Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 7883 марта ўқилди

Давлат ижтимоий буюртмаси давлат органи ва нодавлат нотижорат ташкилоти ёки фуқаролик жамиятининг бошқа институти ўртасида шартнома тузиш йўли билан социал ва ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳаларни амалга ошириш учун ишлар бажариш ёки тадбирлар ўтказишга доир давлат топшириғидан иборат бўлади.

Давлат ижтимоий буюртмаларини бериш Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондлари орқали, шунингдек давлат бошқаруви органлари томонидан амалга оширилади.

Давлат органлари ушбу Қонунда назарда тутилган ижтимоий шериклик соҳалари доирасида ўз фаолиятининг нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти бошқа институтлари қўллаб-қувватлашини талаб этадиган устувор йўналишларини белгилайди ҳамда келгуси молия йили учун давлат ижтимоий буюртмаларини бериш тўғрисида Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фондига ёки Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондларига буюртмалар юборади. Буюртмада давлат органи фаолиятининг устувор йўналишлари, ишлар бажариш ёки тадбирлар ўтказишга доир топшириқнинг мақсадлари, вазифалари ва шартлари кўрсатилади.

  • Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди ёки Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондлари давлат ижтимоий буюртмаларини бериш бўйича танлов ташкил этади, нодавлат нотижорат ташкилотларидан ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларидан тушган таклифларни умумлаштиради ҳамда уларни тегишинча Парламент комиссиясига, жамоат комиссияларига киритади.

Парламент комиссияси ёки жамоат комиссиялари тегишинча Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондлари томонидан тақдим этилган ҳужжатларни ўрганиб чиқиб, давлат ижтимоий буюртмаларини беришнинг мақсадга мувофиқлиги ва уларнинг ҳажмлари тўғрисида белгиланган тартибда қарор қабул қилади, давлат буюртмачиларининг рўйхатини ва кўрсатилган маблағларни ажратиш режалаштирилаётган фаолият йўналишларини оммавий ахборот воситаларида эълон қилади.

Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари давлат ижтимоий буюртмалари лойиҳаларини ишлаб чиқади ҳамда уларни кўриб чиқиш учун тегишинча Парламент комиссиясига, жамоат комиссияларига тақдим этади.

Давлат ижтимоий буюртмаси берилаётганда давлат ижтимоий буюртмасини бериш тўғрисида буюртма юборган давлат органи ва нодавлат нотижорат ташкилоти ёки фуқаролик жамиятининг бошқа институти ўртасида шартнома тузилади.

Давлат органлари Парламент комиссияси, жамоат комиссиялари томонидан қўллаб-қувватланган давлат ижтимоий буюртмалари лойиҳаларини бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан қўшимча молиялаштиришни амалга ошириши мумкин. Бунда қўшимча молиялаштириш миқдори умумий молиялаштириш суммасининг 20 фоизидан ошмаслиги лозим.

Давлат ижтимоий буюртмасини бериш тартиби ва шартлари Парламент комиссияси томонидан белгиланади.

Chat