Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 13795 марта ўқилди

Лойиҳа-смета ҳужжатларини келишиш бўйича давлат хизматлари

  • Регламент юридик ва жисмоний шахслар ёки уларнинг буюртмасига (шартномага) мувофиқ лойиҳа ташкилотлари томонидан берилган сўровномага асосан ер майдони ҳажмидан қатъи назар, барча турдаги бинолар, иншоотлар, якка тартибдаги уй-жойлар, кўп квартирали уйлар, сув таъминоти, канализация ва оқова сувларни тозалаш тизимлари, гидротехника иншоотлари ва бошқа объектларнинг лойиҳа-смета ҳужжатларининг архитектура қисмини кўриб чиқиш ва келишиш тартибини белгилайди.          

Лойиҳа-смета ҳужжатлари тегишли лицензияси бўлган лойиҳа ташкилоти томонидан ишлаб чиқилади. Лойиҳа-смета ҳужжатларида бино ва иншоот ҳамда якка тартибдаги уй-жойнинг умумий майдони (квадрат метр) кўрсатилиши керак.


Икки қаватдан юқори бўлмаган (цоколни ҳисобга олмаган ҳолда), баландлиги ер юзасидан 12 метрдан ва (ёки) умумий майдони 500 квадрат метрдан ортиқ бўлмаган якка тартибдаги уй-жойлар ва 300 метр кубдан ортиқ бўлмаган нотурар бино ва иншоотларни қуриш ҳамда реконструкция қилиш лойиҳа-смета ҳужжатларини экспертизадан ўтказиш ва қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекцияларидан рўйхатдан ўтказиш талаб этилмайди.

  • Лойиҳа-смета ҳужжатларини келишмасдан бино-иншоотларни қуриш ва реконструкция қилиш тақиқланади.

Якка тартибдаги уй-жойларни қуриш лойиҳа-смета ҳужжатлари қуйидагилардан иборат бўлади
  1. ер усти (уй-жой қурилиши учун янги ажратилган ер участкалари учун — ер ости муҳандислик коммуникациялари акс эттирилган) ер участкаси тарҳи;
  2. якка тартибдаги уй-жойнинг пойдеворлари, ертўлалари, қаватлари, уларнинг қирқимлари ва бинонинг олд томони тарҳлари;
  3. молиявий смета ҳисоб-китоби (кредит олишга эҳтиёж бўлган тақдирда).

Бино ва иншоотларнинг лойиҳа-смета ҳужжатларининг архитектурага оид қисмида бино ва иншоотнинг жойлашиши акс эттирилган лойиҳа режаси, рангли фасадлари, қаватлар режалари, қирқимлари, қурилиш объектининг бош режаси бўлади.

Лойиҳа-смета ҳужжатлари
  • Қорақалпоғистон Республикаси Қурилиш вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар қурилиш бош бошқармалари ҳузуридаги ҳудудий архитектура-шаҳарсозлик кенгашлари томонидан — тарихий зоналарда, маданий ёдгорликларни қўриқлаш зоналарида, Тошкент, Нукус шаҳарлари ва вилоят марказларида қуриладиган объектларнинг ҳамда давлат объектлари бўйича беш иш куни мобайнида;
  • Қорақалпоғистон Республикаси Қурилиш вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар қурилиш бош бошқармалари томонидан — икки қаватдан юқори (цоколни ҳисобга олмаган ҳолда), баландлиги ер юзасидан 12 метрдан ва (ёки) умумий майдони 500 квадрат метрдан ортиқ бўлган якка тартибдаги уй-жойлар ва 300 метр кубдан ортиқ бўлган нотурар бино ва иншоотлар бўйича уч иш куни мобайнида;
  • туман (шаҳар) қурилиш бўлимлари томонидан — икки қаватдан юқори бўлмаган (цоколни ҳисобга олмаган ҳолда), баландлиги ер юзасидан 12 метрдан ва (ёки) умумий майдони 500 квадрат метрдан ортиқ бўлмаган якка тартибдаги уй-жойлар ва 300 метр кубдан ортиқ бўлмаган нотурар бино ва иншоотлар бўйича уч иш куни мобайнида кўриб чиқилади ва келишилади.

