Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 11116 марта ўқилди

2022 йил 1 июлдан бошлаб касаначиликни меҳнат шартномаси билан бир қаторда ишларни бажариш, товарлар ишлаб чиқариш ёки хизматлар кўрсатиш ҳақидаги фуқаролик-ҳуқуқий шартномалар, шу жумладан пудрат шартномаси асосида ташкил этишга рухсат берилди.

Белгиландики, 2022 йил 1 июлдан 2025 йил 1 январга қадар:
  • касаначиларга жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи касаначиликдан олинадиган жами даромадни 50 фоизга, бироқ ҳисобот даври (бир ой)да кўпи билан 1 миллион сўмгача камайтирган ҳолда ҳисобланади;
  • касаначилар ижтимоий солиқ тўловини ўзини ўзи банд қилган шахслар учун белгиланган тартибда амалга оширади;
  • жамоат ишлари жамғармаси маблағлари ҳисобидан рўйхати 1-иловада белгиланган олис ва чекка ҳудудлардаги маҳаллаларда касаначиликни ташкил этган тадбиркорлик субъектларига ҳар бир касаначининг дастлабки 3 ой давомидаги касаначилик фаолияти учун бир ойлик ўртача даромади миқдорида бир марталик субсидия ажратилади.

2022 йил 1 июлдан 2025 йил 1 январга қадар Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси ҳисобидан тадбиркорлик субъектларига «Темир дафтар», «Аёллар дафтари», «Ёшлар дафтари»га киритилган ёки «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри»да бўлган ва касаначилик билан шуғулланаётган фуқароларга асбоб-ускуналар харид қилиб бериш харажатларининг 50 фоизгача бўлган қисми, бироқ базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 бараваригача миқдорида субсидия ажратилади.

Бунда, субсидия тадбиркорлик субъекти ва туман (шаҳар) аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари ўртасида тузиладиган қуйидаги шартларни назарда тутувчи ижтимоий контрактга асосан ажратилади:
  • тадбиркорлик субъекти томонидан касаначига буюртма берилаётган иш турига қараб, субсидия ҳисобига харид қилинган асбоб-ускуналар касаначига бепул берилади;
  • туман (шаҳар) аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича туман (шаҳар) ҳокими ёрдамчилари билан биргаликда касаначиларнинг иш фаолияти самарадорлигини доимий тарзда мониторинг қилади ҳамда фойдаланилмаётган асбоб-ускуналарга ажратилган субсидияларни қайтариб олади.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги иш берувчиларнинг буюртмаси асосида касаначиларни «Ишга марҳамат» мономарказлари, туман (шаҳар) касб-ҳунарга ўқитиш марказлари ва маҳалла аҳолисини касб-ҳунарга ўқитиш масканларида ўқитишни ташкил этади.

Бунда:
  • маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича туман (шаҳар) ҳокими ёрдамчилари ва туман (шаҳар) аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази ходимлари касаначилик орқали фуқароларни ишга олиш истагида бўлган тадбиркорларни аниқлайди ва фаолият йўналиши кесимида уларнинг рўйхатини шакллантиради;
  • туман (шаҳар) аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази ходимлари тадбиркорлар томонидан таклиф этилаётган касаначилик фаолияти билан шуғулланиш учун касблар рўйхатини шакллантиради;
  • касаначиларни ўқитиш харажатлари Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади;
  • касаначилик билан шуғулланмоқчи бўлган ишсиз шахслар «Ишга марҳамат» мономарказлари, касб-ҳунарга ўқитиш марказлари ва маҳалла аҳолисини касб-ҳунарга ўқитиш масканларида талаб этиладиган касбларга ўқитилади.

2023 йил 1 январдан бошлаб нодавлат таълим муассасаларида давлат буюртмаси асосида иш билан банд бўлмаган фуқароларни касаначилик йўналишида касбга ўқитишнинг тартиби жорий этилмоқда.

Унга кўра:
  • Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги «Ишга марҳамат» мономарказлари ҳузуридаги малакани баҳолаш марказлари касбий малака талабларини ишлаб чиқади ва салоҳиятли таълим муассасаларига давлат буюртмасини беради;
  • ўқув курсларини тугатган фуқароларнинг билим даражаси малакани баҳолаш марказлари томонидан аниқланади ва шу асосда уларга малака сертификатлари берилади;
  • малака сертификатини олган фуқароларга меҳнат фаолиятини бошлаши учун ўқиш харажатларига тенг миқдорда малакани баҳолаш марказлари томонидан субсидиялар берилади.

Chat