Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 25092 марта ўқилди

Конвенциянинг мақсади

Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенция БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 1979 йил 18 декабрда қабул қилинган.

Ўзбекистон Конвенцияга Олий Мажлиснинг 1995 йил 6 майдаги 87-I-сон қарори асосида қўшилган. Конвенция Ўзбекистон учун 1995 йил 18 августда кучга кирган.

Конвенция хотин-қизларнинг сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий, фуқаролик ва оилавий ҳуқуқлардан эркаклар билан тенг фойдаланишини таъминлашга қаратилган.

Камситишнинг мазмуни

Жинс белгисига асосланган ва хотин-қизларнинг ҳуқуқларини тан олиш, улардан фойдаланиш ёки уларни амалга ошириш имкониятини чеклайдиган ҳар қандай фарқлаш, истисно ёки чеклов камситиш ҳисобланади.

Камситиш:

  • қонун ёки расмий қарорда бевосита белгиланиши;
  • барчага бир хил қоида кўринишида бўлиб, амалда хотин-қизларни ноқулай ҳолатга солиши;
  • давлат органи, ташкилот, иш берувчи ёки жисмоний шахс ҳаракатида намоён бўлиши мумкин.

Конвенция фақат қонунлардаги тенгликни эмас, хотин-қизларнинг амалда ҳам тенг натижа ва имкониятларга эга бўлишини талаб қилади.

Конвенция қамраб оладиган соҳалар

Конвенция хотин-қизларнинг:

  • сайлаш, сайланиш ва давлат бошқарувида иштирок этиш;
  • халқаро миқёсда давлат номидан вакиллик қилиш;
  • фуқароликни олиш, ўзгартириш ва сақлаб қолиш;
  • таълим ва касбий тайёргарликдан тенг фойдаланиш;
  • ишлаш, касб танлаш ва тенг аҳамиятли меҳнат учун тенг ҳақ олиш;
  • тиббий ва репродуктив саломатлик хизматларидан фойдаланиш;
  • кредит, ижтимоий таъминот ва бошқа иқтисодий имкониятларга эга бўлиш;
  • никоҳ тузиш, турмуш ўртоғини танлаш ва оилавий муносабатларда тенг ҳуқуқли бўлишини кафолатлашга қаратилган.

Қишлоқ жойларда яшовчи хотин-қизларнинг меҳнат, тиббий хизмат, таълим, ижтимоий таъминот ва инфратузилмага бўлган эҳтиёжлари алоҳида ҳисобга олиниши лозим.

Давлатнинг мажбуриятлари ва мониторинг

Иштирокчи давлат камситувчи қонунлар ва амалиётларни бекор қилиши, ҳуқуқий ҳимоя механизмларини яратиши ҳамда давлат органлари ва хусусий шахслар томонидан камситишнинг олдини олиши керак.

Давлатлар Конвенцияни амалга ошириш бўйича кўрилган чоралар ҳақида CEDAW қўмитасига даврий маърузалар тақдим этади. Қўмита маърузаларни кўриб чиқиб, давлатга тавсиялар беради.

Ўзбекистонда асосий миллий кафолатлар «Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида»ги Қонунда белгиланган.

Камситишга учраган шахс ваколатли давлат органига, юқори турувчи ташкилотга ёки судга мурожаат қилиши мумкин. Мурожаатга қарорлар, ёзишмалар, аудио-видео материаллар ва бошқа далилларни илова қилиш мақсадга мувофиқ.

Chat