Давлат хизматлари кўрсатиш тартиби
  1. Ариза берувчилар лойиҳа-смета ҳужжатларини келишиш учун Давлат хизматлари марказларига ўзи келиб мурожаат этади ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари порталида (ЯИДХП) давлат хизматидан электрон шаклда фойдаланиш учун рўйхатдан ўтади.
  2. Лойиҳа-смета ҳужжатларини келишиш учун аризалар ЯИДХП орқали дам олиш ва байрам кунларидан қатъий назар, ҳар куни 24 соат давомида юборилиши мумкин. Бунда аризалар иш вақтидан кейин ёки дам олиш ва байрам кунлари тушганда навбатдаги иш куни аризаларнинг ваколатли органга тушган ва қабул қилинган кун ҳисобланади.
  3. Ўзи келиб мурожаат этган тақдирда, Давлат хизматлари маркази ходими ариза берувчи номидан, ЯИДХП орқали мурожаат этган тақдирда эса — ариза берувчи мустақил равишда иловада келтирилган шакл бўйича давлат хизматидан фойдаланиш учун сўровномани электрон шаклда тўлдиради.
  4. Сўровномага лойиҳа-смета ҳужжатларининг электрон кўринишдаги эскиз лойиҳаси PDF ёки JPEG форматда илова қилинади.

Ариза берувчилардан юқорида кўрсатилмаган маълумотларни ҳамда бошқа ҳужжатларни талаб қилиш тақиқланади.


  • Ариза берувчи зарур маълумотларни сўровномага киритгандан сўнг уни ўз ЭРИ билан тасдиқлайди.
  • Ўзи келиб мурожаат этган тақдирда, сўровномани ЭРИ билан тасдиқлаш имконияти бўлмаган ҳолларда тегишли имзоларни идентификация қилишнинг бошқа воситалари (дактилоскопия, электрон имзо ва бошқалар) билан сўровнома тасдиқланиши мумкин.

Давлат хизматлари кўрсатиш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 фоизи миқдорида йиғим ундирилади.

Қуйидагилар давлат хизмати кўрсатишни рад этиш учун асос ҳисобланади
  1. сўровномада нотўғри маълумотлар кўрсатилиши;
  2. давлат хизмати кўрсатиш учун йиғимни тўламаслик;
  3. тегишли лицензияга эга бўлмасдан лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилганлиги;
  4. зарур ҳолларда бино ва иншоот қисмлари рангининг атрофдаги бино ва иншоотлар архитектура кўринишига ва табиий ландшафт архитектурасига уйғунлаштирилмаганлиги;
  5. бино ва иншоот қисмларидаги яхлит ранглар ва шакллар (парапет, пилястр, дераза, эшик ва ҳоказо) мазкур бино ва иншоотларнинг функционал вазифасига ёки умумий архитектура кўринишига мос келмаслиги.
  • Давлат хизматлари кўрсатишни бошқа асослар бўйича рад этиш тақиқланади.

Хулоса берувчилар, ваколатли орган, Кенгашлар ҳамда туман (шаҳар) қурилиш бўлимлари томонидан рад этиш норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг ёки шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларининг номи, унинг қисми, банди, кичик банди ёки хатбошисига асосланган бўлиши талаб этилади.

  • Ариза берувчилар лойиҳа-смета ҳужжатларини келишиш рад этилгандан кейин ўн кун мобайнида давлат хизмати кўрсатиш учун йиғимни тўламасдан лойиҳа-смета ҳужжатларини келишиш учун қайта мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.

Ариза берувчилар томонидан лойиҳа-смета ҳужжатларини келишишни рад этиш учун асос бўлган сабаблар бартараф этилганда такроран келишиш:

  1. Кенгашлар томонидан беш иш кунида;
  2. ваколатли орган ҳамда туман (шаҳар) қурилиш бўлимлари томонидан икки иш кунида амалга оширилади.


  • Лойиҳа-смета ҳужжатларини келишиш схемаси
Chat