Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 6396 марта ўқилди

Вояга етмаган болалар қонунда белгиланган тартибда хусусий мулк эгаси бўлиш ҳуқуқига эгадирлар.

Вояга етмаган болаларнинг қонунда белгиланган тартибда ҳадя, мерос тариқасида олган мол-мулки, шунингдек шахсий меҳнати ва тадбиркорлик фаолияти натижасида орттирган мол-мулки уларнинг хусусий мулки ҳисобланади.

Вояга етмаганларнинг тадбиркорлик фаолиятига қўшган маблағи ва ундан орттирган даромади, агар бола билан ота-она ёки оиланинг бошқа аъзолари ўртасида бошқача тартибни белгиловчи шартнома бўлмаса, вояга етмаганларнинг хусусий мулки ҳисобланади.

Вояга етмаганларнинг шахсий фойдаланишидаги буюмлари (кийим-кечак, пойабзал, ишлаб чиқариш қуроллари, ўқув анжомлари ва бошқалар) уларнинг хусусий мулки ҳисобланади.

Хусусий мулк дахлсиз ва давлат томонидан мухофаза қилинади.

Мулкдордан фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда мулки олиб қўйилиши мумкин:

Мол-мулкни мулкдордан олиб қўйиш

Мол-мулкни мулкдордан олиб қўйишга қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда мулкдорнинг мажбуриятлари бўйича ундирув ана шу мол-мулкка қаратилган тақдирда, шунингдек национализация қилиш, реквизиция ва мусодара қилиш тартибида йўл қўйилади.

Агар қонунга асосан шахсга тегишли бўла олмайдиган мол-мулк унинг мулки бўлиб қолса, ушбу мол-мулкка нисбатан мулк ҳуқуқи суд тартибида бекор қилиниб, олиб қўйилган мол-мулкнинг қиймати шахсга тўланади.

Национализация

Национализация — фуқароларга ҳамда юридик шахсларга қарашли национализация қилинаётган мол-мулкка нисбатан мулк ҳуқуқини ҳақ тўлаш асосида қонунга мувофиқ давлат ихтиёрига ўтказишдан иборат.

Мазкур мол-мулк кейинчалик денационализация қилинган тақдирда, агар қонун ҳужжатларида ўзгача тартиб белгилаб қўйилган бўлмаса, собиқ мулкдорлар ушбу мол-мулкнинг қайтариб берилишини талаб қилишга ҳақлидирлар.

Реквизиция

Табиий офатлар, авариялар, эпидемиялар, эпизоотиялар юз берган тақдирда ва фавқулодда тусдаги бошқа вазиятларда мол-мулк жамият манфаатларини кўзлаб, давлат ҳокимияти органи қарорига мувофиқ мулкдордан унга мол-мулкнинг қийматини тўлаган ҳолда қонунчиликда белгиланган тартибда ва шартлар асосида олиб қўйилиши мумкин (реквизиция).

Реквизиция ўтказилишига сабаб бўлган вазиятларнинг амал қилиши тўхтаганидан кейин реквизиция қилинган мол-мулкнинг собиқ эгаси сақланиб қолган мол-мулкни ўзига қайтариб беришни талаб қилишга ҳақли.

Мусодара

Қонунда назарда тутилган ҳолларда мол-мулк суднинг қарорига мувофиқ жиноят ёки ўзга ҳуқуқбузарлик қилганлик учун ҳақ тўламасдан мулкдордан олиб қўйилиши мумкин (мусодара).

Chat