Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 15540 марта ўқилди

Стратегиянинг мақоми

2030 йилга қадар Ўзбекистон Республикасида гендер тенгликка эришиш стратегияси Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2021 йил 28 майдаги СҚ-297-IV-сон қарори билан тасдиқланган.

Стратегия хотин-қизлар ва эркаклар учун жамият ва давлат ҳаётининг барча соҳаларида тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлашга қаратилган узоқ муддатли давлат сиёсати ҳужжатидир.

Муҳим: Стратегия фақат хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш дастури эмас. У хотин-қизлар ва эркакларнинг ҳуқуқлари, ресурслардан фойдаланиши, қарорлар қабул қилишдаги иштироки ва ривожланиш имкониятларида ҳақиқий тенгликка эришишни назарда тутади.

Стратегиянинг асосий йўналишлари

Стратегия қуйидаги соҳаларни қамраб олади:

  • сайлов ҳуқуқларини амалга ошириш ва сиёсий жараёнларда иштирок этиш;
  • давлат хизмати ва раҳбарлик лавозимларида тенг имкониятлар;
  • таълим, илм-фан, спорт ва соғлиқни сақлаш;
  • бандлик, тадбиркорлик, мулк ва молиявий ресурслардан фойдаланиш;
  • тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олиш;
  • оилавий муносабатлар ва болалар тарбияси;
  • гендер жиҳатларни ҳисобга олган ҳолда бюджетлаштириш;
  • ишончли гендер статистикасини юритиш.

Стратегияда бевосита ва билвосита камситишни бартараф этиш, гендер стереотипларини камайтириш, хотин-қизларнинг раҳбарлик ва қарор қабул қилиш жараёнларидаги иштирокини ошириш ҳамда тенг меҳнат шароитларини яратиш вазифалари белгиланган.

2026 йилда амалга ошириладиган чоралар

Стратегия ҳар йили тасдиқланадиган алоҳида дастурлар асосида амалга оширилади. Сенатнинг 2026 йил 6 февралдаги СҚ-245-V-сон қарори билан 2026 йил учун комплекс чора-тадбирлар дастури тасдиқланган.

Унда, жумладан:

  • иш жойидаги зўравонлик ва шаҳвоний шилқимликка қарши чораларни такомиллаштириш;
  • давлат харидларига гендер тенглик талабларини интеграция қилиш;
  • рақамли зўравонликка қарши чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш;
  • хотин-қизларнинг раҳбарлик ва сиёсий жараёнлардаги иштирокини ошириш;
  • корхоналарда ишга қабул қилиш ва лавозимга тайинлашда тенг имкониятларни таъминлаш;
  • гендерга оид аудит ва статистика тизимини ривожлантириш назарда тутилган.

Амалга оширилишини назорат қилиш

Дастурнинг бажарилиши бўйича Вазирлар Маҳкамаси ҳар чоракда Сенатга таҳлилий ахборот тақдим этади. Йил якуни бўйича эса натижалар, мавжуд муаммолар ва кейинги йилга мўлжалланган чора-тадбирлар дастури лойиҳаси киритилади.

Chat