Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 8872 марта ўқилди

Божхона мақсадлари нмалардан иборат? 

Божхона мақсадлари қуйидагилардан иборат:

  • божхона чегараси орқали товарлар ва транспорт воситаларини олиб ўтиш, товарларни ташиш, сақлаш ва қайта ишлашда божхона тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилишини таъминлаш;
  • божхона тўловлари ўз вақтида ва тўғри тўланишини таъминлаш;
  • иқтисодий сиёсат чораларига, божхона режимларининг талаблари ва шартларига риоя этилишини таъминлаш;
  • божхона тўғрисидаги қонунчиликни бузиш ҳолларига чек қўйиш ва уларнинг олдини олиш.

Божхона тўловлари турлари қандай?

Товарларни божхона чегараси орқали олиб ўтишда ва бошқа ҳолларда божхона тўловлари тўланади.

Божхона тўловлари турлари:

  • божхона божи;
  • қўшилган қиймат солиғи;
  • акциз солиғи;
  • божхона йиғимлари.

Қонун ҳужжатларида бошқа божхона тўловлари ҳам белгиланиши мумкин.

Божхона божларининг ва солиқларнинг ставкалари Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгиланади

Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан чиқиб кетаётган жисмоний шахслар учун божхона қоидалари қандай?

Агар Сиз Ўзбекистон Республикасидан чиқиб кетаётган бўлсангиз, шуни ёдда тутинг-ки, жисмоний шахсларга умумий қиймати 5 минг АҚШ долларидан кўп бўлмаган товарларни божхона декларацияси тақдим этмасдан Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқишга рухсат этилади.

Аммо, айрим турдаги товарларни олиб чиқишнинг чекланган меъёрлари мавжуд.  Жумладан, гуруч – 3 кг.гача, нон маҳсулотлари – 5 кг.гача, гўшт ва гўшт маҳсулотлари, шакар ва ўсимлик ёғи – 2 кг.гача, шунингдек янги мева-сабзавот маҳсулотлари, узум, полиз, дуккакли экинлар, шунингдек, қуритилган сабзавот ва мевалардан 40 кг.гача олиб чиқиш мумкин.

Унутманг! Гиёҳвандлик воситалар, психотроп моддалар ва прекурсорлар, озонни бузувчи моддалар ва таркибида улар мавжуд бўлган маҳсулотлар, маданий бойликлар, ўқотар қурол ва патронлар, ёввойи ўсимликлар, уларнинг қисмлари, мевалари, уруғлари ва ботаника коллекциялари, ёввойи ҳайвонлар, уларнинг қисмлари, зоология коллекциялари, ҳаёт фаолияти маҳсулотлари, ўлжалар, тулумлари, экологик хавфли маҳсулотлар ва чиқиндиларини олиб чиқишда ваколатли органларнинг тегишли рухсатномалари талаб этилади.

Жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистон Республикасининг нақд валютасини ва чет эл нақд валютасини Ўзбекистон Республикасига олиб кириш чекловларсиз амалга оширилади.

Жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистон Республикасининг нақд валютасини ва чет эл нақд валютасини Ўзбекистон Республикасидан ташқарига олиб чиқиш юз миллион сўм эквивалентдан ортиқ бўлмаган суммада амалга оширилади. Нақд валютани белгиланган эквивалентдан ортиқ суммада олиб чиқиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибга мувофиқ амалга оширилади.

Юридик шахслар томонидан Ўзбекистон Республикасининг нақд валютасини ва чет эл нақд валютасини Ўзбекистон Республикасига олиб кириш ҳамда Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқиш тақиқланади, бундан Ўзбекистон Республикаси банклари мустасно.

Агар Сиз божхона қоидалари ҳақида тўлиқ маълумотга эга бўлмасангиз, у ҳолда чегара-божхона постида хизмат олиб бораётган божхона ходимларига мурожаат қилишингиз мумкин.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кириб келаётган жисмоний шахслар учун божхона қоидалари қандай?

Агар Сиз Ўзбекистон Республикасига кириб келаётган бўлсангиз, қуйидаги божхона қоидаларини албатта ёдда тутинг!

