Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 4615 марта ўқилди

18 ёшга тўлмаган шахсларнинг жиноятлари тўғрисидаги ишларни, шунингдек фуқароларнинг шахсий ҳаёти ҳақидаги маълумотларни ёки уларнинг шаъни ва қадр-қимматини камситадиган маълумотларни ошкор қилмаслик мақсадида ҳамда жабрланувчининг, гувоҳнинг ёки ишда иштирок этувчи бошқа шахсларнинг, худди шунингдек улар оила аъзоларининг ёки яқин қариндошларининг хавфсизлигини таъминлаш тақозо этилган ҳолларда бошқа ишларни суд ажрими билан ёпиқ суд мажлисида кўришга йўл қўйилади.

Ишни ёпиқ суд мажлисида кўриш барча процессуал қоидаларга риоя қилган ҳолда амалга оширилади. Ишни ёпиқ мажлисда кўриш тўғрисидаги суднинг ажрими буткул муҳокамага нисбатан ёки унинг алоҳида қисмларига нисбатан чиқарилиши мумкин. Бу ажрим суд мажлисига йиғилганларга тааллуқли бўлиб, жиноят процесси иштирокчиларига нисбатан татбиқ этилмайди.

Ёпиқ суд мажлисида видеоконференцалоқа тизимидан фойдаланишга йўл қўйилмайди, бундай мажлисни аудио- ва видеоёзувга олиш эса амалга оширилмайди. Суд судланувчининг ва жабрланувчининг яқин қариндошларини, шунингдек бошқа шахсларни ёпиқ мажлисларда текшириладиган ҳолатлар тўғрисидаги маълумотларни ошкор қилганлик учун жавобгарлик ҳақида огоҳлантириб, уларнинг бу мажлисларда ҳозир бўлишига рухсат беришга ҳақли.

Суднинг қонуний кучга кирган қарорлари жиноят процесси иштирокчиларининг розилиги билан ёки шахсини кўрсатмаган тарзда суднинг расмий веб-сайтида эълон қилиниши мумкин, бундан ёпиқ суд мажлисларида кўрилган ишлар бўйича суд қарорлари мустасно.

Chat