Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 18585 марта ўқилди

Оилада тарбияланиш устуворлиги

Давлат боланинг ўз оиласида яшашига тўсқинлик қилаётган сабабларни бартараф этиш, оилага ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатиш ҳамда оиладан ажратилган болани имкони борича тезроқ оиласига қайтариш чораларини кўради.

Ногиронлиги бўлган ёки алоҳида таълим ва парваришга эҳтиёжи мавжуд болани тарбиялаётган оилага ижтимоий, моддий, психологик ва маслаҳат ёрдами кўрсатилиши мумкин.

Болани оиладан ажратиш ва ихтисослаштирилган муассасага жойлаштириш фақат унинг манфаатларини бошқа усулда таъминлаш имкони бўлмаган ҳолда қўлланиладиган охирги чора ҳисобланади.

Болани қариндошлари оиласига жойлаштириш

Ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болани тарбиялашга қодир қариндошлари мавжуд бўлса, уларга устуворлик берилади.

Бунда қариндошнинг:

  • болани тарбиялаш имконияти;
  • турмуш ва таъминот шароити;
  • соғлиғи ва шахсий фазилатлари;
  • бола билан муносабати ўрганилади.

Боланинг ёши, етуклик даражаси ва фикри ҳам инобатга олиниши керак.

Муқобил жойлаштириш шакллари

Оиласига қайтариш имкони бўлмаган бола қуйидаги шаклларда жойлаштирилиши мумкин:

  • васийлик ёки ҳомийлик;
  • фарзандликка олиш;
  • тутинган (фостер) оила;
  • оилага тарбияга олиш — патронат;
  • оилавий болалар уйи;
  • қонунчиликда белгиланган бошқа шакллар.

Ихтисослаштирилган тарбия муассасасига жойлаштириш якуний чора сифатида қўлланилади.

Боланинг ҳолатини баҳолаш, унга мақбул жойлаштириш шаклини танлаш ва жойлаштирилганидан кейинги мониторинг туман ёки шаҳар «Инсон» ижтимоий хизматлар маркази томонидан амалга оширилади.

Муқобил жойлаштиришнинг барча шаклларида биринчи навбатда боланинг энг устун манфаатлари таъминланиши шарт.

Тартиб «Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонун ва Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 27 декабрдаги 893-сон қарорида белгиланган.

Chat