Гендер жиҳатларни ҳисобга олган ҳолда режалаштириш ва бюджетлаштириш соҳасини ривожлантириш борасидаги вазифалар
7024 марта ўқилди
Гендер жиҳатларни ҳисобга олган ҳолда режалаштириш ва бюджетлаштириш соҳасини ривожлантириш мақсадида қуйидаги тадбирлар амалга оширилади:
очиқ ва шаффоф бюджет сиёсатини амалга ошириш орқали хотин-қизлар ва эркаклар ўртасидаги тенгсизликни камайтириш, хотин-қизлар ва эркакларга манзилли давлат хизматлари кўрсатиш, уларнинг сифати ва самарадорлигини ошириш;
хотин-қизлар ва эркакларга мўлжалланган ресурслар ҳамда хизматларни тақсимлаш бўйича олдиндан аниқланган мақсадларга кўра давлат маблағларидан самаралироқ фойдаланишни рағбатлантириш;
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва маҳаллий бюджет лойиҳаларини, ишлаб чиқиш жараёнида гендер жиҳатларни ҳисобга олган ҳолда уларни гендер экспертизасидан ўтказиш, «Гендерга йўналтирилган бюджетлаштириш»ни режалаштириш ҳамда уни бюджетлаштириш жараёнларига босқичма-босқич жорий этиш;
Давлат бюджети ва маҳаллий бюджетлардан гендер тенгликка эришишни ҳамда хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг имкониятларни таъминлаш мақсадида маблағлар ажратилишини таҳлил қилиб бориш;
илғор хорижий мамлакатлар тажрибасидан келиб чиққан ҳолда ҳудудлар иқтисодиётига гендер бюджетлаштиришни жорий қилишга оид индикаторларни, шунингдек давлат хизматчилари учун гендер бюджетлаштириш бўйича ўқув-услубий қўлланмалар ва тавсиялар ишлаб чиқиш;
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси ўқув дастурларини ишлаб чиқишда гендер бюджетлаштириш масалаларини ҳисобга олиш;
бюджет тизимини режалаштириш ишларига гендер ёндашувларни жорий этиш мақсадида хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлашга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқишда бюджетлар, бюджет жараёнларининг гендер таҳлилини ўтказиш;
вазирлик ва идораларнинг гендер нуқтаи назаридан режалаштириш ҳамда бюджетлаштириш бўйича салоҳиятини ошириш, бюджет масалаларига доир барча норматив-ҳуқуқий ва бошқа турдаги ҳужжатлар лойиҳаларини мажбурий гендер экспертизасидан ўтказиш амалиётини жорий этиш;
оилавий бюджет маблағларидан фойдаланишда хотин-қизлар ҳамда эркакларнинг тенглиги, жамият ҳаётининг турли соҳаларидаги хизматлардан (таълим, соғлиқни сақлаш, спорт, маданий ҳордиқ ва бошқалар) тенг фойдаланиш юзасидан аҳолининг иқтисодий билими, ҳуқуқий онги ва саводхонлигини ошириш.