятсиз эр ёки хотин ва ота-онанинг мажбурий улуш олиш ҳуқуқини бекор қилмайди.

Улар васиятнома мазмунидан қатъи назар, қонун бўйича олиши мумкин бўлган улушининг камида ярмини олиш ҳуқуқига эга.

Ўзгартириш ва бекор қилиш

Васият қилувчи васиятномани исталган вақтда:

  • тўлиқ бекор қилиш;
  • айрим фармойишларини бекор қилиш;
  • ўзгартириш;
  • тўлдириш;
  • янги васиятнома тузиш ҳуқуқига эга.

Бунинг учун меросхўрларнинг розилиги талаб қилинмайди ва васият қилувчи ўз қарорининг сабабини тушунтиришга мажбур эмас.

Янги васиятнома аввалги васиятноманинг унга зид бўлган қисмини бекор қилади. Кейинги васиятнома бекор қилинса, аввал бекор бўлган васиятнома автоматик равишда тикланмайди.

Васиятнома сири ва тўлов

Нотариус ва васиятномани расмийлаштиришда қатнашган шахслар мерос очилгунга қадар унинг мазмуни, тузилганлиги, ўзгартирилганлиги ёки бекор қилинганлиги ҳақидаги маълумотларни ошкор қилиши мумкин эмас.

Васиятномани тасдиқлаш учун «Давлат божи тўғрисида»ги Қонунга мувофиқ БҲМнинг 5 фоизи миқдорида давлат божи ундирилади. Қонунда белгиланган имтиёзлар ва қўшимча ҳуқуқий-техник тўловлар ҳам инобатга олинади.

Васиятнома Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси ва Нотариуслар томонидан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги йўриқнома асосида расмийлаштирилади.

Chat