Агар Сиз республикамизга халқаро аэропортлар орқали кириб келаётган бўлсангиз, 2000 АҚШ доллари, темир йўл ва дарё ўтказиш пунктлари орқали кириб келаётган бўлсангиз 1000 АҚШ доллари ҳамда автомобилда ёки пиёда равишда кириб келаётган бўлсангиз, 300 АҚШ доллари эквиваленти миқдоридаги товарларни божсиз олиб киришингиз мумкин!  

Бунда уларни йўловчи божхона декларациясида кўрсатиш талаб этилмайди.

Аммо, айрим турдаги товарларни божсиз олиб киришнинг чекланган меъёрлари мавжуд. Хусусан, Ўзбекистон Республикасига алкоголь маҳсулотлари, шу жумладан пиво – 2 литргача, барча турдаги тамаки маҳсулотлари – 10 қутигача, атир ва атирсимон суюқликлар – 3 донагача, қимматбаҳо металл ва қимматбаҳо тошлардан ясалган заргарлик буюмлари – 65 гр.гача олиб кириш мумкин.

Жисмоний шахслар томонидан автотранспорт воситаларни олиб ўтиш тартиби қандай?

Ўзбекистон Республикаси Божхона кодексининг 62-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг юридик ва жисмоний шахслари томонидан олиб кириладиган автотранспорт воситаларини (бундан халқаро юк ташишни амалга ошириш, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларида ва халқаро шартномаларида белгиланган ҳоллар мустасно) вақтинча олиб киришга рухсат этилмайди.

Ўзбекистон Республикасининг жисмоний шахслари божхона ҳудудидан ташқарида ўзларига нотижорат мақсадларда транспорт воситаларини хорижий давлатда вақтинча бўлиш муддатига вақтинча олиб чиқишга ҳақли.

Жисмоний шахслар томонидан олиб келинган автотранспорт воситаларнинг божхона расмийлаштируви фаолият ҳудудида жойлашган ТИФ божхона постида амалга оширилади.

Автотранспорт воситаларининг божхона расмийлаштирувида давлат божхона хизмати органларига Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 20 июлдаги “Экспорт-импорт операцияларини амалга оширишда давлат божхона хизмати органларига тақдим этиладиган ҳужжатлар рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида”ги 197-сонли қарорига асосан ҳужжатлар тақдим этилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2009 йил 22 декабрдаги ПҚ-1245-сонли қарорига асосан янги импорт автомобиллари билан чакана савдо фақат юридик шахслар - ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг расмий дилерлари томонидан амалга оширилади.

Божхона чегарасидан олиб ўтилаётган хорижий автотранспорт воситаларини божхона расмийлаштирувида ўтказиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2010 йил 19 ноябрда 2156-сон билан рўйхатга олинган “Божхона чегарасидан олиб ўтилаётган автотранспорт воситаларини божхона расмийлаштирувидан ўтказиш тартиби тўғрисида”ги Низом асосида амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Божхона кодексининг 159-моддасига мувофиқ чет эллик жисмоний шахслар томонидан нотижорат мақсадларда вақтинча олиб кирилган транспорт воситасининг божхона ҳудудида туришининг умумий муддати календарь йил мобайнида жами тўқсон календарь кундан ошмаслиги лозим.

Бунда транспорт воситасини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган йиғимни тўлаган ҳолда юқорида кўрсатилган муддатдан ортиқроқ муддатга вақтинча олиб киришга йўл қўйилади.

Йиғим ундирилгунига қадар транспорт воситаси божхона органлари томонидан белгиланадиган жойларда вақтинча сақланиши лозим.

Мазкур йиғим қуйидаги ҳолларда тўланмайди:

  • божхона органлари томонидан белгиланадиган жойларда вақтинча сақлаш даври учун;
  •  агар вақтинча олиб кирилган транспорт воситаси хатланган, мусодара қилинган, авария ёки енгиб бўлмас куч таъсири оқибатида фойдаланиш учун яроқсиз ҳолга келиб қолган ва бу ваколатли орган томонидан тасдиқланган бўлса.

Chat