Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 13258 марта ўқилди

Ота-оналик ҳуқуқларини амалга ошириш

Вояга етмаган ота-она:

  • ўз боласи билан бирга яшаш;
  • унинг тарбиясида иштирок этиш;
  • боласи билан мулоқот қилиш;
  • боланинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш;
  • ўзининг оналиги ёки оталигини умумий асосларда эътироф этиш ёки унга эътироз билдириш ҳуқуқига эга.

Ўзаро никоҳда бўлмаган вояга етмаган ота-она бола туғилган ва уларнинг оналиги ёки оталиги белгиланган тақдирда, 16 ёшга тўлгач ота-оналик ҳуқуқларини мустақил равишда амалга ошириши мумкин.

Вояга етмаганлик шахсни ота-оналик ҳуқуқларидан маҳрум қилмайди. Боланинг манфаатлари билан боғлиқ ҳар қандай қарорда, энг аввало, боланинг энг устун манфаатлари ҳисобга олиниши шарт.

Ота-она 16 ёшга тўлмаган бўлса

Вояга етмаган ота-она 16 ёшга тўлгунга қадар болани у билан биргаликда тарбиялаш учун болага васий тайинланиши мумкин.

Васийнинг тайинланиши:

  • вояга етмаган ота-онани боласидан ажратишни англатмайди;
  • унинг оналик ёки оталик мақомини бекор қилмайди;
  • болани парваришлаш, тарбиялаш ва унинг ҳуқуқларини таъминлашга ёрдам беришга қаратилган.

Боланинг васийси билан вояга етмаган ота-она ўртасида келишмовчилик келиб чиқса, масала васийлик ва ҳомийлик органи томонидан боланинг манфаатларидан келиб чиқиб ҳал этилади. Вояга етмаганларга нисбатан васийлик ва ҳомийлик соҳасидаги ишлар ҳудудий «Инсон» ижтимоий хизматлар марказлари иштирокида амалга оширилади.

Ота-оналик мажбуриятлари

Вояга етмаган ота-она ҳам:

  • боланинг соғлиғи ва хавфсизлигини таъминлаши;
  • уни тарбиялаши ва таълим олишига кўмаклашиши;
  • боланинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиши;
  • имконияти доирасида болага моддий таъминот бериши шарт.

Ота-онанинг ёши кичиклиги болани таъминлаш мажбуриятини автоматик равишда бекор қилмайди. Бироқ алимент ва бошқа мажбуриятларни ҳал қилишда ота-онанинг ёши, даромади ва бошқа аҳамиятли ҳолатлар ҳисобга олинади.

Chat