Cавол: Я. исмли шахс “Ёшлар дафтари”га киритилган ёшларни тадбиркорликка жалб қилиш бўйича қандай моддий қўллаб-қувватлашлар мавжудлиги ҳақида тушунтириш беришни сўраган.
Жавоб: Ҳозирда «Ёшлар дафтари»га киритилган ёшларни тадбиркорликка жалб қилиш бўйича қуйидаги турдаги моддий қўллаб-қувватлашлар мавжуд:
тадбиркорлик фаолиятини бошлаш учун бино ва иншоотларни ижарага олган ёш тадбиркорларга бир йиллик ижара харажатларининг 30 фоизи, бироқ БҲМнинг 25 бараваригача бўлган миқдори компенсация қилинади;
“Бир миллион дастурчи” лойиҳаси доирасида ёшларга компьютер харидлари учун БҲМнинг 25 бараваридан кўп бўлмаган миқдорда истеъмол кредитлари ажратилади;
хусусий корхона ва ташкилотларга ишга қабул қилинган ёшларни қайта тайёрлов курсларида ўқитиш билан боғлиқ бўлган харажатларнинг БҲМнинг 4 бараваригача бўлган қисми компенсация қилинади;
тадбиркорлик фаолиятини бошлаш ва ўзини ўзи банд қилишга зарур бўлган асбоб-ускуналар ва меҳнат қуролларини харид қилиш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 40 бараваридан кўп бўлмаган миқдорда «Ёшлар дафтари» жамғармалари ҳисобидан субсидия ажратилади;
ёшларни тадбиркорликка ва касб-ҳунарга ўқитиш бўйича нодавлат таълим ташкилотларига сарфланган харажатларининг 75 фоизигача қисми қопланади. Бунда ёшларни тадбиркорликка ўқитиш харажатларининг ҳар бир битирувчига БҲМнинг 4 бараваридан ортиқ бўлмаган қисми, касб-ҳунарга ўқитиш учун сарфланган харажатларнинг бир ойгача, бир ойдан икки ойгача, икки ойдан ортиқ муддатли ўқув курслари учун тегишлича БҲМнинг 4, 8, 12 бараваридан кўп бўлмаган қисми қопланади;
уруғлик ва кўчатлар сотиб олиш учун БҲМнинг 8 бараваригача миқдорда субсидия ажратилади;
«Микрокредитбанк» акциядорлик тижорат банки томонидан ёшларга ўз бизнесини ташкил этиш учун 33 миллион сўмгача бўлган миқдордаги микрокредитлар таъминотсиз ажратилади;
микрофирма ва кичик корхона таъсис этган шахсларга учинчи шахс кафиллиги, суғурта полислари, кредит ҳисобига сотиб олинаётган мол-мулклар гарови, Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармасининг кафиллиги ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа таъминот турлари асосида 225 миллион сўмгача миқдорда микрокредитлар ажратилади.
Кредитларнинг фоиз ставкаси Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг асосий ставкасида белгиланади.