Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 18513 марта ўқилди

Ўзбекистон Республикасида сиёсий бошпана ўзининг фуқаролиги бўйича мансуб давлатда ёки доимий яшаш жойида ижтимоий-сиёсий фаолияти, диний эътиқоди, ирқий ёки миллий мансублиги учун таъқиб қилинаётган ёки таъқиб қилишнинг жабрланувчиси бўлишига реал таҳдиддан, шунингдек халқаро ҳуқуқ нормаларида назарда тутилган инсон ҳуқуқлари бузилишининг бошқа ҳолатларидан бошпана ва ҳимоя излаётган шахсларга ва уларнинг оила аъзоларига берилади.

  • Ўзбекистон Республикасида сиёсий бошпана берилган шахс ва унинг оила аъзолари Ўзбекистон Республикаси ҳудудида Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатлари ва халқаро шартномаларида белгиланган Ўзбекистон Республикасида доимий яшаётган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликлардан фойдаланади ҳамда мажбуриятларга эга бўлади.

Ҳужжатларни топшириш

Сиёсий бошпана қидираётган шахс вақтинча прописка расмийлаштирилгандан кейин ёхуд ўзи фуқароси бўлган ёки доимий яшайдиган давлатга қайтиш имкониятини бермайдиган ҳолатлар вужудга келган пайтдан бошлаб етти кун ичида ўзи турган жой бўйича ҳудудий ички ишлар органларига қуйидаги ҳужжатлар билан шахсан мурожаат қилиши керак:

  1. Ўзбекистон Республикасининг Президенти номига  Ўзбекистондан сиёсий бошпана сўрашга сабаб бўлган ҳолатлар баён этилган ҳолдаги  илтимоснома. 18 ёшга тўлмаган шахсга Ўзбекистон Республикасида сиёсий бошпана бериш тўғрисидаги илтимоснома туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома нусхаси билан биргаликда унинг ота-онаси ёки бошқа қонуний вакиллари томонидан берилади. 14 ёшдан 18 саккиз ёшгача бўлган вояга етмаганларга ота-онаси ёки бошқа қонуний вакиллари илтимосномасига уларнинг нотариал тасдиқланган ёзма розилиги ҳам илова қилиниши лозим.
  2. анкета-ариза – 2 та нусхада;
  3. таржимаи ҳол – 2 та нусхада;
  4. 3,5 х 4,5 ўлчамли 4 та фотосурат;
  5. Ўзбекистон Республикасининг тиббий муассасаларидан олинган тиббий маълумотнома;
  6. шахсни тасдиқловчи ҳужжатнинг нусхаси илова қилинади.

Илтимосномага ушбу масалага тааллуқли бўлган бошқа ҳужжатлар ҳам илова қилиниши мумкин.

Илтимосномани кўриб чиқиш
  • Илтимоснома кўриб чиқилиши даврида мурожаат этган шахсга маълумотнома берилади. Илтимоснома бўйича қарор қабул қилинганидан сўнг маълумотнома уни берган орган томонидан олиб қўйилади.
  • Маълумотномани расмийлаштиришда ҳудудий ички ишлар органлари томонидан илтимоснома берувчининг бармоқ излари ва рақамли сурати чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар биометрик маълумотлар базасига киритиш учун олинади.
  • Маълумотнома олган шахс мақоми бўйича тегишли равишда Ўзбекистон Республикасида вақтинча яшаётган чет эл фуқаролари ёки фуқаролиги бўлмаган шахсларга тенглаштирилади.

Илтимосномани кўриб чиқиш муддатлари
  • Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда Давлат хавфсизлик хизматида илтимосномани кўриб чиқишнинг умумий муддати 1 йилдан ошмаслиги лозим.
  • Илтимоснома берувчи шахс Ўзбекистон Республикасида сиёсий бошпана бериш тўғрисидаги масала ҳал қилингунга қадар 1 ойда камида икки марта (ҳар икки ҳафтада 1 марталик даврийликда) ҳудудий ички ишлар органларида қайд қилиниб борилади. Мазкур тартибга риоя этилмаган тақдирда ҳудудий ички ишлар органлари ҳолатларга аниқлик киритилгунига қадар материаллар расмийлаштирилишини тўхтатиб туради.
  • Илтимосномани кўриб чиқиш жараёнида сиёсий бошпана беришга тўсқинлик қилувчи асослар мавжудлиги аниқланганда, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги илтимосномани кўриб чиқиш мақсадга мувофиқ эмаслиги тўғрисида хулоса тайёрлайди ва бу ҳақда илтимоснома берган шахсга қарор қабул қилинганидан кейин 7 кун ичида хабар беради.

Илтимоснома кўриб чиқилганлиги учун йиғим ундирилмайди.

Сиёсий бошпана беришни рад этиш
  • Ўзбекистон Республикасида жиноят деб тан олинадиган ҳаракат (ҳаракатсизлик) учун тақиб қилинаётган бўлса ёки Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг асосий мақсад ва принципларига зид ҳаракатлар содир этишда айбдор бўлса;
  • айбланувчи сифатида ишда иштирок этишга жалб қилинган ёки унга нисбатан қонуний кучга кирган ва Ўзбекистон Республикасида ижро этилиши лозим бўлган суднинг айблов ҳукми мавжуд бўлса;
  • таъқиб қилиниш хавфи бўлмаган учинчи давлатдан келган бўлса;
  • у таъқиб қилинмаётган учинчи давлатнинг фуқаролигига эга бўлса;
  • била туриб ёлғон маълумотлар берган бўлса;
  • иқтисодий, экологик ёки ижтимоий сабабларга кўра, шунингдек, табиий ва техноген хусусиятдаги фавқулодда вазиятлар муносабати билан фуқаролиги бўйича мансуб давлатга ёки доимий яшайдиган давлатига қайтиш имкониятига эга бўлмаса ёки қайтишни хоҳламаса, Ўзбекистон Республикасида сиёсий бошпана берилмайди.

► Илтимоснома рад этилган тақдирда шахсга қабул қилинган қарор ҳақида хабар берилади ва уни Ўзбекистон Республикасида бўлиши чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Ўзбекистон Республикасида бўлиши тўғрисидаги қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади.

► Сиёсий бошпана бериш тўғрисидаги илтимосномаси рад қилинган шахс илтимоснома рад қилинган пайтдан бошлаб бир йилдан кейин такроран мурожаат этиш ҳуқуқига эга.

Сиёсий бошпанани йўқотиш

Шахс  қуйидаги ҳолларда берилган сиёсий бошпанани йўқотади:

  • фуқаролиги бўйича мансуб давлатга ёки доимий яшайдиган давлатга ўз ихтиёри билан қайтганда;
  • бошқа давлатга доимий яшаш учун чиқишда;
  • Ўзбекистон Республикаси ҳудудида сиёсий бошпанадан ўз ихтиёри билан воз кечганда;
  • Ўзбекистон Республикасининг ёки бошқа давлатнинг фуқаролигини олганда.

► Шахсга Ўзбекистон Республикасида берилган сиёсий бошпана миллий хавфсизлик нуқтаи назаридан, шунингдек, агар, шахс Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг асосий мақсад ва тамойилларига зид келувчи фаолият билан шуғулланаётган бўлса ёхуд у жиноят содир этган ва унга нисбатан суднинг қонуний кучга кирган ва ижро этилиши шарт бўлган айблов ҳукми мавжуд бўлса, йўқотилиши мумкин.

► Шахснинг Ўзбекистон Республикасида берилган сиёсий бошпанаси Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Фуқаролик масалалари бўйича комиссияси таклифи бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли фармони имзоланган кундан бошлаб йўқотилади.


Илтимоснома кўриб чиқилиши даврида мурожаат этган шахсга мазкур иловага мувофиқ шаклдаги маълумотнома берилади

Chat